“ХУДО БЎЛМАСАНГИЗ...”
Эркин Аъзам билан “Гулистон” журналида бирга ишлардик. Ишхонамиз ЦУМ – Марказий универсал магазинининг ёнида жойлашган бўлиб, гоҳ-гоҳ тушлик пайти айлангани кириб турардик.
Бир йили эрта баҳордан бошлаб Эркин акага пальто излашга тушдик. Ҳафта-ўн кунда магазинга кириб турамиз, аммо у кишига маъқули топилмайди.
Бирининг этаги калта, бириники – узун, бири ёқали бўлса, бошқаси – ёқасиз. Яна бирининг белбоғи бор, бунисида эса белбоғи йўқ.
Хуллас, шу тариқа баҳор ўтди, ёз ўтди, куз келиб, сентябрь, октябрь ойлари ҳам поёнига ета бошлади. Аммо биз ҳамон мос пальтони тополмас эдик. Кўнгли ҳам, диди ҳам нозик акамизга бирон либосни манзур қилиш ҳам осон иш эмас эди.
Менинг расво феълим бор – магазинга кирсам, ўн беш минутда юрагим сиқилиб кетади, оёғим, белимга зирқираб оғриқ киради.
Эркин ака бўлса, юзлаб хилма-хил пальто, куртка, пўстинларни кийиб-ўлчаб кўришдан ва эксперт сифатида менинг фикримни эшитишдан эринмас эди. Биронтаси ёқиб:
– Шуни олсаммикан? – деб сўраса, азбаройи чарчаганим, зерикканимдан:
– Олинг, жуда зўр, ярашди, – деб маслаҳат берардим.
– Ранги сал ундоқроқ экан-да, – дерди Эркин ака иккиланиб.
– Бўлмаса, олманг, – дердим мен.
Яна бир куни магазин айланиб, бошим оғриб турган эди, навбатдаги пальто ҳам акамизга ёқмаганидан кейин:
– Ҳозир яхши мол йўқ экан, балки янги йилда келиб қолар, – дедим. – Қолаверса, қаранг, ҳаво иссиқ, бу йил қиш бўладими-йўқми ҳали...
Бу гапим Эркин акага ниҳоятда ёқиб тушди.
– Тўғри айтасиз, – деди кийиб кўраётган пальтони устидан ечиб, – шунча кутдик, яна озгина сабр қилганимиз маъқул.
Орадан икки-уч кун ўтган ҳам эдики, бирданига қаттиқ совуқ бошланиб, гупиллатиб қор ёғиб берди. Эркин ака эски, юпун пальтосида ишхонага дийдираб келди-да, мендан гина қилишга тушди:
– Сизнинг гапингизга кирган мен аҳмоқ. Бу йил қиш бўлмайди, қор ёғмайди, деган эдингиз, мана аҳвол. Ўзбекистон эмас, Сибирь бўп кетди ҳаммаёқ.
– Э, ака, – дедим ўзимни оқлашга уриниб, – десам дегандирман, лекин мен Худо эмасман-ку, қаёқдан билай бунақа бўлишини...
– Худо бўлмасангиз, нега Худонинг ишига аралашасиз? – деди Эркин ака бўш келмасдан.
Хайриддин Султон, “Навоий-30” китобидан
Суратда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам