Жиноятчидан «
қаҳрамон»
яратмоқчи бўлганларга ИИВдан конкрет жавоб бўлибдиОхирги пайтларда айрим жиноий ҳолатлар ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилиниши жамоатчиликда чалғитувчи фикрлар пайдо бўлишига сабаб бўляпти.
Жиноятчилар бир юмалаб, «қахрамон»га айланиб қоляпти.
Шу кунлдарда бухоролик 17 ёшли йигитнинг катта миқдордаги криптовалютани гўёки ўзи ишлаб топгани ҳақидаги хабарлар муҳокама марказида бўлди. Бироқ, бу маълумот пала-партиш тарқатилгани сабабли, аслида унинг «виртуал валютчик» бўлгани кўпчилик эътиборидан четда қолди. Аслида унинг фаолияти бозордаги «валютчик»лар фаолиятидан катта фарқ қилмайди.
Мазкур ҳолат бўйича ИИВнинг матбуот котиби конкрет ва батафсил
жавоб берибди.
Хуллас, бухоролик йигит 7 ой давомида «Бинанс» платформаси орқали 34 миллиард сўмлик операцияларни амалга оширган.
Бу сумма унинг шахсий даромади эмас, балки у айлантирган ва айрибошлаган маблағларнинг умумий ҳажмидир. Ушбу маблағларнинг асосий қисми пенсия, ойлик ва онлайн кредитлардан келиб тушгани, уларнинг жиноий схемаларнинг ажралмас қисми бўлиши мумкинлиги аниқланган.
«Виртуал валютчик»лар телеграмдаги ёпиқ ва аноним каналлар орқали криптовалютани пулга ёки пулни криптовалютага айлантириш хизматларини кўрсатади. Бундай фаолиятда асосан «Бинанс» каби платформалардан фойдаланилади. Улар ўз хизматлари учун мижозларнинг маблағидан 0,1–2 фоиз миқдорида воситачилик ҳақи олади, холос.
Тергов жараёнида ижтимоий тармоқлардаги нотўғри маълумотлар вазиятни янада мураккаблаштириши турган гап. Популистик баёнотлар жамоатчиликни чалғитиб, холис тергов жараёнига таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор. Шу боис жамоатчилик бундай вазиятда масъулият билан ёндашиб, фақат ишончли маълумотларга суянишга ҳаракат қилиши зарур.
«Виртуал валютчик»лик ахборот технологиялари орқали қонунбузарликлар учун янги хавфларни келтириб чиқармоқда. Давлат томонидан қатъий назорат ўрнатиш, хавфсизлик чораларини кучайтириши лозим.