Муҳаммад Юсуфнинг “САЙЛАНМА” китобидан
БИР КЕЧА
Бир кеча бехосдан уйғониб кетсам,
Йиғлаб ўтирибди юрагим юм-юм.
Чўчиб турдим: сенга нима бўлди, эркам,
Нимага йиғлайсан,
Мен нима қилдим?
Ундай десам бўлмас,
Бундай десам кўнмас,
Чекдим. Чиқиб секин ҳовлини кездим.
Ҳамма юлдуз сўнди. Бир юлдуз сўнмас —
Кўзимга мўлтираб турар илк севгим.
Юлдуздан ҳам олис о, сен буюк ғам,
Бугун ўзинг йўқсан фақат ёнимда.
Ҳижрон куйин чалиб қон ўрнида ҳам
Армон айланади жони танимда.
Ўйлайман, ўйлайман, ўйларим узун,
Қўлим қисқа, севгим, бўйларим узун,
Энди сен менинг учун энг узун эртак,
Энди мени ёмон қийнар бу юрак!..
Чекаман. Тутунга тўлади хона,
Илк севгим мўралар тўрт бурчагидан.
Мен далли, юрагим мендан девона —
Ётмайман, деб йиғлар пар тўшагингда.
* * *
Мана шу — мен туғилган гўша,
Уйга етдим — ариқ ҳатладим.
Шу ерлик бир қизга ёқай деб,
Узун-узун шеърлар ёдладим...
Ёдладиму айтолмай унга,
Бағри дилим тўлди доғ билан.
Осмонларга термулиб ётдим,
Томда синглим қизғалдоқ билан.
Осмон деганлари кенг экан,
Бўйи бўйим билан тенг экан.
Бу дунёда дардингиз бўлса,
Юлдузга бахтлиман денг экан...
Ҳамма юлдуз менга мўлтирар,
Ўлсам мени савол ўлдирар.
Айвондаги қалдирғочлардек
Улар тизилишиб ўлтирар.
Қаранг, қандай бахтли боламан!
Ўйларимда гуллар ухлайди.
Кўзларимда жаранглаб кулгу
Юрагимда... йўлбарс... йиғлайди.
* * *
Ситамларинг кўпдир менга,
Ситамларинг эй, гулгун.
Кел, юзингдан ўптир менга,
Ўнг юзингдан ўптиргин...
Борсам кел, деб сен турма,
Заҳринг сочиб ўлтиргин.
Гапирма,
Гапиртирма,
Сўнг юзингдан ўптиргин.
Суймасанг суйкалиб нетай,
Бу дунёдан нолиб кетай?
Майли ўтай, Майли кетай,
Кел... кўзингдан ўптиргин!
Муҳаммад Юсуф
БИР КЕЧА
Бир кеча бехосдан уйғониб кетсам,
Йиғлаб ўтирибди юрагим юм-юм.
Чўчиб турдим: сенга нима бўлди, эркам,
Нимага йиғлайсан,
Мен нима қилдим?
Ундай десам бўлмас,
Бундай десам кўнмас,
Чекдим. Чиқиб секин ҳовлини кездим.
Ҳамма юлдуз сўнди. Бир юлдуз сўнмас —
Кўзимга мўлтираб турар илк севгим.
Юлдуздан ҳам олис о, сен буюк ғам,
Бугун ўзинг йўқсан фақат ёнимда.
Ҳижрон куйин чалиб қон ўрнида ҳам
Армон айланади жони танимда.
Ўйлайман, ўйлайман, ўйларим узун,
Қўлим қисқа, севгим, бўйларим узун,
Энди сен менинг учун энг узун эртак,
Энди мени ёмон қийнар бу юрак!..
Чекаман. Тутунга тўлади хона,
Илк севгим мўралар тўрт бурчагидан.
Мен далли, юрагим мендан девона —
Ётмайман, деб йиғлар пар тўшагингда.
* * *
Мана шу — мен туғилган гўша,
Уйга етдим — ариқ ҳатладим.
Шу ерлик бир қизга ёқай деб,
Узун-узун шеърлар ёдладим...
Ёдладиму айтолмай унга,
Бағри дилим тўлди доғ билан.
Осмонларга термулиб ётдим,
Томда синглим қизғалдоқ билан.
Осмон деганлари кенг экан,
Бўйи бўйим билан тенг экан.
Бу дунёда дардингиз бўлса,
Юлдузга бахтлиман денг экан...
Ҳамма юлдуз менга мўлтирар,
Ўлсам мени савол ўлдирар.
Айвондаги қалдирғочлардек
Улар тизилишиб ўлтирар.
Қаранг, қандай бахтли боламан!
Ўйларимда гуллар ухлайди.
Кўзларимда жаранглаб кулгу
Юрагимда... йўлбарс... йиғлайди.
* * *
Ситамларинг кўпдир менга,
Ситамларинг эй, гулгун.
Кел, юзингдан ўптир менга,
Ўнг юзингдан ўптиргин...
Борсам кел, деб сен турма,
Заҳринг сочиб ўлтиргин.
Гапирма,
Гапиртирма,
Сўнг юзингдан ўптиргин.
Суймасанг суйкалиб нетай,
Бу дунёдан нолиб кетай?
Майли ўтай, Майли кетай,
Кел... кўзингдан ўптиргин!
Муҳаммад Юсуф