📝Ўғил.
Ўша йили қишда отамни Марғилонга МТС парткомига котиб қилиб юборишди. Қор аралаш ёмғир ёғиб турганда занжир ғилдиракли тракторга уланган тиркаманинг очиқ платформасига юкларимизни ортиб Олтиариқдан Марғилонга кўчганимиз эсимда.
Онам, чақалоқ укам Элбурс трактор кабинасида, отам, амаким, яна бир-икки кузатувчилар очиқ платформага чиқишди. Йўлда тиркама ғилдираги ариққа тушиб юкларимиз ағдарилганини кўрганман. Ягона мебелимиз ҳисобланган шкаф уни ўзбекча қилиб ғаладон дейишарди лойга қорилгани кўз олдимда. Ғаладонни эслаб қолганим сабаби шуки, мактаб ўқитувчилари бўлган отам, онам икковлари олган ойлик маошларини унинг тортмасида сақлар эдилар.
Ким бозорга борадиган бўлса унга кўпинча, пул ғаладоннинг тортмасида, деган сўз айтилар эди. Тортма қулфланмас, шогирдлар, жиянлар керакли пулни олиб бозор қилишар экан. Ўша қишлоқча соддалик, тўғрилик, кенглик, ишонч муҳити мен эсимни таниб кўрган, билган, умрим бўйи юракда ҳавас билан асраган эзгу хотирадир.
Астойдил ният қилган эканман, йиллар ўтиб ўзим оила қурганимда хонадонимизда шундай муҳит қарор топди. Бунга мингдан минг шукрлар қиламан. Хуллас, қирқ биринчи йил охирларида қишнинг қор аралаш ёмғири остида биз Олтиариқдан Марғилонга кўчдик. Ўша лойли йўл, тунд об-ҳаво, куппа кундузги ярим қоронғилик руҳиятимда оғир таассурот қолдирган. Айниқса отамнинг шалаббо бўлган пальтоси, лой теккан юзи кўз олдимдан кетмайди. Урушдан оғир ярадор ва хаста бўлиб қайтган отам қирқ олтинчи йилда айнан ўпка шамоллаши касали билан оламдан ўтди. Ҳамма буни урушдан кўрса ҳам мен ўз гўдак хаёлимда ўрнашиб қолган ўша кўчиш воқеасидан кўраман. Отам ўшанда ўпкани совуққа олдирган деб ўйлайман. Ўйлайману ўз ўзимга савол бераман. Шундай об-ҳавода кўчиш шартмиди? Соддаликмиди, ватанпарварликмиди, ё партиявий топшириқни бажариш заруратимиди бу? Яъни халқ бошидаги азалий қулчиликнинг шакли-шамоилимиди?
Марғилон. Кенг дала баҳор чечаклари билан қопланган. Янги кўчиб келган ишчилар учун қурилган қатор ёғоч уйлардан МТС биноси кўриниб турарди.
Бир кун болалар билан ялангоёқ ўйнаб юриб у бинога бориб қолдик. Бир тўп одамлар орасида гаплашиб турган дадамни кўриб севинчим ичимга сиғмай қичқирганча унинг олдига югуриб бордим. Дадам эса мен томонга ўгирилиб, зарбба билан: Почему босяком? деди. Ўша кунгача уйда ҳам, кўчада ҳам бир оғиз русча сўз қулоғимга кирмаган эди. Табиийки, тушунмадим. Қўрқиб уйга қочдим. Ўша аччиқ зардали сўз қулоғимга ўрнашиб қолди. Болалар билан урушиб қолсам уларнинг сўкишига жавобан мен ҳам Почему босяком? деб юрганман. Ўшанда мен болакай парткомнинг ўғли ялангоёқ юрмаслиги, маданий оила фарзанди сифатида русча гаплашиши кераклигини қаёқдан билай? Почему босякомнинг маъносини тушунгунимча йиллар ўтди. Лекин ўша кунги ҳолатнинг моҳиятини англаш учун умр керак бўлди.
Анвар Обиджон.
📚ИБРАТЛИ ҲИКОЯ ВА ҲАЁТИЙ ВОҚЕАЛАР ФАҚАТ БИЗДА📚