УЧ САВОЛГА УЧ ЖАВОБ
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурларига уч киши ёш йигитни олиб келди. Улардан бири:
– Эй мўминларнинг амири, бу йигит отамизни ўлдирди, хун олишни истаймиз, – деди.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) йигитдан нега ўлдирганини сўради. Йигит:
– Мен туя боқувчиман. Туяларимдан бири уларнинг боғига кириб, экинларини еди. Буларнинг отаси уни тош билан уриб ўлдирди. Сўнг мен ҳам тошни олдим-да, отасига отдим. У ҳам ўлди, – деди.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ундан хун олишини айтди.
Йигит:
– Уч кун муҳлат беринг, отам яқинда вафот этди. Меросини тақсимлаб келай... – деди.
– Ким сенга кафил бўлади? – сўради мўминлар амири.
Йигит атрофдаги йиғилган одамларга назар солди.
– Мана шу киши менга кафил бўлади, – деб Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)ни кўрсатди.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу):
– Эй Абу Зарр, сен бу йигитга кафил бўласанми? – деди.
– Ҳа, мўминларнинг амири, – деди Абу Зарр (розияллоҳу анҳу).
– Сен бу йигитни танимайсан. Агар қочиб кетса, хунини сендан оламиз, – деди мўминлар амири.
– Мен кафилман! – деди Абу Зарр.
Йигит кетди. Бир кун, икки кун, учинчи кун ҳам ўта бошлади. Одамлар унинг хунини Абу Заррдан олинишидан хавотирга тушишди.
Учинчи кун кечга яқин йигит ҳаллослаганича мўминлар амирининг ҳузурларига кирди.
– Елкамдаги омонатни эгаларига топширдим. Энди ихтиёрингиздаман... – деди.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳайратланиб:
– Қочиб кетиш имконинг бўла туриб нега қайтдинг? – деб сўради.
– Инсонларда вафо қолмабди, деб айтишларидан қўрқдим, – деди йигит.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу):
– Бу йигитга сен нега кафил бўлдинг? – деб Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан сўради.
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу):
– Инсонларда яхшилик қолмабди деб айтишларидан қўрқдим, – деди.
Отасининг хунини олмоқчи бўлган уч киши бу сўзлардан таъсирланди ва йигитни афв этишганини айтишди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) таажжубланиб сўради:
– Нега отангизни хунидан кечдингиз?
– Инсонларда афв этиш, кечириш хислати қолмабди деб айтишларидан қўрқдик, – дейишди улар.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолога ҳамд айтдилар.
“
Умар ибн Хаттоб замонидаги ажойиб қиссалар” китобидан "Абдулҳамид қори" жоме масжиди имом-ноиби Б,Алижонов тайёрлади.
@Ezgumaqsad сари бирга бўлинг.