Меҳр-муҳаббат борасида аёл эркакка нисбатан пешқадамдирОдам Ато билан Момо Ҳаво яратилгач, Одамдан: “Ҳавони севасанми?” деб сўралибди. Шунда у дарров: “Ҳа”, деб жавоб берибди. Момо Ҳаводан сўралган экан, у: “Йўқ”, дебди. Аммо юрагидаги муҳаббат Одам Атоникига қараганда бир неча баробар ортиқ экан.
Аллоҳ таолонинг иродаси ва ҳикмати ила икковлари ер юзига индирилиб, бир неча кун бир-бирларини қидириб топишишгач, Одам Ҳавога: “Қаерларда эдинг? Мен сени кундузлари қидирдим”, дебди. Шунда Ҳаво: “Мен эса сизни кундузлари ҳам, кечалари ҳам қидирдим”, деган экан.
Шундан хулоса қилиб айтамизки, меҳр-муҳаббат борасида аёл эркакка нисбатан пешқадамдир. Бу эса аёлга хос хусусият ва шу билан бирга, мислсиз фазилатдир.
Суъад Фотиҳ аёлларга насиҳат қила туриб: “Азизаларим, жуфти ҳалолларингизни севинг, севишдан малолланманг, севишдан уялманг, севишингизни яширманг! Жуфтингизнинг хизматини муҳаббат билан бажаринг, уларга меҳр билан таом ҳозирланг, усти-бошларини меҳр билан ювинг. Ҳар бир сўзингизу ҳар бир амалингиздан муҳаббатингиз кўриниб турсин. Севинг, севинг ва севишдан чарчаманг”, деган эди.
Ҳа, аёллар, сиз меҳр-муҳаббат манбаисиз! Аллоҳ таоло сизга инъом этган кўксингиздаги бебаҳо жавҳарни тараддудсиз ишга солинг, беҳисоб ажрга эга бўлурсиз, иншааллоҳ.
Одинахон Муҳаммад Содиқ
t.me/BintuSodiq