ТАНГРИГА МАКТУБЛАР
Биринчи мактуб
Ёшларимни ёмғир айлаган,
сочларимни қор айлаган Зот,
бор ғамимни йўқ қила қолгин,
йўқдан мени бор айлаган Зот!
Эй, кўзимни айлаган соқий,
эй, сўзимни сор айлаган Зот,
шеърларимни шифо қил боқий,
шеърни менга кор айлаган Зот!
Ёр қил мени ёрга, ёронга,
ёр ишқини ёр айлаган Зот,
ёр сочини ёрнинг бўйнига
яшатгувчи дор айлаган Зот!
Яйратиб ёз дастурхонини,
қиш ўчоғин тор айлаган Зот;
синов учун мукофот бериб,
ўлпонини нор айлаган Зот!
Эй, бир қушга тикан тўн ёпиб,
насибасин мор айлаган Зот,
бор дардимни йўқ қила қолгин,
йўқдан мени бор айлаган Зот!
Иккинчи мактуб
Фақат қонли ёшим бор — тўксам,
Сўзим бордир қарғасам, сўксам.
Бир жанггоҳга айланди дунё,
Бу жанггоҳда наҳот Сен йўқсан?!
Бошим шамси самога дўнди,
Ёшим қизил дарёга дўнди,
Балиқлари ютмасми энди,
Ўзим тузган дарёга чўксам?!
Қул, хожаю ҳукм асорат,
Иғво, фитна, уруш, разолат...
Ёки сўзим билан жазолат,
Ёки эшит, дардимни тўксам!
Огоҳмисан сонминг синовдан:
Ўтдан, сувдан, қишдан, қировдан?
Ё мақсадинг билдир бировдан,
Ё ўзимга аён қил йўқса!
Ҳануз менда кўзёш, дийдиё,
Сўз ила сўз қолди бериё...
Бир қиёмат кўтарди дунё,
Бу урҳода наҳот Сен йўқсан?!
Учинчи мактуб
Дарвешлар топинди қалби — шоҳига;
кемалар юкинди бандаргоҳига.
Оллоҳим, Оллоҳим, эшитяпсанми,
қандай чидаяпсан банданг оҳига?!
Ризқими,
тинчими,
эрки бўғилган —
тили тугилганнинг мушти тугилган.
Руҳи бут,
кўзи тўқ,
кўнгли соғ одам
туғилганми ўзи,
қачон туғилган?!
Ночор кулгиларда наво кўрмадим,
узлатимдан бўлак даво кўрмадим,
Кўргиликлар кўрдим,
кўрган кунимни
кўрмаган кимсага раво кўрмадим.
Сезмадим жаҳолат чоҳига, Эгам,
тушмаганимни ҳам,
тушганимни ҳам.
Дўстларим қонини тўктирма, Худо,
Худо, йиғлатмагин душманимни ҳам.
Комил бир кўнгилни юрдим соғиниб,
гарчи кўрсатмадинг умид доғини,
тузган жаҳонингдан кўнглим тўлмади,
Тангрим, қайтадан чиз яхшироғини!
Тўртинчи мактуб
Ёшимизни ёмғир айлаган,
Сочимизни қор айлаган Зот,
Дардимизни йўқ қила қолгин,
Йўқдан бизни бор айлаган Зот!
Мансур Жумаев
2021
Биринчи мактуб
Ёшларимни ёмғир айлаган,
сочларимни қор айлаган Зот,
бор ғамимни йўқ қила қолгин,
йўқдан мени бор айлаган Зот!
Эй, кўзимни айлаган соқий,
эй, сўзимни сор айлаган Зот,
шеърларимни шифо қил боқий,
шеърни менга кор айлаган Зот!
Ёр қил мени ёрга, ёронга,
ёр ишқини ёр айлаган Зот,
ёр сочини ёрнинг бўйнига
яшатгувчи дор айлаган Зот!
Яйратиб ёз дастурхонини,
қиш ўчоғин тор айлаган Зот;
синов учун мукофот бериб,
ўлпонини нор айлаган Зот!
Эй, бир қушга тикан тўн ёпиб,
насибасин мор айлаган Зот,
бор дардимни йўқ қила қолгин,
йўқдан мени бор айлаган Зот!
Иккинчи мактуб
Фақат қонли ёшим бор — тўксам,
Сўзим бордир қарғасам, сўксам.
Бир жанггоҳга айланди дунё,
Бу жанггоҳда наҳот Сен йўқсан?!
Бошим шамси самога дўнди,
Ёшим қизил дарёга дўнди,
Балиқлари ютмасми энди,
Ўзим тузган дарёга чўксам?!
Қул, хожаю ҳукм асорат,
Иғво, фитна, уруш, разолат...
Ёки сўзим билан жазолат,
Ёки эшит, дардимни тўксам!
Огоҳмисан сонминг синовдан:
Ўтдан, сувдан, қишдан, қировдан?
Ё мақсадинг билдир бировдан,
Ё ўзимга аён қил йўқса!
Ҳануз менда кўзёш, дийдиё,
Сўз ила сўз қолди бериё...
Бир қиёмат кўтарди дунё,
Бу урҳода наҳот Сен йўқсан?!
Учинчи мактуб
Дарвешлар топинди қалби — шоҳига;
кемалар юкинди бандаргоҳига.
Оллоҳим, Оллоҳим, эшитяпсанми,
қандай чидаяпсан банданг оҳига?!
Ризқими,
тинчими,
эрки бўғилган —
тили тугилганнинг мушти тугилган.
Руҳи бут,
кўзи тўқ,
кўнгли соғ одам
туғилганми ўзи,
қачон туғилган?!
Ночор кулгиларда наво кўрмадим,
узлатимдан бўлак даво кўрмадим,
Кўргиликлар кўрдим,
кўрган кунимни
кўрмаган кимсага раво кўрмадим.
Сезмадим жаҳолат чоҳига, Эгам,
тушмаганимни ҳам,
тушганимни ҳам.
Дўстларим қонини тўктирма, Худо,
Худо, йиғлатмагин душманимни ҳам.
Комил бир кўнгилни юрдим соғиниб,
гарчи кўрсатмадинг умид доғини,
тузган жаҳонингдан кўнглим тўлмади,
Тангрим, қайтадан чиз яхшироғини!
Тўртинчи мактуб
Ёшимизни ёмғир айлаган,
Сочимизни қор айлаган Зот,
Дардимизни йўқ қила қолгин,
Йўқдан бизни бор айлаган Зот!
Мансур Жумаев
2021