Шерзод Комил Халил ижоди


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Books


Бу ўзбек ёзувчиси Шерзод Комил Халилнинг муаллифлик канали

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Books
Statistics
Posts filter


«Кундалик-2025»дан:         23.03.2025.
                                                   Тошкент.

       Туни билан уйқуни йўқотдим. Худди ниманидир йўқотгандай, баъзан шундай бўлади. Эрталабки юришга чиқдим. Ҳаво яхши эди, бироз юрдим. Уйга қайтгач Марсел Прустнинг ҳикоялари таржимаси билан шуғулландим. Иш яхши кўчмади. Ухладим. Душ қабул қилгач, Шодиқул Ҳамроевнинг «Кўккўл» ҳикоясини ўқидим. Шодиқул Ҳамронинг ҳикоялари мистик ҳикоялар, Икки кунда тўртта ҳикоясини ўқидим, ҳаммаси мистика. Мен бу ёзувчини илк бор талабалик вақтимда ўқиганман. Шундан сўнг орадан бир неча йиллар ўтиб вақти-вақти билан айрим асарларини ўқиганман. Очиғи мен уни Назар Эшонқулдан кам баҳоламайман. Менинг назаримда Шодиқул Ҳамро етарли баҳоланмаган ёзувчи. Мен уни ҳикоялар тўпламини нашрга тайёрламоқчиман. Ўзбек ўзини кучли ёзувчиларини сақлаб қолиши керак. Мен Олим Отахонни шунинг учун нашрга тайёрладим. Шодиқул Ҳамрони ҳам тайёрлайман. Энг яхши ўзбек ёзувчиларини майдонга қайтармоқчиман. Турк адабиётини ўқувчилар онгига қилаётган босқинига қарши кучли ўзбек ёзувчилари билан қарши зарба бермоқчиман. Туркий дунёда энг кучли адабиёт бу - ўзбек адабиёти. Биргина Айтматов, биргина Ўрхон Памуқни бериб, биздан адабий етакчиликни туркий дунёда ҳеч ким тортиб ололмайди. Ўтмишда ҳам, келажакда ҳам бу содир бўлмайди.
      Пруст билан жиддий шуғулланаман ҳали. Тушдан кейин хотиржамлик келди. Кечки овқатдан сўнг, столда тошдек қотиб ўтираман. Эҳтимол оқшом бироз сайрга чиқарман, аммо барибир қатъий режимда ўтираман. Меҳнатнинг роҳати албатта келади...

@Sherzodkomilkhalil


Шерзод Комил Халил

Осмон ва юлдуз

Кечалар сен қандай уйғониб кетасан?
Юлдузлар милтилламаган осмонингда;
Оғир ўйлар ичра нетасан?..   
Мен йўқман афсуски ёнингда.
Ёдингда йўқман афсуски,
Йўқман хаёлларингда,
                                   орзуларингда,
                                               сирларингда,
Йўқман,
йўқолганман бутунлай;    
Кундай ёруғ,
тундай қаро кўзларингда!
Синоат бор билмайман қандай?!
Қандай надомат бор ва қандай афсус?
Менинг осмонимда порлаган юлдуз!
Мен ўша заминни унутган осмон,
Юлдузин йўқотган ойсиз шомларда;
Энди сен дардингни қилганча достон,
Осмонни сўрайсан қайси комларда?!
Қайси соатларда, қайси онларда,
Нимадан ва кимдан истагайсан шон!
Чарақлашни ўйла,
                                    ўйла балқишни,
Пойингга тўкилиб тушмасдан осмон!

23.03.2025.
Тошкент
.

@Sherzodkomilkhalil


Марсел Пруст

Де Брейв хонимнинг аянчли ҳаёти

(Боши аввалги саҳифада, давоми)

Франсуаза ўз ҳасратига ҳамдардлик билан муносабатда бўлаётган ва унинг қайғусини ҳис қилиб, бирор сўз айтишга журъат этмасдан унга итоат билан хизмат қилишаётган хизматкорлари ҳузурида ўзини ҳар тугул пича яхши ҳис қиларди. Хизматкорларнинг ройиш сукути ва қайғудошлиги  унга де Лалеанд ҳақида сўйларди. У бу сукутни завқ ила ҳис қилар, дугоналари келиб, унга нимадир қилишга мажбур бўладиган дамлардан ўзини узиб, ўша лаҳзалар саодатидан узоқлаштирмаслиги учун нонушта пайтларида хизматкорларни узоқроқ хизмат қилдирарди. Иттифоқо, у де Лалеанд туфайли атрофида тарқалган қайғунинг аччиқ ва ширин таъмини узоқроқ сақлашни жуда хоҳларди. Қанча кўп одамлар унинг хизмати остида бўлишини нақадар хоҳларди бундай вақтлар; Франсуазага қалбида тарқалган қайғу яқин-атрофдагиларни ҳам жичча бўлса-да, эгаллаб олганлигини англаш тасалли берарди; алоҳа, у ўзининг уқубатларидан қийналадиган тилсиз ва бардошли мавжудотларга эга бўлишни қанчалик хоҳларди. Баъзида, умидсизликка тушиб, де Лалеандга ёзишга ёки бу ҳақида кимдандир сўрашга қарор қиларди; жувон бу ҳаракати билан ўзини шарманда қилишга тайёр эди. Ўзи таъкидлаганидек: «энди унга ҳеч нарса фарқи йўқ эди». Бироқ ўз севгиси манфаати учун ҳам, агар бу келажак қачондир юз берса, ўзининг дунёвий қадр-қимматини сақлаб қолиш яхшироқ бўларди. Унинг де Лалеанд билан яқинлиги аввалги таассуротларини бузишини ҳатто тасаввур қилишни ҳам хоҳламасди, лекин қалбининг кўрлиги билан ўткир мушоҳадаси орасида бу шафқатсиз муқаррарликни очиқ-равшан илғаб турарди. Билъакс, бу воқейлик содир бўлса, у охирги таянчини ҳам йўқотишини яхши тушунарди. Қанийди, туйқусдан ўзга бир кимни севиб қолса-ю, ҳозир инон-ихтиёрини бериб қўйган жозиб туйғудан мосуво бўлиб Парижга қайтса, де Лалеанд билан осонгина яқинлашишга ҳеч қандай ораларида тўсиқ бўлмасди. У ўз  туйғуларига  холисона муносабатда бўлишга интилиб, ўзига-ўзи деди: «Мен унинг ўртамиёна одам эканлигини биламан ва доим шундай деб ҳисоблаганман. У ҳақидаги фикрим ҳозир ҳам ўзгаргани йўқ. Қалбимга шунчаки чалкашлик кириб, изтироб ўрнашди. Буларнинг бари шунчаки арзимас, аҳамиятсиз нарса». Лекин бундай ўйлар ҳам амалда ҳеч нарсани ўзгартиролмади. У ўйладшда давом этаркан дерди: «Менинг умрим арзимас бир нарса билан тўлдирилган. Ҳаётим Жак Лалеандга тўла».
        У Лалеанд номини тилга олганида(ҳар гал беҳушларча ўз-ўзини таҳлил қилмасдан), уни ўзича тасаввур қилар, бундан завқланар ва шу қадар чидаб бўлмас оғриқни бошдан кечирардики, эркакнинг қанчалар ўртамиёналиги, қанчалар аҳамиятсиз одам эканлиги муҳим эмаслиги жувонга яққол намоён бўларди, мавжуд ҳол эса жувонга шу қадар азоб ва қувонч келтирардики, буни олдида бошқа барча нарсалар ҳеч нарса эди. Гарчи у Лалеандни яқинроқ танисам бу туйғулар ўтиб кетади, деб ўйлаётган бўлса-да, бу саробга иродасининг бутун қайғусини бахшида этаётганини ҳа, деганда англайвермасди. «Қўшиқ усталари»дан у муҳтарама д’А… хонимнинг зиёфатида эшитган бир жумла, унинг ёдида де Лалеанднинг образини айниқса яққол намоён қилди(“Dem Vogel der heut sang, dem war der Schnabel hold gewachsen” - «Бугун сайраган қушнинг тумшуғи ёқимли эди»). Ўз хоҳишига зид ўлароқ, у бу жумлани де Лалеанднинг эслаш учун ўзига хос бир тимсолга айлантирди, зеро у бу қўшиқни Трувиллдаги концертда эшитиб, йиғлаб юборганди. Шундан буён вақти-вақти билан(албатта бундан зерикиб қолмаслик учун жуда тез-тез эмас), роялни олиб келишни буюриб, хонасига қамалиб оларди ва де Лалеандни яхшироқ кўз ўнгида жонлантириш учун кўзларини юмиб, ўша куй жумлалари мусиқасини чаларди; унинг ягона маст қилувчи қувонч шул эди, ҳа, бу шундай афсун эдики, агар шу ҳам бўлмаганда, уни ҳафсаласи буткул пир бўларди – яшай олмасди, куй эса у учун қутқарувчи афюнга айланганди.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

(Давоми бор)

@Sherzodkomilkhalil


8(448).pdf
6.1Mb
«Улуғ йўл» газетасининг 2025 йил, 20-март сони пдфи. «Китоб» номли эссемизни манбаси сифатида канал хотирасида сақлаб қўямиз...

@Sherzodkomilkhalil


«Улуғ йўл» газетасининг 2025 йил 20-март сонида «Китоб» номли эссем босилибди. Таҳририят жамоасига ташаккур! Наврўз барчангизга қутлуғ бўлсин азизлар!

@Sherzodkomilkhalil


Марсел Пруст

Де Брейв хонимнинг аянчли ҳаёти

(Боши аввалги саҳифада, давоми)

Аламли йиғининг сабаби тайин эди, зеро энди унинг умид-истаклари илдизи билан юлиб олиниб, ҳалокатга маҳкум этилганди. У юрак-бағри чок-чокдан сўкилганини ҳис қилди ва туйқус ойдинлашган ҳақиқат маёғида ёлғон ортига беркитиб келаётган қайғусининг тубида ўз муҳаббатини кўрди.
 
                             IV
         Франсуаза кундан-кунга ҳаётидаги жамеки қувончларни истамайдиган даражада одамови бўлиб борарди. Бу қувончларнинг энг тотли лаҳзаларини илгарилари онаси ёки Женевьева билан бўлишган бўлса, эндиликда, мусиқа билан шуғулланиб, ё китоб ўқиб, улар билан бирга сайрга чиқиб туядиган лазиз дамларда ҳам юрагининг тубида чўкиб қолган қайғу тарк этмаётганини оғриқли руҳ  билан қабул қиларди. Биаррицга боришнинг иложи йўқлиги ва у ерга, ҳатто боришни иложи бўлса ҳам, бормаслик ҳақидаги қатъий қарор (де Лалеанднинг кўз ўнгида бемаъни қилиқ кўрсатиб ўзини шарманда қилмаслик учун) — буларнинг бари унга чексиз азоб берарди. Ўзининг нима учун бундай қийноқларга дучор этилаётганини тушунмасдан, бечора митти қурбон, бу азоблар қутқарув келгунга қадар, эҳтимол, ойлаб давом этиши, тинч ухлашга ва эркин орзу қилишга халақит бериши мумкинлиги ҳақидаги фикрдан қўрқиб кетди. Франсуаза де Лалеанднинг Париж орқали бирон ёққа ўтиб кетиши ва у бу ҳақда хабарсиз қолиб кетишидан ҳам қаттиқ ташвишда эди. Бироқ бахтни иккинчи марта қўлдан бой беришдан қўрқув унга жасорат берди: у хизматкорини де Лалеанднинг швейцариялик дарбонига юборди ва у ҳақида бирон нарса билиб келишни  буюрди. Маълум бўлдики,  швейцарияликни шимилтириқдан ҳам хабари йўқ экан. Уфққача чўзилган қайғунинг бу бўронли денгизида умиднинг бирорта ҳам елкани пайдо бўлмаслигини ҳис қилиб, де Лалеанддан сўнг Франсуаза учун гўё ҳеч нарса йўқдек ва дунё тугайдигандек туюларди, у ўзини телбавор ҳаракатларга тайёрлигини ҳис қилди — айнан нима қилишини, гарчи ҳали ўзи ҳам билмасди; шу боис ўзининг шахсий шифокорига айланиб, кўнглини бироз бўлса-да  тинчлантириш учун де Грумеллога қуйидагича хат ёзиб юборди:

Жаноб,
Бюивр хоним менга Сизнинг меҳрибон ниятингиз ҳақида хабар берганди. Нақадар ҳаяжондаман ва Сиздан қанчалик миннатдорман! Лекин бир фикр мени ташвишга солади. Де Лалеанд менинг истагимни беодоблик деб топмадими? Агар Сиз буни билмасангиз, ундан сўранг ва билганингиздан кейин албатта менга бор ҳақиқатни айтинг. Бу мени жуда қизиқтиради, жавобингиз билан менга завқ келтирасиз. Сизга яна бир бор ташаккур. Менинг энг яхши туйғуларим
Сиз билан,
Веражин Брейв”.

Бир соатдан сўнг хизматкор унга қуйидаги мактубни келтирди:

        “Хавотирланманг, мадам, де Лалеанд у билан кўришишни  хоҳлаётганингиздан хабар топганича йўқ. Мен унга илтимосим кимдан эканлигини айтмасдан, қачон рақс тушиш учун меникига келиши мумкинлигини сўрадим. У Биаррицдан январь ойидан олдин қайтмаслигини айтди. Менга миннатдорчилик билдиришга ҳожат йўқ. Сизга озгина бўлса ҳам хурсандчилик келтирсам, бу шубҳасиз мен учун энг катта қувонч бўларди. Грумелло”.

      Батаҳқиқ энди нимадир қила олиш  имконияти қолмаганди. Франсуаза кундан-кунга қайғуга ботиб, ўзининг шу қадар маҳзун бўлаётганидан, боз устига онасини ҳам хафа қилаётганидан азоб чекарди. Дардини аритиш учун у бир неча кунга қишлоққа борди, кейин Трувиллга қараб йўл олди. Ўша ерда у де Лалеанднинг жамиятда ўз ўрнига эга одамлиги ҳақидаги муждани ўз қулоқлари билан эшитишга муваффақ бўлди; қандайдир князь, у билан бу борада суҳбатлашаркан, ундан сўради: «Мен сизга қандайдир хурсандчилик келтира оламанми?» — деганида, у бор гапни айтди, шунда унинг қанчалик ҳайрон қолиб, Франсуазанинг истакларидан кулгиси қистаганини кўрди; жувон бундай мураккаб ҳаракатлар ўртасидаги бу зиддиятнинг бутун мафтункор аччиғини ичига ютишга мажбур бўлди, чунки унга ёқиш учун қилинган мукаммал ҳаракатлар, аёлнинг осойишталиги, соғлиғи, шахсий бахти ва яқинларининг ҳузур-ҳаловатини қайтариши мумкин бўлган кичик, аммо шунчалик енгил ва имконсиз ҳаракат эдики, буни ҳамма ҳам тушуниб англайвермасди.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

(Давоми бор)

@Sherzodkomilkhalil


Book.uz да Фёдор Достоевский бурчаги ташкил этилди...

@Sherzodkomilkhalil


Марсел Пруст

Де Брейв хонимнинг аянчли ҳаёти

(Боши аввалги саҳифада, давоми)

— Жак Лалеанд биланми? Уни менга ҳам таништиришган, лекин у ҳеч қачон меникига ташриф буюрмаган. Мен у билан умуман муносабат қилишингни қўллаб-қувватламайман.
— Майли-куя, лекин мен бу танишувга бироз қизиқаяпман, тўғрироғи — у билан танишишга, албатта, ўзим учун эмас, шунчаки бошқалар билан учрашиш жуда қизиқ. Буни сабабини эҳтимол, бир ой олдин сенга айтаман (шу бир ой давомида у фош қилмаслик шарти билан иккаласи учун сир бўлиб қолиши керак бўлган бу нарсада уни қўллаб-қувватлаши керак бўларди). Мен сендан илтимос қиламан, менга у билан учрашувни уюштир, зиёфатлар мавсуми аллақачон тугагани боис ўзим у билан тўғридан-тўғри учраша олмайман.
       Женевьеванинг яқин дўстлиги, агар у самимий бўлса(худди Франсуазаники каби), уни бунинг сабабини билишга бўлган қизиқишдан — аксарият дунёвий одамларнинг жирканч завқидан ҳимоя қилиши керак эди. Шунинг учун Женевьевага бирор дақиқага бўлса ҳам дугонасини сўроқ-қистоқ қилиш фикри келмади, аксинча, у муносиб учрашув  имкониятни қидира бошлади, бутун қалби билан уни топишни хоҳлар ва муваффақиятсизликдан батаҳқиқ ғазабланарди.
— Жаноби олиялари д’А… хонимнинг узоққа кетиб қолганидан жуда афсусдаман! Тўғри, де Грумелло ҳам бор, лекин у бизга ёрдам бера олишига шубҳа қиламан. Мен унга нима дейман? Ҳа, дарвоқе, бир фикр келди! Де Лалеанд виолончелда рақс тушади, тўғри, жуда ёмон, лекин бу ҳеч нарсани англатмайди. Жаноб де Грумелло унинг рақсига қойил қолади, қолаверса, у аҳмоқ бир одам, бу борада сенга завқ келтиришдан хурсанд бўлиши аниқ. Лекин мени фақат бир нарса тўхтатади: сен доим де Грумеллодан четда бўлганинг учун, унинг хизматларидан фойдаланишинг ҳам даргумон. Бошқа томондан ўзинг ҳам у билан муносабатга киришишни хоҳламасанг керак.
       Франсуаза имконият туғилганидан ва хурсандчиликдан қизариб, хитоб қилди:
— Бу муҳим эмас, агар бу учун керак бўлса, мен Париждаги барча одамлар билан мулоқот қура оламан! О! Буни тезроқ уюштир, менинг кичкина Женевьевам! Қандай ширинсан-а?!
        Шундан сўнг Женевьева қуйидаги мактубни ёзди:

Биласизми, жаноб, мен сизга, албатта, аллақачон учрашган бўлишингиз керак бўлган  қалин дугонам — Брейв хонимга завқ келтириш учун имконият қолдираман. Бир неча марта, суҳбатимиз виолончелда рақс тушиш ҳақида борганда, у ҳеч қачон яқин дўстингиз де Лалеандни эшитмаганидан афсус қилди. Ундан у ва мен учун рақсга тушиб беришни сўраб бера олмайсизми? Биласизки энди, зиёфат баллари мавсуми тугаган, шундан келиб чиқиб бу нарсани уюштириш сизга ортиқча қийинчилик туғдирмайди ва бу сиз томонингиздан бизга кўрсатилган яхши бир ҳиммат бўларди.
Сизга энг яхши тилаклар билан, Алериувр Бюивр
”.

— Бу хатни зудлик билан де Грумеллога элтиб беринг, — деб буюрди хизматкорига Франсуаза. — Жавоб кутишингиз шарт эмас, лекин хатни сизнинг кўзингизча топширишларини талаб қилинг.
         Эртаси куни Женевьева ўзига Грумеллодан келган қуйидаги жавоб хатини хизматкоридан Брейв хонимга  бериб юборди. Унда шундай дейилганди:

Мадам,
Мен сизнинг ва Брейв хонимнинг истакларига қарши бормасликдан, албатта жуда хурсанд бўлардим; шубҳасиз хонимни орқаравотдан бироз танийман ва унга нисбатан жуда самимий ва ҳурматли муносабатдаман. Афсуски, атиги икки кун олдин, бахтсиз ҳодиса юз бериши ортидан, жаноб де Лалеанд Биаррицга жўнаб кетди, бахтга қарши, у ерда бир неча ой қолади.
Энг яхши тилакларимни қабул қилинг, Грумелло”.


       Бу хабардан ранг-рўйи оқариб кетган Франсуаза эшикни ичкаридан қулфлаш учун уйга отилди. У бунга зўрға улгурди. Негаки ўкроқ йиғи аллақачон томоғига тиқилиб қолганди. Зеро у шу кунгача де Лалеанд билан учрашувлар ва танишувнинг романтик имкониятларини ўйлаш билан қаттиқ банд эди; энг кичик умиди бу учрашув имкониятига ишончи бўлиб, у шу истак ва умид билан яшаётганди, албатта буни ўзи тушуниб етмаган бўлса ҳам, мавжуд воқейлик шундан дарак берарди. Зеро бу истак унинг қалбига минглаб кўз илғамас илдизлар билан чуқур ўрнашган, унинг энг яширин бахт ва қайғу туйғуларида шу ҳис ниш урганди.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

(Давоми бор)

@Sherzodkomilkhalil


Марсел Пруст

Де Брейв хонимнинг аянчли ҳаёти

(Боши аввалги саҳифада, давоми)

Вақт тез ўтди, аллақачон кеч бўлганди; де Лалеанд кетиш тараддудига  тушди, у чиқаётганда, эшик очиқ қолганди, Брейв хоним вестибюлда унинг ўз рақамини хизматкорга бераётганини кўрди.
— Сен ҳақсан, дарҳақиқат кетиш вақти бўлди, — деди у Женевьевага.
         Улар ўринларидан турдилар. Лекин Женевьева унга бир муҳим гап айтмоқчи бўлган бошқа бир дугонаси билан бурровга гаплашиб олишга чиқиб кетди, Франсуаза бу вақтда вестибюлда ёлғиз ўзи қолди. Бу пайтда бу ерда де Лалеанддан бошқа ҳеч ким йўқ эди, у кетиш жафосида ҳассасини топа олмаётганди. Франсуаза охирги марта унга табассум қилиш билан ўзини хурсанд қилди. Де Лалеанд унинг ёнидан ўтиб кетаётиб, тирсаги билан енгилгина тирсагига тегди ва тўхтади ва гўё ҳали ҳам ҳассасини қидиришни давом эттираётгандек, деди:
— Меникига меҳмонга келинг. Қироллик кўчаси, 5-уй.
          Бу шунчалик кутилмаган таклиф  бўлганиданми, ё де Лалеанд ҳассани ғайрат билан ахтаришда давом эттираётганиданми, у буни кейинчалик воқейликми, ё галлюцинациямиди, аниқ айта олмади. Аёл қўрқиб кетганди, шу боис ёнидан ўтаётган княз А…ни зудлик билан эртага бирга сайр қилиш ҳақида гаплашиш учун чақирди ва билан жонли мулоқотга киришиб кетди. У гаплашаётган пайтда де Лалеанд кетиб қолди. Бир неча дақиқадан сўнг Женевьева қайтди ва иккала аёл бу ердан бирга чиқишди. Брейв хоним дугонасига ҳеч нарса айтмади; у ҳайратда ва мафтун бўлган эди, лекин аслида ўзини бефарқ кўрсатарди. Икки кундан сўнг, у буни тасодифан эслаб, де Лалеанд бу сўзларни ҳақиқатан ҳам айтганмиди ёки йўқми, шубҳаланиб ҳам қолди. Хотирасини қанча ишга солганига  қарамай, у ҳеч нарсани аниқ эслай олмади, ҳаммаси гўё тушда юз бергандек эди, аёл тирсагига тегинилишини шунчаки тасодифий ноқулайлик деб ўйлайди. Шу билан у де Лалеанд ҳақида ўйлашни тўхтатди ва кимдир тасодифан унинг исмини айтса, вестибюлдаги ҳодисани бутунлай унутиб, дарҳол унинг юзини кўз ўнгига келтирадиган бўлди. Де Брейв хоним уни мавсумнинг охирги сўнги оқшомида яна учратди (ўшанда июнь ойи охирлаб қолганди), бироқ бу гал ҳеч кимга уларни таништиришларини сўрашга журъат қилолмади, шунга қарамай, у эркакни деярли хунук деб ҳисобласа-да ва унинг ақлли эмаслигини билса ҳам, де Лалеанд билан танишишни жуда хоҳлаётганини сезиб қолди. У Женевьевага яқинлашди ва деди:
— Барибир, мени де Лалеанд билан таништир. Мен беодобликни ёқтирмайман. Сендан буни сўраганимни ҳеч кимга айтма. Шундай қилишга очиғи мен ҳаддан ташқари мажбур бўлдим.
— Яхши, қачон у бу ерга қайтса сени таништираман; ҳозир у бу ерда йўқ.
— Йўқ бўлса, уни қидир.
— Балки, у аллақачон кетиб қолгандир.
 — Йўқ, асло! — жонли тарзда эътироз билдирди Франсуаза. — У кетиб қолиши мумкин эмас, чунки ҳали вақтли. О! аллақачон соат ўн икки бўлибди-ку?! Эшит, менинг кичкина Женевьевам, ахир бу унчалик ҳам қийин эмас-ку?! Ўтган сафар сен ўзинг буни хоҳлагандинг. Энди эса буни сендан илтимос қиламан, бу мен учун жуда муҳим. Женевьева унга бироз ҳайрат билан қаради ва де Лалеандни қидиришга кетди; лекин у аллақачон кетиб қолганди.
— Кўряпсанми, мен ҳақ эдим, — деди Женевьева Франсуазанинг олдига қайтиб.
— Бу ер чидаб бўлмас даражада зерикарли, — деди Франсуаза, — бошим оғрияпти, сендан илтимос қиламан, ҳозироқ кетайлик.

                                III
         Франсуаза ҳар бир опера томошаларига борар, бемақсад умид ичра барча зиёфатларга таклифларни қабул қиларди. Аммо бахтга қарши орадан икки ҳафта ўтса ҳамки, де Лалеандни шу вақт давомида бирон марта ҳам учратмади. Франсуаза кўпинча, тун ярмида уйғониб, у билан қандай қилиб кўришиш йўлларини ўйлаб топарди. Жувон унинг зерикарли ва хунук эканлигини биларди, шунга қарамай, у уни энг ақлли ва жозибали эркаклардан ҳам кўпроқ қизиқтирарди. Зиёфатлар мавсуми тугагач, де Лалеанд билан учрашиш учун бошқа ҳеч қандай имконият қолмаганида, Франсуаза бундай имкониятни ўзи яратишга қарор қилди. Бир куни кечқурун у Женевьевага деди:
— Сен менга қандайдир де Лалеанд билан танишлигингни айтмаганмидинг?

(Давоми бор)

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

@Sherzodkomilkhalil


Шерзод Комил Халил

Баҳор ва армон

Ўрик гулга кирди пушти, дурахшон,
Яна қайтиб келди қайтадан баҳор!
Сени юрагингда лекин ҳеч қачон,
Нега гулга кирмас баҳорлар такрор?!

Кўклам яшил гилам ёзди поёндоз,
Ёмғир қийғос урди, чарақлади кун.
Сени кўйлагингда нега бу алфоз,
Оҳори тўкилиб ўрмалаган тун?!

Қушлар вижирлади, ҳаётнинг ёрқин,
Нашъасини куйлаб этди муродбахш;
Сени юзларингда армонлар толғин,
Нега ажинлардан чизиб борар нақш?!

Шамоллар мажнунтол сочин ўйнайди,
Болалар қувониб учирар варрак.
Сени эса бир дард қуршаб, қўймайди,
Чунки ёринг кетган буткул бедарак.

Унга нима бўлган, қандайин кечмиш,
Қуршаган умрини маълум эмас лек;
Бас, ортиқ ғам ема, бу тақдир, битмиш,
Келар агар бўлса, у чиндан тирик.

Ўлганлардан қайтиш қилинмас талаб,
Зеро қайтиш фақат тирикларга хос.
Одам қочиб кетмас, беиз, орқалаб,
Баҳор юрагида солса эҳтирос.
16.03.2025.
Тошкент.

@Sherzodkomilkhalil


Марсел Пруст

Муҳтарама де Брейв хонимнинг сўққабошликдаги аянчли ҳаёти

                                 I
        Франсуаза де Брейв хоним ўша оқшомда узоқ вақт тараддудланиб, жаноби олиялари Элизабет д’А…нинг балига бориш ё операга, ё бўлмаса Ливрей комедиясига ташриф буюришни билмай боши қотди. У дўстлариникида тушлик қилгани борганида меҳмонлар дастурхондан турганига аллақачон бир соатдан ошганди. Хоним, албатта бир қарорга келиши керак эди. У билан бирга кетиши керак бўлган дугонаси Женевьева  жаноби олиялари д’А…нинг балига бориш учун уни қистаётганди, Брейв хоним эса, иккиланиб, ўзи ҳам билмаган ҳолда, ё шу имкониятлардан бирини, ёки учинчиси – уйга бориб тошдек қотиб ухлашни афзал кўрарди. Унга каретаси келгани ҳақида хабар беришди. У ҳали ҳам бирор қарор қабул қилмаганди.
— Тўғриси, сен одамшаванда эмассан, — деди Женевьева, — ахир, у ерда Резке қўшиқ айтиши мумкинлигини тасаввур қилаяпсанми, бу қандай ажойиб эканлиги менга ҳозирданоқ завқ бермоқда. Борсанг нима қилади, худди жаноби олиялари Элизабет хонимникига ташрифинг сен учун муҳим оқибатларга олиб келадигандек ўйланасан. Қолаверса, бу йил сен унинг бирорта зиёфатида бўлмадинг, хоним билан яқин муносабатларингизни инобатга олсак, бормаслигинг унчалик ҳам одобдан бўлмайди.
         Тўрт йил олдин уни йигирма ёшида бева қолдириб кетган эрининг ўлимидан сўнг, Франсуаза Женевьевасиз деярли ҳеч бир иш қилмасди ва нимадир қилса, албатта у билан маслаҳатлашарди. Шу боис бу гал дугонасининг раъйига ортиқ қаршилик кўрсатмади ҳамда Париж жамиятидаги энг орзуманд аёллардан бирининг ҳузуридан жуда кам баҳра олганларидан хафа бўлган уй эгалари ва меҳмонлар билан хайрлашиб, хизматкорига буюрди:
— Жаноби олиялари д’А… хонимникига борамиз!

                                  II
         Жаноби олиялариникида аксига олиб кеча жуда зерикарли ўтди. Брейв хоним Женевьевадан сўради:
— Сени буфетга кузатиб қўйган йигит ким эди?
— Бу жаноб де Лалеанд, мен уни умуман яхши танимайман. Хоҳласанг, сени у билан таништиришим мумкин? У мендан шуни сўради, мен унга аниқ жавоб айтмадим; у жуда арзимас ва зерикарли  бир одам, сени чиройингни кўриб маҳлиё бўлиб қолган, шу боис сендан узоқлашолмаяпти.
— Йўқ, ундай бўлса ҳожати йўқ! — деди Франсуаза. — Тўғри айтасан, у хунук ва қўпол одамлиги шундоқ сезилиб турибди, чиройли кўзларини айтмаганда албатта.
— Рост, — тасдиқлади Женевьева. — Қолаверса, сен у билан танишмоқчи бўлсанг, исталган вақтда учратишинг мумкин бўлган бир кимса, айтиб қўйишим керакки, бу сенга ноқулайлик туғдириши ҳам ҳеч гап эмас.
      У ҳазиллашиб яна қўшимча қилди: — Хўш, агар сен ҳозир у билан дўстлашмоқчи бўлсанг, ажойиб имкониятни қўлдан бой беряпсан.
— Ҳа, ажойиб имконият, — деди Франсуаза, аллақачон бошқа нарса ҳақида ўйлаётиб.
— Охир-оқибат, — дея қўшимча қилди Женевьева виждон азобига тушиб, чунки у хиёнаткорона ҳаракатлари билан ҳеч қандай сабабсиз ўша йигитни завқдан маҳрум қилганини ўйларкан, — бу мавсумнинг охирги оқшомларидан бири. Бу танишув жиддий нарса эмас, агар сен рози бўлсанг, мен сенга уни таништиришим мумкин.
— Хўп, мен розиман. Агар у яна бу ерга келса, мени у билан таништир.
        Бироқ у келмади. Йигит залнинг қарама-қарши томонида эди.
— Кетиш вақтимиз бўлди, — деди Женевьева бир муддат шундай ўтирганларидан сўнг.
— Яна бироз қолайлик, — сўради Франсуаза.
         У инжиқликдан ва яна ҳам  кўпроқ, хушчақчақликдан ўзини кўз-кўз қилиш учун ўша йигитга, уни жуда чиройли деб ҳисоблаган ошиққа, ўзи ҳам билмаган ҳолда, эҳтимол, ҳаддан ташқари кўп тикила бошлади. Хоним ундан нигоҳини олиб қочар, сўнг яна Лалеандга тикиларди. Унга боқаркан, нима учунлигини билмасдан, ўзини меҳрибон кўрсатишга ҳаракат қиларди; бу шунчаки, хушнудлик учунмиди, ё ўз-ўзидан қониққан манманликдан ва умуман бефойда нарсалардан олинадиган қизиқишдан роҳатланиш эдими; бу худди севгилиси ҳеч қачон кўрмайдиган ошиқнинг дарахт пўстлоғига исмларини ўйиб ёзишга ёки денгизга шиша улоқтиришга ружу қўйган завқланишдек бир нимарса эди эҳтимол.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

(Давоми бор)

@Sherzodkomilkhalil


Шахсий кутубхонамда «Янги аср авлоди» нашриёти 2025 йилда нашр этган янги китоблар...

@Sherzodkomilkhalil


«Улуғ йўл» газетасининг 2025 йил 12 март сонида устоз Неъмат Арслоннинг интервьюси босилибди...

@Sherzodkomilkhalil


«Кундалик-2025» дан:    12.03.2025.
                                               Тошкент.

        Мадраса қизлари билан адабий учрашувга чақиришганда менга уларни бадиий адабиётга қизиқиши нечоғли экан, деган иштибоҳ бор эди. Қизиқиш бор экан анча. Бир талаба қиз тирик ёзувчи ва шоирни умрида биринчи марта кўриб, унинг гапларини эшитиб, шеърларини тинглаётганидан ҳайратланганини айтган бўлса, бошқа қиз менинг қизим Кумушбибига аталган ва дунёнинг бебақолигидан бонг урувчи «Анорбоғ» шеъримни тинглаб, кўзидан ёш чиқиб кетганини айтди. Мен ўзим илк бор тирик шоир Абдували Қутбиддинни кўриб гаплашганимда ҳис қилган ёшлик туйғуларимнини эсладим. Фалсафа факультетида ўқиётганимда эстетика ва этика кафедрасида улуғ устозим Абдулла Шерни илк бор кўрганимдаги кечмишларимни хотирладим. Энди эса менинг сиймойим ёшлар қалбида ўшандай акс-садо бермоқда. Дунё қандай тез ўтмоқда.
      Онам билан кеча қўнғироқлашдим. Магнит бўронидан азият чекаётганлигини айтди. Дунёнинг қонуниятларини афсус биз бошқара олмаймиз.


Forward from: BOOK.UZ
Kitob taqdimoti.

Kuni kecha Hadichai Kubro - ayol qizlar oʻrta maxsus islom ta’limi muassasasida yozuvchi Sherzod Komil Xalilning «Oʻlim labirinti» asari va yozuvchining «Men qoʻrqaman» tarjima asarlari taqdimoti bo'lib o'tdi.

Taqdimotda yozuvchi,
oʻquvchi qizlar bilan badiiy adabiyotning bugungi oʻrni haqida ham keng suhbat oʻtkazdi.

Siz bunday taqdimotni yana qayerda boʻlishini xohlaysiz?

📚@bookuzbekistan


Бугун Қорасаройдаги Ҳадичаи Кубро мадрасасида бўлиб ўтган адабий кечада «Янги аср авлоди» нашриёти муҳаррири Шариф Одилов билан бирга «Мен қўрқаман» китобини тақдимоти ва нашриётнинг миллат адабиёти ва санъати ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳақидаги адабий кечада иштирок этдик. Рассом Чори Шамс учрашув давомида талабаларга тасвирий санъатдан мастер класс ўтиб берди. Мадраса толибалари билан қизғин адабий мулоқот давомида нашриёт чоп этаётган янги китоблар, талабаларнинг адабий асарларга бўлган муносабати ҳақида фикр алмашдик, уларга ўз тажрибаларимиз ҳақида сўзлаб бердик. Наср ва шеърият ҳақида гаплашдик. Шахсан ўзим толибаларга ёзган асарларим ҳақида айтиб бердим, шеърлар айтдим. Муассаса раҳбарияти бизга Қуръони Карим туҳфа қилишди, биз ҳам нашриёт китобларидан улашдик. Адабий кеча барчага манзур бўлди...

@Sherzodkomilkhalil


Мен ёшлигимда шахсий кутубхоналаридан фойдаланган, Александр Дюма ва Фенимор Куперга муҳаббатимни уйғотган, «Ва» ҳикоямда номларини тилга олган Абдуқодир тоғам оламдан ўтди. Биз Аллоҳникимиз ва Унга қайтгувчимиз! Охиратингиз обод бўлсин! Сизни ва ўгитларингизни ҳеч қачон унутмайман!

@Sherzodkomilkhalil


Forward from: «ШАРҚ ЮЛДУЗИ» журнали
#Шарқ_юлдузи 2024/12
#Наср

Темур Пўлатов. Шерзод Комил Халил.  ОДАМ АТОНИНГ СЎНГГИ АВЛОДИ (Қисса)

Тўлқинлар балиқчилар қишлоғидаги соҳилдан майда мавжлар ҳосил қилиб ортга қайтиши биланоқ, бакланлар муздек совуқ оқимлар устида доира чизиб, майда балиқларни нишонга олишганча ғалати хочсимон шакллар ҳосил қилиб, бир майлда сузиб ўта бошлашди. Батаҳқиқ, бунинг ортидан оқчорлоқларнинг жазавали чинқириқлари ҳам қулоққа чалинди. Бироқ айни ов пайтида причалга тақалиб келган моторли қайиқ шовқини бу денгиз йиртқичларининг барини чўчитиб юборди...

Тўлиқ ўқиш

Бизни кузатиб боринг:
TelegramFacebook | web-sayt


Темур Пўлатов

Тасодифий уйғониш қувончи
(эссе)

Тонгда сутдек ҳарир туман тушган лаҳзаларда уйғониш жуда ноёб ҳолат. Куннинг ташвишлар билан тўлдирилган совғаси бу - Раббимга билдириладиган миннатдорчилик, кеч тушгандан оқшомга қадар, куннинг кейинги ёрқин вақтларида абадий унутилган онларимиз, унутган ва қадрлаганларимиз, эзгу амалларимиз, эҳтиросларимиз, тўсатдан тошган бефойда ғазабимиз, иймондан ташқари чиқиб кўпинча адолатсиз кимнидир ҳукм этишимиз. 
Ахир эндигина уйғонганимизда енгил товушлар билан уйғотган, рақсга тушганимизда, дарахтлар билан шафақни кутиб турганимизда учраштирган ва узуқ-юлуқ қўшиқлар айттирган, ерга тушган шохларга узалтирган, қор ёғиб, тунги зулмат салқини тушганида, бизга умид ҳадя қилган Зот яна бир кунни берди.
Тонгдаёқ умид билан учраштирди, ойдин куз ойини кулранг булутлар орасидан чиқарди, бу кун бизга абадийликнинг эски, чарчоқ босган юлдузи каби кўринади...
Шу тариқа бизга бу кунни берганни учун Уни алқаймиз, шунинг учунки, биз кун давомида қилган ишимизда абадий қайтиб келмайдиган, ёлғон иллюзия ва бажарилмайдиган истакларимизни тамоша қиламиз...
Ахир биз инсон қабиласи, ғазаб, тажовуз, ишонсизлик ва куфр, оға-ини бир-бири билан жанг қилиб, ўзлаштирилган ҳайвоний ўлдириш истагисиз, бизга гаров сифатида берилган яна бир тонгни кутишимиз мумкин эмас...
«Салом ва раҳмат» оддийгина икки сўз, оламнинг Яратувчиси учун миннатдорчилик изҳор қилайлик: кеча бошимизга ҳарир туман сочгани учун, эртанги кун учун, бизга аванс сифатида яна бир янги кунни бергани учун... ва ҳар куни Худонинг берган кунида қалбингиз шундай овоз берсин ва кейин эҳтимол сиз учун ўтган ва ўтажак сўнги кунларни аччиқлигини сезмайсиз...
2019.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

@Sherzodkomilkhalil


«Кундалик-2025» дан:     5.03.2025.
                                              Тошкент.

      Ремаркнинг «Зафар дарвозаси»ни ҳамон ўқияпман. Ёзувчининг энг катта романларидан бири. Йўқотилган авлод ёзувчиларининг руҳи қалбимга яқин. Ўзимни йўқотилган авлод каби, ёки Ўрхон Памуқ айтгандай катта адабиёт марказларидан йироқда сургунда юргандек ҳис қиламан доим.
         Тушдан кейин Ёзувчилар уюшмасининг Проза кенгашининг йиллик йиғилишига бордим. Романизм, қиссачилик ва ҳикоянавислик ҳақида гапиришди. Романизм ҳақида гапирган маърузачи қандайдир фан доктори, бошини қоғоздан кўтаролмади, романчилик ҳақида тайинли гап ҳам айтмади. Ҳеч нарса тушунмадим. Қиссачилик ва ҳикоянавислик бўйича маъруза қилганлар ундан кўра анча яхши гапиришди. Уларни ҳаммасида таҳлил бўлса-да, хулоса йўқ эди. Йилнинг энг яхши романи, энг яхши қиссаси, энг яхши ҳикояси ҳақида маърузачилар лом-мим дея олгани йўқ. Қиссачилик бўйича маъруза қилган лектор Гулистон давлат университетидан келган экан. Мен кенгаш йиғилишидан кейин ундан сўрадим:
- Энг яхши қисса қайси эди, - дедим. У:
- «Одам Атонинг сўнги авлоди» ва «Мақар» қиссалари, - деди.
- Мен ўша «Одам Атонинг сўнги авлоди» қиссасини Темур Пўлатов билан бирга ёзган Шерзод Комил Халилман дедим.
Тадқиқотчи қиз ҳайратланди:
- Расмда бошқача эдингиз, - деди. - Маърузамда ҳам шу иккита қисса энг яхши эканлигини кўпроқ гапирганимдан ҳам билиб олсангиз бўларди, - деди.
Мен билиб олишни истамаслигимни, бор нарсани очиқ-ойдин эътироф этиш тарафдори эканлигимни, кенгаш йиғилишида ёзувчи Исажон Султонни «академик эркинлик ва академик виждон» ҳақида гапларини эслатдим. Тадқиқотчи қиз:
- Устоз, энг яхши қисса деб шу қиссаларни айтаман деганимда, буларни айтиб ўтиришингиз шартмас, дедилар, - деб қолди.
Мен ҳайратга тушдим. Уюшмадаги устоз кимлигини сўраб ўтирмадим. Аммо «академик виждон» ҳақида менда етарлича тушунча ҳосил бўлди. Қиссани ва «Ўлим лабиринти» китоби ҳақида ҳам маърузачилар гапиришди. Баъзи фикрлар айтишди. Яхши. Демак, ҳозирча боримиз шу. Ўзбек ўзиникини эътироф этишда жуда бахил бўлади. Таассуф, аммо шу менинг миллатим. Унинг улуғликлари билан ожизликларини ҳам эътироф этишим шарт. Гоголь ҳам шундай қилган, Достоевский ҳам.

@Sherzodkomilkhalil

20 last posts shown.