ОНА ВАТАН!
Олма дарахтида, мевани тешиб ўз ҳолича яшаб юрадиган қурт, пастда, дарахт тагида, тупроқ орасида ўз кунини кўриб юрган бошқа бир қуртга қарата:
- Ҳой, менга қара, мана мен юқоридаман. Кел, бу ёққа чиқ! Нима қиласан, тупроққа беланиб? Бу ерга чиқсанг, ширин-шакар мевалар ичида яшайсан. Қара, бу ердан ҳамма ёқ кўриниб туради. Атрофнинг гўзалликларидан бирга баҳра олиб яшаймиз, чиқ, дебти. Ерда ўрмалаб юрган қурт бундай "олижаноб" таклифга хатиржамлик билан шундай жавоб берибди.
- Тўғри, сен яшаётган жой жудаям гўзал бўлиши мумкин. Тўғри, мен бир умр тупроқда яшайман. Аммо, нима қилай, Ватан экан-да. Шу тупроқ менинг Ватаним, ундан эса кечиб кетолмайман.
Тақдирга кўнаман жим,
Эй, дардимга ёт бадан!
Сенинг дўстинг билмам ким,
Менинг дўстим шу Ватан!
Бўлсин доим кўнглинг тўқ,
Бунда каму кўстим йўқ.
Менинг бошқа дўстим йўқ,
Менинг дўстим шу Ватан!
Бунда яшаш дард эмас,
Чорловларинг шарт эмас,
Дўстдан кечган мард эмас,
Менинг дўстим шу Ватан!
Лойидан пайдо таним,
Довруғи менинг шаъним.
Душманлари - душманим,
Менинг дўстим шу Ватан!
Бошимни қотирмасман,
Нафсимга шотирмасман,
Бекорга Ботирмасман,
Менинг дўстим шу Ватан!