Подъездлардаги аравача, великларни ППХ ходимлари олиб кетиши амалиёти анчадан бери бор, шекилли. Чорсу тарафда яшовчи бир обуначи сентябрда бўлган ҳолат ҳақида ёзибди:
Очиғи, воқеаларнинг бунақанги ривожини ўйлаб топиш ҳам қийин.
“ППХ ходимлари коляскаларни олиб кетгани ҳақидаги охирги постингизни кўриб, тўғриси, битай деб қолган яраларим янгиланди.
Сентябрь охири эди. Ўзим командировкадаман, аёлим квартирага олиб чиқолмай – 3-қаватда яшаймиз – коляскани подъездда қолдирган. Эрталаб тушса, коляска йўқ. Ўғирлаб кетишди, деб ўйладик. Чунки қўшни подъездлардаги коляскалар жойида турганди.
Орадан 3-4 ҳафта ўтди. Подъезддаги бир қўшни хола: “Участкавойлар олиб кетган бўлиши мумкин”, деб қолди. Коляскамиз йўқолди деб участкавойнинг олдига чиқишга ҳеч вақтим бўлмаётганди ўзи.
Участкавойни топиб, дардимни айтсам, “Шулар орасида коляскангиз борми?”, деб расмлар ташлади. Бор эди, “мана шуниси”, деб кўрсатдим. “Коляскангиз базада турибди”, деди участкавой, манзилини ҳам бердим. Кўкчада экан. Бордим. Қабулхонадаги ходим “коляскангизни эртага эрталаб олиб келиб қўямиз”, деди.
Кечга яқин бегона рақамдан қўнғироқ бўлди. Лаббай десам, “ака, колясканинг эгаси чиқмаганига, эҳсон қилиб бериб юборилганди”, дейди. “Энди мен нима қиламан?” десам, гапни олиб қочади.
Бироз ўтиб, бегона аёл телефон қилди - у коляскани эҳсон сифатида олган одам экан. У коляскани олиб, яқинда фарзандли бўлган қизига берган, қизи эса уни “онам олиб бердилар”, деб келин бўлиб тушган уйига олиб кетган. Хуллас, буёғи мана шунақа каша!
Майли, битта коляска мен учун ҳеч нима эмас, Худога шукр, имкониятим бор эди, янги олдим. Аммо ППХ ходимларининг бу иши - бировнинг мулкини эҳсон қилиб юбориши - қанчалик тўғри? ППХдан ҳам биров келиб, вазиятни тушунтиргани ҳам йўқ, фақат ўша базадан қўнғироқ қилган йигит йиғлагудек бўлиб гапирди.
Коляскани олиб кетган ўша ППХ ходимлари бошлиғининг исми Алишер ака, улар рухсат берганлар, дейишди. Бир ҳафта қатнаб тутолмадим ўша бошлиқни. Охири кечдим, лекин рози эмасман, дедим. У коляска совға эди, фарзандли бўлганимда бобоси олиб берганди.
[Чилонзордан тарқалган] видеодаги коляскаларнинг аксарият эгалари ҳам коляскалари ҳозир қаерда эканини билмайди, маҳалласи раиси ҳам айтмайди. Хабар топгани, бориб олади. Қолиб кетгани - меникига ўхшаб “эҳсон” бўлиб кетади”.
Очиғи, воқеаларнинг бунақанги ривожини ўйлаб топиш ҳам қийин.