Дор остидаги сўз
(Мансур Жумаевнинг ”Ҳазрати ишқ” тўпламини ўқиб…)
Ўзини Ҳақ учун фидо қилишга чоғланган шоир аввало ўзидан, моддий дунё юкидан қутилиб, енгил бўлиб олиши керак. Бунинг учун унга фақат ишқ ёрдам бериши мумкин. Бироқ, ишқ нима? Афсуски, бу туйғуни бошқаларга тушунтириб бериш имконсиз…
Деди: Ҳақдан тониб бўлмас,
Дедим: тонмай таниб бўлмас,
севги севгай ўртамоқни,
бу ишқни ўргатиб бўлмас.
Ишқ илоҳий туйғу. Бу туйғу нималигини фақат у билан яшаб, кўнгил ва ақлдан ўтказиб, шахсий тажриба орқали ўз ҳаётингда синаб кўриш билангина ҳис қилиш, англаш мумкин холос.
Шоир ёзади:
Кўз ёши ҳам кутмагин
севинмаган одамдан;
севги сўрма, севгилим,
севилмаган одамдан.
Ишқ мақсад эмас, ўзликдан воз кечиб, Ҳаққа етишиш учун бир восита холос. Шоир ирфоний туйғулар яширин Сўзлар билан ишқ қаршисига чиқади. Сўзлар билан ўзининг кимлигини, инсонлик моҳиятини, Яратган сирларини англашга интилади. Қадам ба қадам, йиллар, ойлар, кунлар ва сониялар кесишувидаги вақт оралиғида ўзини сўзларга улашиб чиқади. Ва охир оқибатда Ҳақ ишқида унинг ўзи ҳам Сўзга айланади.
Қушлар Ҳақ даласин донига борди,
Тоза руҳ ошиқнинг жонига борди,
Севган севилганнинг ёнига борди,
Мен сенинг ёнингга келдим, севгилим.
Шоир ўз севгани- Ҳақ ёнига бориш учун Одам Атодан мерос кўплаб манзилларни босиб ўтиши керак. Ҳаёт ва жамият сарҳадларида одамлар орасида яшаш ҳам бир қаҳрамонликдир. Тинмай ғувуллаб оқиб ётган шовқинли дунёда бир дам руҳий ҳаловат топиш ҳам осон иш эмас. Атрофдаги яқинларинг зулму- заҳмати, ўзини дўст деб кўрсатган бақаламун кимсалардан келган ғаму кулфатлар, руҳиятинг, онгу тафаккурингга тескари қурилган кажрафтор фалак ва нафсу таъма, риёкорлик билан яшаётган одамлар жамиятидан қаерга ҳам қочиб кетиш мумкин? ”Ҳақ йўли албатта бир ўтулгувси”, дея зулмга қарши кураш йўлига чиққан инсон қалбида туғилган исён олови, аввало, унинг ўзига, ўзидаги саҳву хатолар, такаббурлик, манманлик, риё, адоват, кибру ҳаво каби жаҳолат пардаларини батамом ёқиб йўқотишга қаратилган бўлади. Ҳақ ва Ҳақиқат йўли инсон қалби, онги ва тафаккури орқали ўтади. Буюк ва абадий Ҳақиқат васлига фақат ўз нафсини енгган, одамийликдан ўтиб, инсонийлик, яъни, илоҳийлик йўлига қадам қўйган ориф ва фозил зотларгина муяссар бўлишлари мумкин холос.
Ҳақ йўлига ошиққан ошиққа Мутлақ Ҳақиқат - Худодан бошқа ким ҳам ёрдам бера оларди:
Кел, ваҳм шерини жайрон қил, Худо,
Чавандоз нафсимни вайрон қил, Худо,
Мендек бир ёмондан яхши оғочлар
Ундириб, мени бир ҳайрон қил, Худо.
Шоир учун “ўзидан ўтиб, Ўзига етишиш учун” унинг Ўзидан бўлак ғамғусори йўқ.
Икки дунё ҳар бошда пойдор,
ҳар заррада улвий иродат:
ҳар кўнгилда битта Худо бор,
ҳар қадамда битта ибодат…
Ҳамманинг қалбида илоҳий ирода бор, ҳар заррада Яратган нури зоҳир, бироқ не ажабки, инсон ўз вужудида яширин гавҳардан бехабар. Инсон ўз қалбидаги яширин хазинани топиши учун ташқарига эмас, ўз ичига, қалбига йўл олиши, Ўзини ўзидан излаши керак. Не ажабки, бу хазинага етишган ва илоҳий ишқ завқидан қонган Пайғамбарлар, ориф зотлар ва олиму обид инсонлар ўз даври одамлари, ўз қавмдошлари томонидан доимо рад этилган, камситилган, қувғин қилинган ёки Мансур Халлож каби дор остига келтирилган.
Ортидан минглаб шогирдлари, муридларини эргаштириб, одамларни фақат ягона Ҳақ учун яшашга даъват этиб келган Халлож ўзи мансуб давр жамияти ва ҳукмдорларига ҳамма Ҳақ олдида тенг эканлигини уқтирарди. “Ҳукмдорлар Тангрининг ер юзидаги сояси”, деган сохта ақидалар билан одамлар онгига кишан солиб келаётган руҳонийлар “Яратувчи олдида ҳамма тенгдир, шоҳу гадо ҳам…” деб бонг ураётган Халложни йўқотиш билан муаммони ҳал қилиш пайида бўлишгани аниқ. Улар шу йўл билан зулмнинг тегирмонига сув қўйишар экан, жаҳолат тунларини ёритган Халлождек Ҳақиқат қуёшини сўндиришга урунишган. Гарчанд улар Халложни қўлларини кесиб, даҳшатли қийноқлар билан ўлимга маҳкум этган бўлсалар ҳам, даққи тасаввурлар ва қотиб қолган тафаккур қўрғонини бузиб ташлаш учун йўлга чиққан Мансурнинг уйғоқ руҳини ўлдира олмадилар. Бу ўлмас руҳ асрлар оша ориф инсонлар қалбида қайта уйғонди.
Халлож руҳининг бизнинг асримиздаги вориси унинг отдоши Мансур эди.