#Карвон_қўнғироғи
Бузуқ ўлчов бирлиги
Шундай одамчалар тўдалари пайдо бўлаяптики, моддий фойдадан бошқа нарса уларнинг кўзига кўринмайди. Улар учун бундан бошқа ўлчов бирлиги йўқ! Мен баъзида ўйлаб қоламан яна 15-20 йилдан сўнг уларга Беруний, Улуғбек, Навоий ҳақида гапирсанг, “Ўтмишда ўтган бўлишса ўтишгандир, менга нима фойдаси бор” дейишлари аниқ. Мен ўн-ўн беш йилдан сўнг деб андавалаб гапираётгандирман, ҳолбуки бу кўргулик бошланиб бўлган. Фахр туйғусининг ўлиши ёмон нарса, одамнинг илдизларини қуритади.
Яна бир гап. Фақат ўқишнинг ўзи билан маърифатга тўлиқ эришиб бўлмайди. Муҳаббат, иймон, садоқат, ватанпарварлик туйғулари ҳам ўқиш ўрганиш баробарида улғайиб бориши керак. Шундай одамларни кўрганманки, улар ўқишни билишмасди, мактаб кўрмаган, ҳарф танимас эдилар. Лекин саводсиз саводлилар эди улар. Уларнинг ичи маърифатга тўла эди. Боболаридан фахрланишар, ватанини жондан севишар, ор-номусни ҳамма нарсадан устун қўйишар, эзгулик ва имон билан яшашар эди. Гарчи ҳарф танимаса-да, уларни ўқимаган деб ҳам бўлмас... Чунки улар ўз халқининг қадимий афсоналари, достонлари, эртаклари, ҳикматларини, эзгу ҳаёт қоидаларини қон-қонига сингдириб юборишганди. Бу ўринда яна Нобел мукофоти соҳиби Мигел Анхел Астуриаснинг ўша гапини эслаб ўтмак жойиз: “Аслида энг яхши романлар ёзилмаган, айтилган!”
Мен яқинда олий даргоҳларимиздан бирида магистрлардан имтиҳон олишда қатнашдим. Яхши билимли ва фаросатли, юртпарвар ёшларимиз бор. Уларни кўриб, кўзинг яшнайди, кўнглинг тоғдай ўсади. Лекин улар қаторида илдизини йўқотиб қўйган ёшларимиз ҳам бор. Имтиҳон вақтида шундай ёшларни кўрдим. Улар учта тилни билади, дунёнинг нариги буржидаги ҳодисаларни билади, ҳар балони билади, лекин Ватанни билмайди. Бири Шайҳонтоҳур туманида туғилган, шу ерда униб ўсган, шу ерда вояга етган, лекин “ Сен туғилган туманнинг номи нега шундай аталади?” деб сўрасанг, тинимсиз сақич чайнайди. Шайх Ҳованди Тоҳур ҳақида тасаввури ҳам йўқ. Биридан “фамилиянг палончиев экан, хўш, бобонгнинг исмининг маъносини айтиб бер-чи” десангиз, айтолмайди, куракда турмайдиган гаплар билан аравани қуруқ олиб қочади. Яна бири Навоийдан бирор ғазал ё рубоий уёқда турсин, “Тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз” деган тўртта сўздан иборат кичик бир ҳикматни айтиб беролмайди. Шу юрт озодлиги учун жонини берган, ватани учун отилган, осилган Чўлпон, Фитратлар ҳақида айтадиган икки жумла гапи йўқ, яна магистрман дейди.
Ошириб юбораяпсиз, деманг. Мен кўрганимни айтаяпман. Тағинам, қисқартириб айтаяпман. Икки-учтамас, ўнта тилни билинг, Америка, Австралия, ҳатто Антарктидагача яхши билинг, лекин ҳаммасидан аввал Ватанни билинг. Ватанни билмак керак. Ватанни билмай, дунёни билишнинг фойдаси йўқ.
✍️ Эшқобил ШУКУР, "Ҳалокатнинг сири нимада?" мақоласидан.
@Eshqobil_Shukur_ijodi