Бугун Халқаро пул куни экан.
ПУЛ САНАШ
— суяклар оғриғини қолдиради.
— қон босимини меъёрга солади.
— тиш ва бош оғриғини тўхтатади
— кўриш қобилияти, иштаҳа, ташқи кўриниш ва яшаш тарзини яхшилайди...
Пул санаш машқининг фойдаларини ёздик. Лекин, ҳар қандай дори воситаси каби, пулнинг ҳам салбий таъсирлари кўп экан:
— Кўриш қобилиятини пасайтиради. Оқибатда унча-мунча одамни танимай қоласиз;
— Таъм билиш хусусиятига салбий таъсир қилади. Натижада, ҳамма овқатланиб юрган жойлардаги овқатлар "бир тийинга қиммат" овқатдай туюлиб, қиммат бўлмаган жойнинг таоми ўтмай қолади. Кейин оддийгина маставани ҳам Бочкага чиқиб, ичиб келишга мажбур бўласиз;
— Одамни нозиклаштиради. Ҳамма юрган иссиқда юра олмай, машинага тонировка қўйишга мажбур бўласиз. Қиммат бутикдан кийим олмасангиз оёқни сиқади, баданни терлатадиган бўлиб қолади;
— Эшитиш қобилиятини пасайтиради. Машинада мусиқани варанглатиб қўймасангиз, мусиқа эшитилмайди;
— Бармоқларнинг иш фаолиятига салбий таъсири бор. Масалан, яқинларингизга, дўстларингизга қўнғироқ қилиб қўйишга бармоқлар ишламайди. Қачонки ўзлари қилса, эринибгина телефонга жавоб беришга мажбур бўлиб қоласиз;
— Камига, танишларни кўриб қолганда, аввал улар қўл чўзмаса, кўришишга қўл чўзилмайди. Буни пул кўплигидан азият чекаётган, сиз билан дарди бир инсонлар тушунмаса, бошқалар тушунмайди;
— Оёққа зарари бор. Оддийроқ машина минсангиз, оёқ газ педалини боса олмайди. Машина юрмайди. Танишларингиз эса, дардингизни тушунмай, "бурни осмонда буни", деб сизни айблашади;
— Хотирани пасайтиради. Ҳар қандай ҳолатда "бизда ҳеч нарсани эплай олишмайди. Мана, ман Парижда бўлганимда..." , деяверасиз. Бу гапни 1000 марта айтиб бўлганингизни эслай олмайсиз.
P.S.: Хуллас, пулингиз кўп бўлсин, одамгарчилигингизга путур етмасин!