* * *
Бу йўлларда еллар сарсон, йиллар сарсон,
Умрим оқар яхши- ёмон орасида.
Йўл чигилар ошиққанда манзил томон,
Соғинч, дийдор кўзим оқ-у қорасида.
Мунисгинам, менинг тобим ўйидасиз,
«Йўлинг олис, чарчадингми, болам», дейсиз.
Гулдай заиф, титраб турар қўлларингиз,
Дардман сизу, мен ношуднинг ғамин ейсиз.
Сиз тахтимсиз, давлатимсиз, кўрк-савлатим,
Сизсиз мендай ғариб, ночор топилмайди.
Остонага кўзин тикиб, муштоқ кутиб,
Тун оққунча қўшдарвоза ёпилмайди.
Кўзларимга халқобланиб ёш қуйилар,
Тишлаганим, бўғзимдаги тош туюлар.
Сиз-ла дунё оқибати бисёр, она
Бировларнинг ёлғон меҳри фош туюлар.
Шукур, етдик интиқ кутган баҳорларга,
Дастор олма гул очибди, оқ, пуштиранг.
Она, яна ният айтиб саҳарларда,
Бир бор бизмас, ўзингизга умр сўранг.
Бу чархи-дун ғам-ғуссага бозор экан,
Қўлим силтаб, найсонлар-ла елдим яна.
Нурга интиқ майсадайин бўй кўрсатган,
Соғинчларим маҳкам қучиб келдим, она...
Соғинчларим маҳкам қучиб келдим она...
Зилола Хўжаниёзоваhttps://t.me/zilolaxujaniyazovaturabekqizi