Forward from: Abdulla Sher ijodi
“ЁНАЁТГАН ЙЎЛ” ДОСТОНГИДАН
ТЎРТИНЧИ БОБ
Ғизиллаб боради ўттиз еттининг
Кузида қоп-қора «НОН» машинаси;
Маҳбусу мурдалар ташир бетиним
Туннинг машинаси, қон машинаси.
Чалкашиб кетади бирдан тасаввур:
Энди Ҳакоп ҳам йўқ, Папоян ҳам йўқ,
Энди кабинада икки такаббур:
Ленин ва Сталин – қондан кўнгли тўқ.
Ленин йўл кўрсатар, Сталин ҳайдар:
Ўлим машинаси ғизиллаб борар;
Бортдаги «НОН» сўзи чўпчаклар айтар,
Бегуноҳ қон ортдан тизиллаб борар.
Ёлғон гап, ёлғон иш, икки тожсиз шоҳ
Бир-бирин «ўртоқ» дер – ихлос ҳам ёлғон.
Эшикни шарт очиб Сталин ногоҳ,
Итариб юборар Ленинни осон.
Сўнг, уни мўмёлаб, борар бир ўзи.
Энди доҳийга хос шахт овоз билан
Ўзига руҳ берар ўзининг сўзи:
«Қадимдан бир гап бор: «Халқ асли пода
Ва чўпон бўлмагай унга ҳеч ўртоқ,
Халқ бахтин домо қилгай зиёда
Қопонғир итлару узун бир таёқ».
Ва лекин, ўртоқлар, бошқача буткул
Болшевикча фикрим ушбу борада:
Керакмас пода ҳам, керак эмас қул.
Каттакон таёқ ҳам шартмас орада.
Халқ деган оммадан бир текис, равон,
Ясамоқ керакдир икки тоифа –
Бир қисми ит бўлсин, бир қисми – қуён!
Шу эрур аср учун буюк лойиҳа:
Ҳеч ёққа қарамай қувади бири,
Бири қочиш билан фақат овора.
Шундадир хотиржам даҳолик сири,
Шундадир ҳар қандай эрк-перкка чора!
Ўшанда мен севган социализм,
Менинг кўнглимдаги халқ бўлур пайдо.
Қуёну итлардан иборат тузум
Миллатни рад этиб, яшайди ризо.
Зеро қанча ошса мурдалар сони,
Тирикларнинг қадри пасаяр шунча.
Ҳар кимнинг кўзига кўриниб жони,
Тубанлик барқ урар дунё тургунча.
Ахир, ҳукмронлик кўҳна мойжувоз
Инсонни зиғирдек тинмай эзишга:
Нерондан менгача келган бу мерос
Ҳали кўп замонлар ярайди ишга.
Омма чи, шу жувоз отидек бир гап,
Бир кўзи очиғ у, боғлиқ бир кўзи.
Юряпман олға деб, айланар терлаб,
Кетяпман тўғри деб, ишонар шўрлик.
Бор йўғи қамчининг эгасиман мен,
Боя айтганимдек, қилмайман зўрлик:
Халқни халқ синдирар, чегачиман мен.
Биз Ленин иккимиз на шер, на қоплон,
Шайтонга дарс берган ташвиқотчимиз:
Марксчилик деган чиройли ёлғон
Дунёга ҳукмрон бўлсин деймиз биз.
Фақат менга ёқмас Ҳитлер дўстимиз,
Унинг социализми тегади ғашга:
Нонимни яримта қилмоқчи, юзсиз,
У менинг ошимга тушган бир пашша!..
Ҳа, майли, билгаймиз кейинроқ сағал
Ҳақми ё ноҳақми Нострадамус –
Дунё тақдиридан кўп аср аввал
Фол очган энг машҳур фолбин франсуз».
Сталин сўзларми, жунжикар этинг,
Билмам, бу ё ўша машина саси?!..
Гувиллаб боради Ўттиз Еттининг
Қон сачратиб учган «НОН» машинаси...
Тошкент,
1998
ТЎРТИНЧИ БОБ
Ғизиллаб боради ўттиз еттининг
Кузида қоп-қора «НОН» машинаси;
Маҳбусу мурдалар ташир бетиним
Туннинг машинаси, қон машинаси.
Чалкашиб кетади бирдан тасаввур:
Энди Ҳакоп ҳам йўқ, Папоян ҳам йўқ,
Энди кабинада икки такаббур:
Ленин ва Сталин – қондан кўнгли тўқ.
Ленин йўл кўрсатар, Сталин ҳайдар:
Ўлим машинаси ғизиллаб борар;
Бортдаги «НОН» сўзи чўпчаклар айтар,
Бегуноҳ қон ортдан тизиллаб борар.
Ёлғон гап, ёлғон иш, икки тожсиз шоҳ
Бир-бирин «ўртоқ» дер – ихлос ҳам ёлғон.
Эшикни шарт очиб Сталин ногоҳ,
Итариб юборар Ленинни осон.
Сўнг, уни мўмёлаб, борар бир ўзи.
Энди доҳийга хос шахт овоз билан
Ўзига руҳ берар ўзининг сўзи:
«Қадимдан бир гап бор: «Халқ асли пода
Ва чўпон бўлмагай унга ҳеч ўртоқ,
Халқ бахтин домо қилгай зиёда
Қопонғир итлару узун бир таёқ».
Ва лекин, ўртоқлар, бошқача буткул
Болшевикча фикрим ушбу борада:
Керакмас пода ҳам, керак эмас қул.
Каттакон таёқ ҳам шартмас орада.
Халқ деган оммадан бир текис, равон,
Ясамоқ керакдир икки тоифа –
Бир қисми ит бўлсин, бир қисми – қуён!
Шу эрур аср учун буюк лойиҳа:
Ҳеч ёққа қарамай қувади бири,
Бири қочиш билан фақат овора.
Шундадир хотиржам даҳолик сири,
Шундадир ҳар қандай эрк-перкка чора!
Ўшанда мен севган социализм,
Менинг кўнглимдаги халқ бўлур пайдо.
Қуёну итлардан иборат тузум
Миллатни рад этиб, яшайди ризо.
Зеро қанча ошса мурдалар сони,
Тирикларнинг қадри пасаяр шунча.
Ҳар кимнинг кўзига кўриниб жони,
Тубанлик барқ урар дунё тургунча.
Ахир, ҳукмронлик кўҳна мойжувоз
Инсонни зиғирдек тинмай эзишга:
Нерондан менгача келган бу мерос
Ҳали кўп замонлар ярайди ишга.
Омма чи, шу жувоз отидек бир гап,
Бир кўзи очиғ у, боғлиқ бир кўзи.
Юряпман олға деб, айланар терлаб,
Кетяпман тўғри деб, ишонар шўрлик.
Бор йўғи қамчининг эгасиман мен,
Боя айтганимдек, қилмайман зўрлик:
Халқни халқ синдирар, чегачиман мен.
Биз Ленин иккимиз на шер, на қоплон,
Шайтонга дарс берган ташвиқотчимиз:
Марксчилик деган чиройли ёлғон
Дунёга ҳукмрон бўлсин деймиз биз.
Фақат менга ёқмас Ҳитлер дўстимиз,
Унинг социализми тегади ғашга:
Нонимни яримта қилмоқчи, юзсиз,
У менинг ошимга тушган бир пашша!..
Ҳа, майли, билгаймиз кейинроқ сағал
Ҳақми ё ноҳақми Нострадамус –
Дунё тақдиридан кўп аср аввал
Фол очган энг машҳур фолбин франсуз».
Сталин сўзларми, жунжикар этинг,
Билмам, бу ё ўша машина саси?!..
Гувиллаб боради Ўттиз Еттининг
Қон сачратиб учган «НОН» машинаси...
Тошкент,
1998