Дунё тарихида бирорта уруш режадагидек бўлмаган. Бирор давлатнинг уруш бошидаги ва охиридаги мақсадлари айни чиқмаган. Уруш ўз сўзи билан уруш. Вазиятга қараб манфаатлар ва мақсадлар ўзгариб бораверади. Хатто, илоҳий амр билан урушга чиқилган набавий воқеалар ҳам (гарчи илоҳий илм уни азалдан қамраб олган бўлсада), одамларнинг уруш вақтидаги ҳатти-ҳаракатларини олдиндан башорат қилиб бўлмаслигини кўрсатади. Шунинг учун ҳам, ҳамма нарса тугаб бўлгандан кейин, уни қандайдир масонларнинг режасига йўйиш тўғри бўлмайди. Агар масонлар ҳам, бошқалар ҳам ваҳмимиздагидек қудратли бўлганида улар ўз режасини амалга ошириш учун минглаб йиллар бор эди. Унутманг, муқаддас битикларда Ғор эгалари, Зулқарнайн, Ухдуд эгалари, Фил соҳиблари каби нубувватдан холи бўлган даврларнинг қиссалари келтирилади. Биргина Ухдуд эгаларининг қиссасидаги йигитнинг тақдирига назар солсангиз, унинг ҳар бир сонияси илоҳий режа ва синов асосида бўлаётганини кўрасиз. Бугун ҳам қиссалари ёзилаётган миллионлаб тақдирлар бор. Режа фақат Уникидир. Фақатгина У истаган нарсаларгина, у хоҳлаган нарсаларгина бўлади. Гарчи душманлар режаларини ипидан-игнасигача мукаммал қилган бўлса-да, бу фақатгина "қайси биримизнинг амалимиз яхшироқ эканини синаш учун" бўлаётган бўлади, холос.