Мен учун ҳам йиғланглар...Басрада бир обид бўларди. У кўп ибодат қилар, маҳзунлик ва кўп йиғи уни касал қилиб, оздириб юборган эди. Вафоти яқин қолганида аҳлу оиласи унинг атрофига тўпланиб йиғлашди. Обид уларга: «Мени ўтирғизиб қўйинглар», деди. Сўнг уларга қараб, отасидан сўради:
— Отажон, сиз нега йиғлаяпсиз?
— Ўғлим, сени йўқотишни, сендан кейин ёлғиз қолишимни ўйлаб йиғладим.
Обид онасидан сўради:
— Онажон, сиз нега йиғлаяпсиз?
— Фарзанд доғининг аччиғини тотишимни ўйлаб йиғлаяпман.
Сўнг хотинидан сўради:
— Сен нега йиғлаяпсан?
Яхшиликларингизни йўқотишимни, сиздан бошқага муҳтож бўлишимни ўйлаб йиғлаяпман.
Обид болаларидан сўради:
— Сизлар нега йиғлаяпсизлар?
— Сиздан кейин хор бўлишни, етим қолишни ўйлаб йиғлаяпмиз.
Бу жавобларни эшитган обид уларга қараб туриб, йиғлаб юборди. Улар сўрашди:
— Ўзингиз нега йиғлаяпсиз?
— Бирортангиз мен учун йиғламаётган экансиз. Ҳамма фақат ўзи учун йиғлаяпти экан. Ичингизда мен учун — сафарим узоқлигини ўйлаб йиғлайдиган йўқми?
Сафар учун озуқам озлигини ўйлаб йиғлайдиган йўқми?
Тупроқда ётишимни ўйлаб йиғлайдиган йўқми?
Оғир ҳисоб-китобга йўлиқишимни ўйлаб йиғлайдиган йўқми?
Оламлар Роббининг олдида туришимни ўйлаб йиғлайдиган йўқми?
Обид шу сўзларни айта туриб, юзи билан йиқилди. Уни қимирлатиб кўришди. Қарашса, жони узилган экан.
https://t.me/IBRATLY