Ҳар куни дунё бўйича минглаб инсонлар донор қонига эҳтиёж сезади. Донорлик — одамларга яхшилик қилишнинг энг оддий кўриниши бўлиб, ушбу беғараз, кўнгилли ёрдам қонга эҳтиёжи бор инсонлар учун ҳақиқий кўмакдир.
Комбинатимизнинг Навли прокат бўлинмаси смена устаси вазифасида меҳнат қилувчи Илхом Пакирдинов ҳамда ушбу бўлинманинг касаба қўмитаси раиси Абдувохид Иргашев ҳам мана шундай кўнгилли донорлардан бири ҳисобланишади. Улар 16 йилдан буён мунтазам равишда қон топшириб келмоқда.
Бугун 14-июнь – Халқаро донорлар куни муносабати билан Илхом Пакирдинов ва Абдувохид Иргашев амалга ошириб келаётган беғараз, кўнгилли ёрдамлари учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика қон қуйиш маркази томонидан "Ташаккурнома" ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Юртимизда ана шундай меҳрли ва қалби эзгуликка тўла инсонлар бор экан жамиятимиз доимо саломат бўлади.
@Behzod_Qodirov