* * *
Ҳали ҳам мен ўша – Абдулла Шерман,
Бадавлат яшайман, ғариб яшайман.
Гоҳида осмонман, гоҳида ерман,
Ёш эдим – яшадим, қариб яшайман.
Атрофда икки дўст – Иззат ва Ҳурмат,
Каттакон шаҳарда «катта одам»ман.
Аслида бу, лекин, оммавий суврат
Сийратан кўримсиз, нозик қаламман.
Мени истеъдодли дейиш одатдир,
Билмайман: у ишқми, дардми? Билганим –
«Истеъдод» сўзининг ярмиси «дод»дир,
Шоирдир шу додни кўтаролса ким.
Шу додни ортмоқлаб мен бахтли, бебахт,
Яшайман пойтахтнинг қоқ марказида.
Ғувиллаб ўтади шаҳардаги Вақт
Тунука том уйимнинг нақ орқасидан.
Вақтнинг-ку, тишини кўрмадим, аммо,
Кемириб борар у ҳамма нарсани;
Гоҳида тепамда кулрангтус само
Эслатар осилган улкан харсангни.
Гоҳида чарақлаб бепоён осмон,
Мени бир юлдуздек қабул қилади.
Ҳар ёруғ юлдузга бағишлаб достон,
Мен Сомон Йўлидан юргим келади.
Гоҳида қишлоқи болалигимнинг
Овози хаёлга келиб инади, –
Кўкқарға учганда силкинган симнинг
Бир зум зириллаши титраб, тинади.
Шовқинлар ичида, сукут ичида,
Энг гўзал шеърини кутади умр;
Чексизлик ичида, ҳудуд ичида
Вақт билан олишиб ўтади умр.
Гоҳ тунлар, лекин, мен энг бахтли одам, –
Эшигим тақиллаб, янграйди исмим:
Мени сўраб келар ул олис кўклам,
Кўкқарға ортидан зириллаган сим...
Тошкент,
2001