Бу сафар ҳам махсус кийим ва жиҳозларни олиб, ҳеч бўлмаса шу масофани босиб ўтишни, агар Аллоҳ йўлимизни осон қилса, чўққигача чиқишни ният қилиб йўлга чиқдим. Саҳар соат 6:00 да Чимёндаги дор йўли олдидан сафарни бошладик.
Денгиз сатҳидан 1650 метр баландлик. Чанғичилар йўлни текислаб қўйишгани боис дор йўли остидан юқорига осон юрдик. 1850 метр баландликдан у ёғига 50-70 сантиметр қор устидан ўзимиз йўл очишимизга тўғри келди.
Узоқдан, юқорида чироқ ёғдулари кўринмоқда. Яхши бўлди, ёлғиз эмас эканмиз, биздан олдин чиқаётганлар бор экан. Улар нисбатан тикроқ бўлган ён қир орқали кўтарилишган экан. Хайрият, 2100 метр баландликда асосий сўқмоққа чиқиб олдик.
Биздан олдингилар юриб, йўл очиб қўйишган экан, изма-из кўтарилдик. Эрталаб бўлгани учун қорлар қаттиқ, юриш нисбатан қулай. Бу ёғига тоғнинг қирраси бўйлаб юқорига кўтарилаверамиз. 2300 ва 2500 метр баландликда тоғнинг бел қисмида текис жойлар мавжуд. Ёзда чўпонлар шу ерга қароргоҳ қилади.
2700 метр баландликда қорни эритиб, чой қайнатдик. Чўққигача тахминан 600 метр кўтарилишимиз ва 2,5 км масофани босиб ўтишимиз керак. 2850 метр баландликда тикроқ қоя чиқди. Қоя қор билан қопланиб, музлагани сабаб унга чиқиш муаммо. Қоянинг ўрта қисмига юпқароқ арқон боғлашибди, лекин оғирроқ одамни кўтармайди. Бир-биримизга кўмаклашиб, қояга чиқиб олдик.
Қоядан 30 метр юрилганда кичик грот мавжуд. Бу ерда альпинистлар учун ёдгорлик тахталари ўрнатилган. 3000 метр баландликдан чўққи сари йўлнинг энг хавфли қисмлари - «жандарм» — қоядор йўлак бошланади. Эҳтиёткорликни максимум ошириш керак. Бу жойларни акрофобларга (баландликдан қўрқувчилар) тавсия этмаган бўлардим.
Гротдан 200 метрча ўтгандан сўнг 70 даражали тик қоядан ўтадиган йўл чиқади. Сўқмоқнинг эни 20-30 см, узунлиги 15 метр. Бу ердаги қояга арқон қоқиб қўйилган. Арқонни ушлаб нариги томонга ўтиб оласиз. Оёқ остингиздаги қор музлаган бўлиши мумкин. Иложи борича пастга, жар тарафга қарамасликка ҳаракат қилинг.
Биринчи арқон йўлдан ўтиб, 50 даражали қияликдан тепага кўтарилади. Ушбу қорли йўлакда ҳар бир қадамни ўйлаб босиш керак. Иккинчи арқон йўли узунлиги 50 метр бўлиб, тахминан 70 даража юқорига кўтарилишда ёрдам беради. Ҳозир қор қоплангани учун бу ерда сирпаниш хавфи ҳам бор. Шунинг учун жуда эҳтиёт бўлиш ва қўшимча арқон билан ҳимояланиш талаб қилинади.
«Жандарм»лардан ўтиб олдингизми, марра сизники. Гарчи чўққигача ҳали 150 метр кўтарилиш ва 500 метр ошиб бориш талаб қилинса-да, асосий хавфли ҳудуддан ўтиб олганингиз учун кўнглингизга хотиржамлик кириб келади.
Биздан икки соат олдин йўлга чиққан альпинистлар жамоасига раҳмат. Агар улар йўлни очиб келишмаганида бу жойгача кўтарила олишимиз савол остида қоларди. Альпинистлар билан чўққига 20 метр қолганда тўқнашдик. Раҳмат айтиб, бирга чўққига кўтарилдик.
Соат 14:30. Алҳамдулиллаҳ. Бу ердаги манзарани сўз билан ифодалаб, қалам билан чизиб беришнинг имкони йўқ. Ҳаво очиқлиги боис Чотқол, Угам, Пском, Қоржонтов тизмаларининг баланд чўққилари билан бирга Қозоғистон ва Қирғизистон тоғлари ҳам яққол кўриниб турибди.
Чўққида ярим соатча қолиб, фото ва видео лавҳаларни олиб, қайтишга чоғландик. Соат 16:00 да гротга тушиб, жамоани пойлаб турдик. Шомни шу ерда ўқиб, навбатдаги тик қоядан арқон билан тушиб, йўлни давом эттирдик.
Ой тўлишгани учун тун бўлса-да, атроф ёруғ, ҳатто чироқсиз ҳам юриш мумкин. 2400 метрга тушганимизда кун қуёшли бўлгани сабаб қорлар анча юмшаб қолган экан. Баъзи жойлардан ёшликни эслаб, сирпаниб тушдик.
Шу куни жами 16 километр йўл юриб, жами 1714 метр кўтарилдим. 5115 калория йўқотдим. 14 ярим соатлик сафарнинг 7 соату 20 дақиқаси юриш билан ўтди.
Катта Чимён
12 январь 2025 йилВидеоси:
https://youtu.be/llWBLiBn3HY