Давлат ташкилотлари ва мансабдор шахслар фаолиятида шаффофлик, масъулиятлилик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш — замонавий жамият учун энг долзарб вазифалардан биридир.
@revizor_uzb канали ана шу вазифани амалга оширишни ният қилиб яратилган. Унинг асосий мақсади — давлат ташкилотлари фаолиятидаги ҳар қандай ноаниқлик ёки шаффофлик етишмаслигини жамоатчиликка очиб берган ҳолда ишончли маълумотни етказиш.
Каналда эълон қилинаётган ҳар бир постнинг ортида катта меҳнат, таҳлил ва масъулият ётади. Ҳар бир материал тайёрлашга камида икки-уч соат вақт кетади, тендер ва танловлар билан боғлиқ айрим постлар эса уч-тўрт кунлик текширув ва таҳлилларни талаб қилади. Бундай жиддий ёндашув орқали канал давлат харидларини холисона ёритишни мақсад қилган.
Канал ҳеч қандай ташкилот ёки компаниялар билан ҳамкорлик қилмайди. Реклама ёки пиар материаллар жойлаштирилмайди ва
бу орқали канал ўзининг мустақиллигини сақлаб келмоқда.
Муаллиф канал фаолиятидан ҳеч қандай даромад олмайди ва мақолалар учун «соққа» эвазига «заказ»лар қабул қилмайди. Қолаверса, ҳар қандай ноқонуний ёки этикага зид таклифларни ва
илтимосларни рад этиш мақсадида муаллиф ўз анонимлигини сақлашни устун қўяди.
Канал ўз фаолияти учун ҳеч қандай моддий ёрдам талаб қилмайди.
Муаллиф учун асосий мукофот — обуначиларнинг ишончи ва қўллаб-қувватлови.
Муаллиф обуначилардан фақат лайклар, постларни улашиш ва канални бошқаларга тавсия қилиш орқали қўллаб-қувватлашни кутиши мумкин, холос.
Бу нафақат канал ривожи, балки фуқароларнинг давлат ишларидаги иштироки ва масъулиятли фаоллиги учун муҳимдир.
Канал фаолиятига киритилган меҳнатга қарамасдан,
баъзи сайт ва блоглар материаллардан фойдаланиб, муаллифни манба сифатида кўрсатмайди. Афсуски, бу ҳолат ҳатто расмий ОАВ сайтларида ҳам кузатилади. Ҳар бир ахборотдан фойдаланганда манба кўрсатиш, нафақат профессионал одоб қоидаларидан, балки умуминсоний қадриятлардан ҳам ҳисобланади.
Бугун кимнингдир меҳнатини тан олмаслик, эртага ўз ишимиз қадрланмаслигига олиб келиши мумкин.
@revizor_uzb