2025 йил – "ИНТЕРНЕТПАРҲЕЗ ЙИЛИ"
Муҳтарама опа-сингилларимиз!Ҳар бир замоннинг ўз муаммолари бўлар экан. Ахборот асрининг офати – ижтимоий "қармоқ"лар бўлди. Ҳа, биз атайлаб "қармоқ" деб ёздик, чунки бу офатнинг қармоғига илинганлар ундан қутулиб кета олмай қоляпти.
Устозларимиз айтганидек, бугун барчамизнинг бошимиз эгик... Чунки ҳаммамиз мук тушиб, телефон титкилаш дардига мубтало бўлганмиз.
Дардимиз сурункали касалга айлангач, энди унинг давосини топа олмай ҳасратдамиз. Аммо Аллоҳ таоло нимаики дард берган бўлса, унинг давосини ҳам бериб қўйган, жумладан, ижтимоий тармоққа қарамликнинг давоси ҳам бор. Ҳар қандай дарднинг асосий муолажаси парҳез бўлганидек, интернетқарамлик дардининг муолажаси ҳам парҳездир. Шунинг учун бу йилни
"ИНТЕРНЕТПАРҲЕЗ ЙИЛИ" деб эълон қиламиз.
Келинг, азиза опа-сингиллар, бу оғир дардга қарши биргалашиб курашайлик. Иймонимизни, ихлосимизни ўртага қўйиб, интернетдан парҳез қилайлик. Телефонга, компьютерга, интернетга фақат динимиз, дунё ва охиратимиз учун хайрли бўлган, зарурат бўлган ишлар учунгина кирайлик. Бошқа пайт эса жамиятдаги ҳақиқий ўрнимизни билайлик, оиламиз, турмуш ўртоғимиз, фарзандларимиз, яқинларимиз билан жонли мулоқот қилайлик, яхшилик улашайлик, ёмонликдан қайтарайлик. Токи фарзандларимиз бизнинг телефонга муте бўлиб ўтирганимизни эмас, оиланинг солиҳа бекаси мақомида турганимизни кўриб улғайсин. Токи
интернетпарҳез йили барча зарарли иллатлардан халос бўлиш йили бўлиб номаи аъмолимизга ёзилсин.
Хабарингиз бор, сал олдин бу йилни устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг хотираларига «Буюк хотира йили» деб номлаганимизни эълон қилган эдик.
Демак, 2025 йилда икки ном остида фаолият юритамиз. Мазкур мавзулар доирасида лойиҳалар ишлаб чиқамиз, иккала мавзу орасини жамлаб, материаллар тайёрлаймиз, интернетдан пархез қилган вақтимизни кўпроқ Ҳазратни хотирлашга, у кишининг илмий меросларини ўрганишга сарфлаймиз!Биз билан бирга бўлинг, биз бундан мамнунмиз!
@BintuSodiq