Билмасдан ўтирган эканман. Кенжа набирамнинг онасига "Қор ёғаяпти, ташқарига об чиқ!" деб бошлаган хархашасини эшитиб, деразадан қарасам, ҳақиқатан қор ёғаётган экан. Бу йилнинг биринчи қори! Видеоманзарани ўтган йили айни шу деразамдан қўл телефонимда тасвирга олиб, шеър қўйиб тақдим этган эдим.
Хуршид ДАВРОН
ҚОР ЁҒАЁТГАН ОҚШОМ
Рауф Парфи шеърига татаббуъ
Қор ёғаётган оқшом
Шаҳарни кезсанг,
Ғира-шира кўчаларни кезсанг,
қўлларингни чўнтакка тиқиб,
Қор эса эриса лабларингда жим.
Ўйласанг, олисларда қолган кимнидир,
Шу қорни ўйласанг, қалбинг энтикса.
Айниқса, ўзинг севган қизни ўйласанг,
Айниқса, ўйласанг онангни…
Қор эса тинмаса,
Тинмаса қадаминг.
Ўзинг ҳам бир қор учқунидай
Сингиб кетсанг туннинг бағрига.
Кимгадир йўл берсанг, кимгадир салом,
Аммо ўзинг билмасанг буни.
Қор эса бўралаб ёғаверса жим,
Адашсанг-да, сезмасанг адашганингни…
Шарқ юлдузи