ЭЙ ИШҚ, СЕН БОРСАНКИ...
1
Бир нигоҳ ўтидан сачраган учқун,
Тўсатдан жазиллаб ботди юракка.
Оловга бурканди олами бутун,
Оғушлаб кўтарди уни юксакка.
Ловуллаб кўк сари узалар гулхан,
Оташ қучоғида сузади бир жон.
У асир, ўзини бағишлаб бўлган,
Жиловини узиб от қўяр туғён.
Тақдир инъомими чиққан йўлига?
Лаҳзада бахш этган қувонч ва ҳажр.
Бир ҳовуч аланга олиб қўлига,
Ҳаёт ошиқади энди қайгадир...
Ёндириб боради заррама-зарра,
Чарсиллаб тўхтамас унинг овози.
Ўзини бағишлаб яна минг карра,
Янада юксалар юрак парвози...
Фалак ўз тоқида сақлайди сукут,
Ахир бундайларни кўрган бесаноқ.
Ўртада айланиб юрибди булут,
Гулдирар ҳар замон момоқалдироқ...
Шиддати ва шашти ўзгармас ахир,
Бир қиё қарашнинг ёнган ўтидан.
Умрнинг фурсати етарми охир,
Қуввати борида тушмай отидан.
Аламлар, кулфатлар келсалар-да дуч,
Ўртага раҳналар солмасми жудо?
Ҳамиша кунлар ҳам ўтмайди-ку тинч,
Йўлга чанг солмасми бир вақт алвидо...
Муҳаббат – ловуллаб ёнган аланга,
Руҳимиздай ҳарир, бебаҳо туйғу.
Сиғмай қолсак ҳамки икки оламга,
Ишқ мангу, ишқ мангу, умрбоқий у...
2
Севмоқлик мажнунваш кўнгил амридир,
Борлиғинг сеҳрига тортар бир чаман.
Ғуборсиз кўз очган нурли умридир,
Ошиқар куну тун энди у томон.
Интилиб умидга дил қоқар қанот,
Ногоҳон топгандай ғариблар малҳам.
Бу, ахир, шундайин сиру синоат,
Ҳар кимга дилини очмаган олам...
Лаблари юмилган ғунчамиди ё,
Ёмғир ҳам юзидан ҳали ўпмаган.
Кўнгилни ардоқлаб эркалар гўё,
Сендан ҳали ўзин дариғ тутмаган...
Қалбнинг хоҳишини бўлмас тўхтатиб,
Етмиш икки томир ичра титрар жон.
Шомларни кузатиб, тонгларни кутиб,
Яшайсан бағишлаб ўзинг батамом...
Унинг сояси ҳам бўлади азиз,
Нафаси ҳам хушбахт этади ҳатто.
Кўксингга ажиб ҳис босаверар юз,
Асирсан сочингдан товонгача то.
Тушларинг у билан энди овора,
Ўнгингда пайдодир ёруғ, мафтункор.
Гоҳида қошида ўйчан, бечора,
Гоҳида шерюрак ғолиб, бахтиёр...
Қимтиниб субҳидам уйғонади лаб,
Юракнинг овозин айлади изҳор.
Пойига тўшалиб бораверар қалб,
Тақдирда не бўлса, унда ихтиёр...
3
Не бахтки, сен бундай толега лойиқ,
Не бахтки, сен Мажнун муҳаббатисан.
Ахир севилмоқдан ортиқроқ бахт йўқ,
Ошиқ бир кўнгилнинг саодатисан...
Ҳали сен билмайсан тансиқ меҳрни,
Ўтажак умрингнинг севилмоғини.
Аллалаб кун бўйи сирли сеҳрни,
Юраги тўрида сақламоғини.
Энди сен тушмайсан кўнгли саҳнидан,
Эрта-кеч шу ҳисга бўлиб гирифтор.
Туйғуси кундан-кун ошиб ҳаддидан,
Ўтли соғинчлари яшар интизор...
Бу борлиқ ичида ягона орзу,
Кимгадир азизу мукаррам бўлмоқ.
Сени деб дунёда яшайверса у,
Шудир бахт кулгани, шудир севилмоқ...
4
Севиб-севилмоқлик кимга мушарраф,
Дилларни боғлаган азал чамбарчас.
Ҳаётнинг баланд-паст йўлига яраб,
Муҳаббат риштаси ўзгарган эмас.
Кўнгиллар интилиб бири-бирига,
Азал ҳам ошиқлар умид-ла боққан.
Севишган вужудлар қалби тўрига,
Яратган сўнмагай гулханлар ёққан...
Руҳияти ахир қуёшга яқин,
Тўлин ой шуъласи чирмайди бесўз.
Дарёдай кўксида тўш урар тўлқин,
Бошидан сочилар миллионлаб юлдуз...
Лаҳзалар ёмғирдай бунча шошқалоқ,
Томчилар сира ҳам билмайди тиним.
Умрнинг ўзани гоҳ қум, гоҳ тошлоқ,
Оғзига талқонни солган каби жим...
О ҳаёт, бу сенинг рағбатингмикан,
Ёки бир илоҳий ишқнинг навоси?
Муҳаббат бахш этган ҳимматимикан,
Мажнунваш айлаган гўзал дунёси!?
Эй ишқ, сен борсанки, барқарор олам,
Сен боис дилларда барқ урар гуллар.
Чақнасанг қалбимдан чекинар нолам,
Нурларга чўлғаниб кетади йўллар.
Аслида, умримнинг тиргаги ўзинг,
Ҳар лаҳза тилимда дуо бўлдинг сен.
Бунчалар тийрандир, муҳаббат, кўзинг,
Балки сен туфайли тирикдирман мен.
Дилларда ишқ ўти чатнаркан абад —
Ер ёғду, кўк ёғду, ҳар томон ёғду.
Ҳар саҳар қалбимдан чиқар шу имдод:
“Муҳаббат, мангу бўл, омон бўл мангу!..”
© Ўткир Раҳмат
#Кўнгил_хиёбони | @Otkir_Rahmat
1
Бир нигоҳ ўтидан сачраган учқун,
Тўсатдан жазиллаб ботди юракка.
Оловга бурканди олами бутун,
Оғушлаб кўтарди уни юксакка.
Ловуллаб кўк сари узалар гулхан,
Оташ қучоғида сузади бир жон.
У асир, ўзини бағишлаб бўлган,
Жиловини узиб от қўяр туғён.
Тақдир инъомими чиққан йўлига?
Лаҳзада бахш этган қувонч ва ҳажр.
Бир ҳовуч аланга олиб қўлига,
Ҳаёт ошиқади энди қайгадир...
Ёндириб боради заррама-зарра,
Чарсиллаб тўхтамас унинг овози.
Ўзини бағишлаб яна минг карра,
Янада юксалар юрак парвози...
Фалак ўз тоқида сақлайди сукут,
Ахир бундайларни кўрган бесаноқ.
Ўртада айланиб юрибди булут,
Гулдирар ҳар замон момоқалдироқ...
Шиддати ва шашти ўзгармас ахир,
Бир қиё қарашнинг ёнган ўтидан.
Умрнинг фурсати етарми охир,
Қуввати борида тушмай отидан.
Аламлар, кулфатлар келсалар-да дуч,
Ўртага раҳналар солмасми жудо?
Ҳамиша кунлар ҳам ўтмайди-ку тинч,
Йўлга чанг солмасми бир вақт алвидо...
Муҳаббат – ловуллаб ёнган аланга,
Руҳимиздай ҳарир, бебаҳо туйғу.
Сиғмай қолсак ҳамки икки оламга,
Ишқ мангу, ишқ мангу, умрбоқий у...
2
Севмоқлик мажнунваш кўнгил амридир,
Борлиғинг сеҳрига тортар бир чаман.
Ғуборсиз кўз очган нурли умридир,
Ошиқар куну тун энди у томон.
Интилиб умидга дил қоқар қанот,
Ногоҳон топгандай ғариблар малҳам.
Бу, ахир, шундайин сиру синоат,
Ҳар кимга дилини очмаган олам...
Лаблари юмилган ғунчамиди ё,
Ёмғир ҳам юзидан ҳали ўпмаган.
Кўнгилни ардоқлаб эркалар гўё,
Сендан ҳали ўзин дариғ тутмаган...
Қалбнинг хоҳишини бўлмас тўхтатиб,
Етмиш икки томир ичра титрар жон.
Шомларни кузатиб, тонгларни кутиб,
Яшайсан бағишлаб ўзинг батамом...
Унинг сояси ҳам бўлади азиз,
Нафаси ҳам хушбахт этади ҳатто.
Кўксингга ажиб ҳис босаверар юз,
Асирсан сочингдан товонгача то.
Тушларинг у билан энди овора,
Ўнгингда пайдодир ёруғ, мафтункор.
Гоҳида қошида ўйчан, бечора,
Гоҳида шерюрак ғолиб, бахтиёр...
Қимтиниб субҳидам уйғонади лаб,
Юракнинг овозин айлади изҳор.
Пойига тўшалиб бораверар қалб,
Тақдирда не бўлса, унда ихтиёр...
3
Не бахтки, сен бундай толега лойиқ,
Не бахтки, сен Мажнун муҳаббатисан.
Ахир севилмоқдан ортиқроқ бахт йўқ,
Ошиқ бир кўнгилнинг саодатисан...
Ҳали сен билмайсан тансиқ меҳрни,
Ўтажак умрингнинг севилмоғини.
Аллалаб кун бўйи сирли сеҳрни,
Юраги тўрида сақламоғини.
Энди сен тушмайсан кўнгли саҳнидан,
Эрта-кеч шу ҳисга бўлиб гирифтор.
Туйғуси кундан-кун ошиб ҳаддидан,
Ўтли соғинчлари яшар интизор...
Бу борлиқ ичида ягона орзу,
Кимгадир азизу мукаррам бўлмоқ.
Сени деб дунёда яшайверса у,
Шудир бахт кулгани, шудир севилмоқ...
4
Севиб-севилмоқлик кимга мушарраф,
Дилларни боғлаган азал чамбарчас.
Ҳаётнинг баланд-паст йўлига яраб,
Муҳаббат риштаси ўзгарган эмас.
Кўнгиллар интилиб бири-бирига,
Азал ҳам ошиқлар умид-ла боққан.
Севишган вужудлар қалби тўрига,
Яратган сўнмагай гулханлар ёққан...
Руҳияти ахир қуёшга яқин,
Тўлин ой шуъласи чирмайди бесўз.
Дарёдай кўксида тўш урар тўлқин,
Бошидан сочилар миллионлаб юлдуз...
Лаҳзалар ёмғирдай бунча шошқалоқ,
Томчилар сира ҳам билмайди тиним.
Умрнинг ўзани гоҳ қум, гоҳ тошлоқ,
Оғзига талқонни солган каби жим...
О ҳаёт, бу сенинг рағбатингмикан,
Ёки бир илоҳий ишқнинг навоси?
Муҳаббат бахш этган ҳимматимикан,
Мажнунваш айлаган гўзал дунёси!?
Эй ишқ, сен борсанки, барқарор олам,
Сен боис дилларда барқ урар гуллар.
Чақнасанг қалбимдан чекинар нолам,
Нурларга чўлғаниб кетади йўллар.
Аслида, умримнинг тиргаги ўзинг,
Ҳар лаҳза тилимда дуо бўлдинг сен.
Бунчалар тийрандир, муҳаббат, кўзинг,
Балки сен туфайли тирикдирман мен.
Дилларда ишқ ўти чатнаркан абад —
Ер ёғду, кўк ёғду, ҳар томон ёғду.
Ҳар саҳар қалбимдан чиқар шу имдод:
“Муҳаббат, мангу бўл, омон бўл мангу!..”
© Ўткир Раҳмат
#Кўнгил_хиёбони | @Otkir_Rahmat