ҲАЗРАТ НАВОИЙГА
Дилором АБДУРАҲМОН қизи
Бизни кузатиб боринг:
Telegram | Facebook | web-sayt
Эй, ким азал ишқидин сирлар ишора этган,
Эй, ким сир китобидин дурлар нишона этган –
Санъат қаламин тутиб, ишқ қасрин муҳандиси,
Ҳайрат сиёҳи бирла тархин ошкора этган.
Эй, ким дил жавҳарида дур каби товлангувчим,
Эй, ким, жаннат боғида кийиклар овлагувчим.
Ул наво гулшанида қуёш янглиғ чарақлаб,
Ҳикмат бирла ишқ майин жонимга боғлагувчим!
Заррада бутун борлиқ, қатрада дарё кўнгил,
Босган изларин нақши, кўзга тўтиё кўнгил.
Баҳру ҳикмат ғаввоси, ибодат ҳар нафаси,
Сўз мулкининг султони, пиру анбиё кўнгил.
Сўз – оламга еткувчи, қудрат деб билган Пирим,
Сўзни ақлу идрокдан, юқори кўрган Пирим.
Одам мадҳин юксакка кўтаргувчи сўз дея,
Ҳам шараф, жон ичинда жавҳар деб, турган Пирим.
Сиёҳига сув томса, олмос бўлиб тошарди,
Юз жаҳон маъно бирла кўк тоқидан ошарди,
Ишқ торидан таралса дилрабо куй-наволар,
Ҳар Лайлининг қонида минг бир малак шошарди.
Эй, ким фалак саҳнига сўз гавҳарин сочганим,
Гавҳар дўконин қуриб, дур конини очганим.
Кўҳна дунё бағрини ҳикмат бирла тўлдириб,
Маънолар денгизида жавлон уриб кечганим.
Эй, ҳикмат буржида нур, қадри баланд бўстоним,
Бутун дунё талпинар – ҳазина, сир жаҳоним.
То қиёмат сўнмагай, ўзинг жавҳарафшоним,
Ки, Навоий фазли-ла файзли турку Туроним!
Дилором АБДУРАҲМОН қизи
Бизни кузатиб боринг:
Telegram | Facebook | web-sayt