Тошкент вилоят судида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида йил якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.Унда дастлаб Тошкент вилоят суди раиси Дилшод Таджибаев томонидан вилоят судининг фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) ҳамда туманлараро иқтисодий судлари томонидан ўтган йил давомида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан биринчи инстанцияда жами 55 минг 376 та иш ва материаллар кўрилган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 20,3 фоизга кўпайган. Шунингдек, судларда жами 81 минг 693 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилган. Ҳал қилув қарорлари бўйича чиқарилган ишларнинг 88,1 фоиз даъво талаблари қаноатлантирилган.
Жиноят ишлари бўйича судланган жами 8 149 нафар шахсларнинг 2 455 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 2 448 нафарига озодликни чеклаш, 2 126 нафари ахлоқ тузатиш ишлари, 900 нафарига жарима, 22 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 8 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 1 нафарига умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари тайинланган. Кўриб тамомланган ишлар бўйича шахслар тоифаси таҳлил қилинганида, уларнинг 10,5 фоизини аёллар, 3,6 фоизини вояга етмаган шахслар, 5,1 фоизини 60 ёшдан ошганлар, 37,4 фоизини ёшлар, 1,4 фоизини чет эл фуқаролари, 0,4 фоизини фуқаролиги бўлмаган шахсларни ташкил этган.
Брифингда Тошкент вилояти маъмурий суди раиси Азизжон Эрназаров ҳам иштирок этиб, Тошкент вилоят маъмурий суди ва Нурафшон туманлараро маъмурий суди томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди.
Сайт I
Telegram I
Facebook I
YouTube I
Instagram