Муҳрим


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


Мурожаат учун — @muhrimchatbot
Тижорий таклифлар учун — @Eightmediamaker

Связанные каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций




Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Дам олиш кунлари нима қилиш, нима кўришни билмаётганларга мана шу подкастни кўришни тавсия қилган бўлардим (агар ҳали кўрмаган бўлсангиз). Видеодаги саволимга Бахтиёр аканинг жавоби, менимча, ҳақиқатан ҳам жуда зўр. Тўғри, камтарроқ бўлишим керак (с), лекин подкастда яхши гаплар, назаримда, ростдан ҳам кўп бўлган, бамайлихотир томоша қилишингизга арзийди.


🎙 Kotib AI - аудио ва видеоларни (Ўзбек, Рус, Инглиз тилларда) автоматик транскрипция қилиш учун сизнинг ақлли ёрдамчингиз.

Жуда ҳам узун суҳбат, маъруза, подкаст ёки вебинарларни томоша қилишдан вақтни тежанг — шунчаки файлни юкланг ва Kotib AI уни тезда матнга айлантиради.

📌Асосий хусусиятлар:
• Аудио ёки видео автоматик транскрипция
• Муҳим эпизодларни ажратиб олиш
• Матн асосида қисқа мақолалар яратиш

Талабалар, ўқитувчилар, контент яратувчилар, журналистлар ва бизнес эгалари учун мос келади. Сизга мослаштирилган AI технологиялари ёрдамида маҳсулдорлигингизни янада оширинг.

🔴 Бугуноқ Kotib AI билан янада самарали ишлашни бошланг.

Бизнинг телеграм канал - @aim_laboratory

Реклама


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Кеча Твиттерда “Интернетда кўрган, эшитган, ўқиган бирор контентингиз ҳаётингизга таъсир қилган, уни ўзгартирганми?” деган савол қолдиргандим. Кўп яхши, қизиқ жавоблар қолдиришди. Ўзим сал аввалроқ 1000КИТОБ подкастида меҳмонимиз Иззат Собитовдан шу мавзуда унинг ўзи билан боғлиқ қизиқ ҳикоя эшитгандим. Биттагина 4-5 дақиқалик тақдимот видеоси инсоннинг ҳаёт йўлини қанчалик ўзгартириб юбориши мумкинлигини кўриб, ҳайрон қоласан киши.

Подкастни тўлиқ кўришни тавсия қиламан: https://youtu.be/atdM1foQgxo


Хуллас, шанба куни Юнусободнинг биз яшайдиган қисмида соат тахминан 11:00 ларга яқин чироқ ўчди. Чироқ ўчса, интернет ҳам ишламайди. Аксига олиб, телефоннинг қуввати ҳам бирор 3 ё 4 фоиз қолганди. Қўшимчасига, болалар ҳам мен билан қолган, тахминан 3-4 соатни кўчага чиқмай, улар билан уйда ўйнаб ўтказишим керак эди (энди, кўчага чиқсам, телефонимни ҳеч бўлмаса мошинада қувватлантириб олардим-да).

Соат 15:00 ҳам бўлдики, электр таъминотидан дарак йўқ (онасидан ҳам). Болалар “ойим қани?”, “қачон келади?” деб сўрай бошлаган. Қани энди телефонимда қувват бўлса! Шунда ҳам биринчи бўлиб рафиқамга телефон қилмасдим, балки Юнусобод электр тармоқларининг юнусободликларга мўлжалланган каналига кирардим – чунки у ерда бунақанги беш соатлаб “свет” ўчиб қолишининг изоҳи бўлиши аниқ эди.

Мавҳумлик ёмон. Сабабини билсанг, хотиржам бўласан – билганинг асосида қандайдир режа қилишинг ҳам мумкин. Шу орада, бахтимизга, онаси келиб қолди. Қўлидан телефонни олиб, “Yunusobod TETK” деган жонажон каналга кирдим. Қарасам, авариямисан-авария бўлган, бизникидан ташқари яна учта мавзеда чироқ ўчиб, бу аварияни бартараф этиш учун қаердадир “Мегапланет” тарафда ер кавлаб ётишган экан.

Маълумотга эга бўлгач, ҳеч йўғи режа туза оласан, дегандек, биз ҳам оилавий режа тузиб, шартта сайр қилгани кўчага чиқиб кетдик. Уйимизга энг яқин “Локомотив” паркига бордик, кейин “Чимган”га кирдик, у-бу олган, у-бу еган бўлдик. Энг қизиғи, шунча йўлда юрган вақтимиз телефонни қувватлантириш эсдан чиқибди – оиланг билан юрганингда ўзи керак ҳам эмас-да телефон.

Соат 20:00 лардамикин уйга қайтаётганимизда, харид қилган нарсаларимиз “Чимган”нинг болалар аравачасида қолиб кетганини эслаб, ярим йўлдан қайтдик – телефонни қувватлантириш ана ўшандагина эсга тушди. Телефон ёнгач, аравачани ижарага берган бола телефон қилганмикин, деб кутаман, хабар келмайди-да. Тирбандликлардан амаллаб ўтиб, “Чимган”га қайтиб, ҳалиги ижарачининг олдига борсам, нарсаларимиз турибди, “сизга телефон қилдим, ўчиқ экан”, дейди.

Ҳа, ўчиқ эди. Энди 10 фоиз қуввати бор, деб интернетни ёқиб, мошинагача телефонни чуқулаб кетаётсам... ДХХ раисини ишдан олиб ташлаб, ўрнига мудофаа вазирини қўйишибди. Яна кимдир қаердандир олинган, бунга фалон воқеа сабабчи дейилган, сарлавҳалар ва тасдиқланмаган хабарлар жанги, хуллас, вижир-вижир, ғавир-ғувур. Тавба, бир кун телефоним ўчиқ қолганига шунча гап.

Охирги марта 2023 йил январида, аномал совуқ сабаб, хусусан, “дом”имиз ҳам икки ё уч кун “свет”сиз яшаганида мана шундай мажбурий дижитал детоксни бошдан кечиргандим. Ўшанда, детокснинг охирги тонги, телефонимни мошинада қувватлантириб, интернетни ёқиб, биринчи кўрган хабарим Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокимлигидан олингани бўлганди. Тавба-а, дегандим ўшанда ҳам. “Шунақа бўлибди”, деб кимга айтсам, улар ҳам тавба деганди.

Иримчи эмасману, лекин телефоним кунлаб қувватсиз қолиб кетишидан, кунлаб интернетга киролмай қолишдан сал қўрқиб қолдим, очиғи.


Даҳшатли воқеа. Ҳуқуқ-тартибот органлари “итлар одамни ебди деган гапдан хабаримиз йўқ, унақа воқеа бўлмаган” деб туриб, ветеринарга “одамни еб қўйган деб тахмин қилинаётган мана бу итларнинг ўлигини ёриб, ичида одам гўшти борми-йўқми, шуни аниқлаб беринглар”, деб топшириқ бергани ҳам бир даҳшат. Ҳодиса юз берган маҳалладаги аҳоли мавҳумликда, миш-мишлар ичида яшаяпти. Даҳшат. https://t.me/gazetauz_uzb/38806


Подъезддаги велосипеди ППХ ходимлари томонидан олиб кетилган яна бир обуначидан:

“Ака, ман доставкада ишлайман. Бир ой аввал подъездда турган велосипедимни олиб кетишди. 102 га телефон қилдим, участкавойингизга мурожаат қилинг, дейишди. Унга қилсам, “велосипед базада”, деди.

У ерга борсам, худди жиноят қилган одамдек сўкиш эшитдим. “Хўп, нима қилишим керак эди?”, десам, “Велосипедингни уйингга олиб кир қўй”, дейди. Ўзи каталакдай жойда 8 талаба яшаймиз. Велосипедни квартирага олиб киришга уй эгаси ҳам рухсат бермаган.

Хуллас, велосипедимни олиб келдим. Кеча яна олиб кетибди. Балони тешик эди, қулфланган ҳолатда эди. Мен энди уни қандай қилиб олиб келаман? Буларга нисбатан бирор чора йўқми?”


Подъездлардаги аравача, великларни ППХ ходимлари олиб кетиши амалиёти анчадан бери бор, шекилли. Чорсу тарафда яшовчи бир обуначи сентябрда бўлган ҳолат ҳақида ёзибди:

“ППХ ходимлари коляскаларни олиб кетгани ҳақидаги охирги постингизни кўриб, тўғриси, битай деб қолган яраларим янгиланди.

Сентябрь охири эди. Ўзим командировкадаман, аёлим квартирага олиб чиқолмай – 3-қаватда яшаймиз – коляскани подъездда қолдирган. Эрталаб тушса, коляска йўқ. Ўғирлаб кетишди, деб ўйладик. Чунки қўшни подъездлардаги коляскалар жойида турганди.

Орадан 3-4 ҳафта ўтди. Подъезддаги бир қўшни хола: “Участкавойлар олиб кетган бўлиши мумкин”, деб қолди. Коляскамиз йўқолди деб участкавойнинг олдига чиқишга ҳеч вақтим бўлмаётганди ўзи.

Участкавойни топиб, дардимни айтсам, “Шулар орасида коляскангиз борми?”, деб расмлар ташлади. Бор эди, “мана шуниси”, деб кўрсатдим. “Коляскангиз базада турибди”, деди участкавой, манзилини ҳам бердим. Кўкчада экан. Бордим. Қабулхонадаги ходим “коляскангизни эртага эрталаб олиб келиб қўямиз”, деди.

Кечга яқин бегона рақамдан қўнғироқ бўлди. Лаббай десам, “ака, колясканинг эгаси чиқмаганига, эҳсон қилиб бериб юборилганди”, дейди. “Энди мен нима қиламан?” десам, гапни олиб қочади.

Бироз ўтиб, бегона аёл телефон қилди - у коляскани эҳсон сифатида олган одам экан. У коляскани олиб, яқинда фарзандли бўлган қизига берган, қизи эса уни “онам олиб бердилар”, деб келин бўлиб тушган уйига олиб кетган. Хуллас, буёғи мана шунақа каша!

Майли, битта коляска мен учун ҳеч нима эмас, Худога шукр, имкониятим бор эди, янги олдим. Аммо ППХ ходимларининг бу иши - бировнинг мулкини эҳсон қилиб юбориши - қанчалик тўғри? ППХдан ҳам биров келиб, вазиятни тушунтиргани ҳам йўқ, фақат ўша базадан қўнғироқ қилган йигит йиғлагудек бўлиб гапирди.

Коляскани олиб кетган ўша ППХ ходимлари бошлиғининг исми Алишер ака, улар рухсат берганлар, дейишди. Бир ҳафта қатнаб тутолмадим ўша бошлиқни. Охири кечдим, лекин рози эмасман, дедим. У коляска совға эди, фарзандли бўлганимда бобоси олиб берганди.

[Чилонзордан тарқалган] видеодаги коляскаларнинг аксарият эгалари ҳам коляскалари ҳозир қаерда эканини билмайди, маҳалласи раиси ҳам айтмайди. Хабар топгани, бориб олади. Қолиб кетгани - меникига ўхшаб “эҳсон” бўлиб кетади”.


Очиғи, воқеаларнинг бунақанги ривожини ўйлаб топиш ҳам қийин.


ППХ ходимлари болалар аравачалари, велосипедчаларини кўп қаватли уйларнинг подъездларидан олиб кетаётгани ҳақидаги хабарга жавобан бир обуначи шундай ёзибди:

“Коляска бўйича - бизникини ҳам олиб кетиб, ариза ёздиришди: “Агар, мабодо, ўғирлатиб қўйсам, ўзим сабабчи бўламан”, деб”.


Кимда-ким ўзига тегишли мулк ҳақида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига юқоридаги каби мазмунда ариза/тилхат ёзиб берса ва мулкини ўғирлатиб ё йўқотиб қўйса, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ўша мулкни қидирмасликка ҳақли бўладими?

Ғалати эмасми? Фуқаролар ва уларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлай олмай, уларга “нарсамни йўқотсам, ўзим сабабчи бўламан” деб ариза ёздирадиган ҳуқуқ-тартибот органларининг нима кераги бор?


Ҳали булар Самарқандда Регистон майдонини, Бухорода Калон ансамблини ҳам “кўчириб” (бузиб деб ўқинг), ўрнига ситими, савдо марказими, баломи, баттарми, нимадир қуради деб ёзганларимда, биринчидан, кўпроқ киноя қилгандим, оддий қилиб айтганда – ҳазиллашгандим. Ўзим ёзган ўша гапларга сал бўлса-да ишонган вақтимда ҳам, бундай аянчли воқеаларни ўзим эмас, келгуси авлодлар кўриши мумкин, деб тахмин қилгандим.

Афтидан, бундай пасткашликлар, бундай жирканчликларга гувоҳи бўлиш “бахти” яқин истиқболдаёқ кутиб турибди, шекилли: Андижон шаҳри марказидаги Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнида 16 ва 20 қаватли “дом”лар қуриш ташаббуси давлат ташкилоти даражасида илгари сурилганини, давлат даражасида келишиш жараёнида эканини билиб, яна нима деб ўйлаш мумкин? Кўп ўтмай, “Андижон тажрибаси” сифатида, Самарқандда, Бухорода, Хивада, Тошкентда ҳам қўлланиши ҳеч гап эмас.

Тавба, тавба! Инсоф берсин! Тинчлик бўлсин!

PS. Қайсидир бир йили қайсидир бир қирғиз оқини айтган “Сот, сот, сот, сот, со-о-от, Қўлтиғингдаги жунингни ҳам со-от!” деган қўшиқни эшитадиган кайфият.


Украина Бош прокуратураси 2024 майида шундай бир маълумот берганди: уруш бошланганидан бери, яъни, 2022 йил февралидан то 2024 йил майига қадар (май ойини ҳам қўшиб ҳисоблаганда) Украинада бевосита урушнинг касофати деб 547 бола ҳалок бўлган. Яъни, Россиянинг ракета зарбалари, бомбардимонлари, қатлиомлари оқибатида икки йилдан кўпроқ вақт ичида 547 бола ҳалок бўлган. Икки йил деб олсак ҳам, уруш йилига 270 дан зиёд боланинг ҳаётига зомин бўлган.

Сизга бир ғалати нарсани айтайми? Осмони мусаффо, қўшнилари билан муносабатлари яхши, тинч Ўзбекистонда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 263 нафар бола ҳалок бўлган. Ҳа, Украинада бир йилда 270 нафар бола Россия босқини оқибатида ҳалок бўляпти, Ўзбекистонда эса тахминан шунча бола шунчаки йўлларда ўлиб кетяпти. Қайси бирини тезлик чекловига риоя қилмайдиган дабба босиб кетган, бошқа бирови эса давлат ва беқарор жамият тарбиялаган автотеррорист ҳайдовчини деб ёки шундай ҳайдовчи билан бирга ҳалок бўлган.

Ўзбекистон йўлларида бир йилда салкам 300 нафар боланинг ҳалок бўлиши – бу умуммиллий фожиа. Сифатсиз доридан салкам 70 бола шунчаки ўлиб кетганида на ҳамдардлик билдиришга, на чалажон ҳолида омон қолган болаларга тайинли ёрдам қўлини чўзишга яраган давлат бу фожиани, эҳтимол, сезмас. Балки, сезишни хоҳламас. Давлат бу фожиани сезишни хоҳламаётгани аслида жамиятнинг айби, унинг беқарорлиги белгиси. Жамиятда бу борада якдиллик бўлса эди, давлат сезишга мажбур бўларди.

Якдиллик дегани нима? Менимча, “ҳеч ким кўчага бугун бир болани босиб кетай деб чиқмайди”, деб сафсата сотмаслик; “ота-онаси қараса бўлмасмиди?” деб маҳмадоналик қилмаслик; “бола йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтган” деб расмиятчилик қилмаслик ва ҳоказо. Жамиятнинг барча қатламлари мана шундай баҳонатўқарликдан қутулса, аксинча, ЙТҲга сабаб бўлаётган омиллар устида бош қотирса, муҳокама қилса, муаммоларни кўрсатса, ҳаммага яхши. Асосийси, йўлдаги ўлим камаяди.

Жамият якдил қиладиган нарсалардан яна бири – идора ва ташкилотларининг бу муаммога муносабати. Бу борада ҳар ким имконияти доирасида, қўлидан келганича нимадир қилса кифоя. Шу жиҳатдан, ЎзПФЛ жамоасининг ташаббусини олқишлайман – бир футбол ташкилоти ўлароқ, орасида ҳайдовчилар ҳам кам бўлмаган ўз аудиторияси эътиборини креатив йўл билан муаммога қаратяпти, уларни одам, хусусан, бола ўлдирмасликка чақиряпти. Бу каби тарғибот билан ҳар ким, ҳар куни шуғулланиши керак.

Шунда жамиятда, бошланишига, юқоридаги каби баҳоналарга нисбатан тоқатсизлик шаклланади, давлат эса йиллар давомида сўралаётган ислоҳотларни кечиктирмай қилишга киришади. Ҳа, ҳаммаси шундай осон. Менимча.


11 ноябрь куни чиққан материал сарлавҳаси: “Enter Engineering ходимлари бир неча ойдан бери буён маошсиз ишлаётгани айтилмоқда”.

Ўша материалдан бир иқтибос:

“Май ойидан бери ойликларимиз йўқ. Фақат май, июнь, июль ойликларидан озгина берилди, 2-3 млн сўмдан. Оилали одам учун бу пул нима ҳам бўларди? Август, сентябрь, октябрь ойликлари тўлиқ [берилмай] турибди. Давлатдан кредит олсангиз, 1 кун кечикса пеня туғади. Лекин бизнинг ойлик ойлаб берилмаса ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ”.


Бойсундан тайёрланган ва 12 ноябрь куни эълон қилинган репортаждан бир иқтибос:

“Хўжайиним шу Enter’да ишларди, [компания] беш ойдан бери [хўжайнимнинг] пластигига ойлик ташламаяпти. Ойлик бермаганидан [хўжайиним] Тошкентга кетди. 5,7 млн сўм ойлик берарди – шунинг ҳам ярмини, уч ойда бир”.


Бу эгаси битта ҳисобланган Enter, Eriell, Saneg деган компанияларнинг ходимлари маошларини ойлаб ололмаётгани ҳақидаги биринчи хабар эмас, шу вақтгача бу ҳақда – хабарни қўя туринг – қанчадан-қанча мақолалар, журналист суриштирувлари ўтказилган. Буёқдан бу компаниялар ўз ходимларига маош тўламаётгани ҳақида, уёқдан эса худди шу компаниялар млрд-млрд долларлик лойиҳаларни тақдимот қилаётгани, қўлга киритаётгани ҳақида материаллар чиқади.

Мен бир нарсага ростан ҳам тушунмайман – нега бу компаниялар гуруҳи ўз ходимларига ойлик маошни ўз вақтида тўлаши учун юқори турувчи ташкилотлар томонидан ҳеч нима қилинмайди? Ë буларга келганда қонун ишламайдими? Ë масъуллар бу ҳақдаги хабарлар, мақолалар, мурожаатларни кўрмаётганмикин? Ë кўриб, кўрмаганликка олаётганмикин? Нега?


Ҳозир Твиттерга кирувдим, деярли ҳамма Тошкент метросининг тўққизта бекатида ҳожатхоналар қурилиши ва бунга бир кишининг ошкора қилмиши сабаб бўлганини муҳокама қилаётган экан. Чиндан, Ўзбекистонда у ёки бу жараёнга туртки ақлбовар қилмас кўринишда бўлишига доир яна бир ғаройиб кейс бу.

Айтишларича, бу воқеа (яъни, ўша кишининг ўша ошкора қилмиши) аслида сентябрда бўлган (тағинам билмадим). Лекин кимдир буни ноябрда ижтимоий тармоқларга чиқариб юборган. Агар видео декабрда тарқатилиб, унга жамоатчилик томонидан ўтган кунлардагидек муносабат кўрсатилганида, эҳтимол, ҳожатхоналар қурилиши бошлангани ҳақидаги хабарлар ҳам 2024 йил декабрида берилган бўларди.

Яъни, агар бу ҳолат “қаҳрамонлик” қиёсланса, у ҳолда “қаҳрамон” ҳам биргина ошкора беадаблик қилган кишининг ўзи эмас, балки буни оммага олиб чиққанлар ҳамдир. Чунки, очиғини айтсам, мен ҳар куни салкам бир миллион кишини ташиётган метромизда бекатларни биринчи марта бундай (қасддан ё чидолмасдан) булғаб кетишяпти, деб ўйламайман. Бунақа воқеалар аввал ҳам – йўловчи оқими ярим миллионга етмаган вақтларда ҳам бўлган.

Лекин улардан фақат биттасининг ошкор бўлиши, қаранг, метрополитен фойдаланувчилари ҳар ҳолда охирги беш йилдан бери мунтазам сўраб келаётган илтимос юзасидан қандайдир ҳаракат бошланиши учун етарли бўлди.

Очиқлик ва ошкоралик қутқаради.


Биз, “Газета.uz”даги шериклар билан, ёзда Дўстликка, Дукентга, Сан-Рафаэлга, Қаршига, Жиззахга, Наманганга бориб, футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳақида бир ҳужжатли фильм олгандик. Худо хоҳласа, яқинда чиқади. Фильм Париждаги ўйинлар ҳақида эмас, балки шу ўйинларга ўзбек футбол жамоатчилиги салкам 30 йил кутган йўлланма қандай қўлга киритилгани, бу тарихий натижа ортида турган ҳақиқий қаҳрамонлар ҳақида.

Менимча, ҳар бир жамоа ҳақида шундай фильмлар олиниши керак. Тарих ўз вақтида, ҳуқуқшунослар тили билан айтганда, “иссиқ изи совимай” ёзиб қўйилиши керак.


Репост из: Gazeta.uz - Ўзбекистон янгиликлари
Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
КЎРИНМАС МЕДАЛЬ. Тез кунда…

Telegram | Instagram | YouTube


Подкастлар ва Тикток замони

Трамп нима учун ва қандай қилиб президент сайловида ғолиб чиқди, деган таҳлиллар эълон қилиняпти. Бунда, хусусан, янги замоннинг янги ОАВлари – подкастлар ва Тиктокнинг ҳам роли бор, дейишяпти.

2016 ва 2020 йилги сайловлардан фарқли ўлароқ, Трамп бу сафар 30 ёшдан кичик эркак сайловчиларни ҳам ўзига оғдира олган. Айнан шу мақсадда қатор кўнгилочар шоуларда, хусусан, жаҳондаги энг нуфузли подкастчилардан бири, YouTube’нинг ўзида 18 миллиондан ортиқ обуначиси бор Жо Роган подкастида қатнашган. Ҳаррис эса Роганнинг “сиз ҳам келинг, подкастимда гапиринг” деган таклифини рад этганди (умуман, Ҳаррис ҳаддан ташқари эскича тарғибот олиб боргани учун ҳам ютқазди, дейишяпти).

Бундан ташқари, Трамп сайловолди ташвиқоти даврида Тиктокда ҳам аккаунт очиб, у ердаги ёш америкаликларни ўз томонига оғдириш устида роса ишлаган. Қизиғи, Трамп ўзининг биринчи президентлиги даврида Тиктокни АҚШ хавфсизлиги учун таҳдид дея ҳисоблаб, АҚШда уни тақиқлашга, уни чеклашга роса уринганди (Трампнинг ўзини АҚШга ва унинг демократиясига таҳдид деб ҳисоблаш мумкин бўлса, умуман олганда, унинг фикрлари тўғри бўлиб чиққан бўлади).

Ишқилиб, замон, унга қўшилиб технологиялар ўзгаряпти. Қачонлардир радио орқали жонли эфирдан, яна қанчадир вақт ўтиб телеэфирдан, сўнг телевизор орқали жонли эфирдан, яна ярим асрча ўтиб интернетдан биринчи бўлиб фойдаланган номзодлар сайловларда ғалаба қозониб кетган. Бундан кейин ҳам шунақа бўлаверади. Демократик мамлакатларда.


Бугун, 8 ноябрь, “Xalqchil IPO” дастури доирасида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акцияларини оммавий жойлаштиришнинг сўнгги куни.

Ҳар кимда UZEX биржасининг PREMIUM акцияларини харид қилиш орқали уларнинг сонини беш маротабага кўпайтириш ва 2024 йил якунига кўра дивидендлар олиш имконияти бор.

Битта акция харид қилиб, қўшимча тўрттасига эга бўлинг! Акцияларни харид қилинг ва сармоядорга айланинг!

Акция харид қилиш учун шу рақамга қўнғироқ қилиш керак:
(+998) 55 511-02-02.

Реклама


Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 8 ноябрь куни ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра, суюлтирилган газ нархи ноябрь ойининг бошига нисбатан 14 фоизга пасайиб, бир тоннаси учун 8 млн 724 минг сўм (бир литр учун ўртача 5 520 сўм)ни ташкил этди.

Бу – биржада суюлтирилган газ нархи сентябрь ойида қайд этилган ўртача нарх (бир тоннаси учун 8 млн 800 минг сўм)дан ҳам паст даражага тушганлигини англатади, дея хабар бермоқда Республика товар-хом ашё биржаси.

Сўнги кунларда биржага қўйилаётган суюлтирилган газнинг ҳажми ҳам ошиб боряпти. Хусусан, октябрь ойида биржа савдоларига бир кунда ўртача 1 500 тонна суюлтирилган газ қўйилган бўлса, ноябрь ойининг ўтган даврида ушбу кўрсаткич 2 000 тоннагача етган, яъни ўртача 25 фоизга ўсган.

Шу билан бирга, биржа савдоларига қўйилаётган Аи-80 маркали бензин ҳажми ҳам ортиши кутилмоқда.

Манба | Реклама


Россия Кино институтининг бутун дунёда ягона ҳисобланган филиали – Тошкентдаги шуъбасида таҳсил олувчи талабалардан яна мурожаат келди. Улар ўзининг муаммоси ҳали ҳам ҳал этилмаётганидан, мурожаатлари бу идорадан у идорага копток қилинаётганидан норози. Қонун устуворлигига масъул бирор ташкилотга ёзишса, у хатни Олий таълим вазирлигига йўналтиради. Олий таълим вазирлиги эса, бу филиал жониворни ким очган бўлса, ўша жавоб берсин дея мурожаатни “Ўзбеккино”га юборади. Копток бор, ечим йўқ.

Талабалар нима хоҳлаяпти ўзи? Аввало, филиалнинг очилиши вақтида шу ерда дарс бериши зўр ваҳима билан айтилган ўқитувчиларнинг дарс беришини. Филиал сайтига ҳозир ҳам кирсангиз, домлалар рўйхатида ўзбек совет кинематографиясининг бир-икки дарғаси кўрсатилган, аммо улар дарс бермаётганига, Московига қайтиб кетганига анча бўлган.

Айтишларича, Россиядан таклиф қилинган ёшроқ, дунёқараши ва умуман кинога қарашига ҳам чидаса бўладиган ўқитувчилар ҳам кетиб (баъзиларини Московдагиларнинг талаби билан ишдан олишибди ҳам – гўёки улар Украинадаги урушдан қатнашишдан бўйин товлаб Тошкентга қочиб келганлар экан), ўрнига расволар келяпти. Масалан, ҳозир бир домла келган, дейишяпти: дарс ўтмайди, ҳар гал “Украина - ёмон, Зеленский - ёмон, Россия тўғри иш қиляпти, нацистлар билан курашяпти”, деган гап эмиш.

Мана нима учун Россия институт-университетларининг филиалларини очмаслик керак (қани энди бизда биргина шу Кино институтининг филиали бўлса – буёқда ҳали дипломат тайёрлайдигани ҳам бор; аввал ёзганимдек, барини ёпиш керак). Ҳа, ўзимиздаги путинпарастлар ҳам дарсларга кириб, шунақа гапириши мумкин, лекин улар — ўзимизнинг хумбошлар, қачондир пишиб етилиб, инсофга келади деган умидимиз бор. Аммо Россиядан келиб (аниқроғи, юборилиб), сафсата сотаётганларига умуман тоқат қилиб бўлмайди.

Ўзи шундоқ ҳам кўп бўлмаган хусусий университетларимизнинг айбини топишга тирноқ остидан кир қидиргандек муштоқ Олий таълим вазирлигимиз, унинг Таълим инспекцияси, ўзича ғоявий таҳдидлар, “ўзбошимча, ноқонуний дарс беришлар”га қарши курашувчи бошқа манфаатдор идоралар шу филиалчага ҳам бир назар ташласа зарар қилмасди – у ерда нима бўляпти ўзи, қаердан қайси кас келиб, ўзбекистонлик талабаларга нималар деяпти, нималарни ўргатяпти, ким учун ишлаяпти?


Ўзбекистоннинг, хусусан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунини сўз эркинлиги тамойилларидан келиб чиқиб қайта ёзиш керак, токи АОКА журналистлар, блогерлар ва ОАВнинг ишига ҳуда-беҳуда аралашавермасин, ўринсиз расмий муносабат билдиравермасин, ўрни келса-келмаса қамаш билан қўрқитавермасин.

Ўрни келиб қолганида янаб бир гап - қонунчилигимиздаги мана шунақа мужмалликларни, исталганча талқин қилиш мумкин бўлган тушунча ва ифода (масалан, “ҳокимият вакилининг талабига бўйсунмаслик” деган энг машҳур, навбатчи айблов)ларни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла рўёбга чиқариш йўналишида аниқлаштириш керак.

Показано 20 последних публикаций.