Аллоҳ Таоло замонамизнинг мутаассибларига инсоф берсин!Озроқ ҳаё берсин!
Қаранг, агар уларнинг шайхларини озроқ танқид қилгудек бўлсангиз, ҳатто танқид ҳам эмас, улар ҳақларида “фалон фикридан қайтди шекилли” деган оддий гапни айтсангиз, дунёни оёққа турғизиб юборай дейди. Сизни мунофиққа чиқариб, қалбингизга ташхис қўймоқчи, фитначиликдан тортиб бошқа барча жиноятларда айбламоқчи бўлади.
Домла фалон фатвосидан қайтгандир, деса нима бўлади?! Шу билан домлангиз маъсум бўлмай қоладими?!
Мана бугун устоз Сайфуллоҳ Носир бир постларини ўчириб, фикрларидан қайтишни оддий нарсадек қараяптилар. Бу билан даражалари янаям юқори бўляпти холос.
Тарихда фатвосидан қайтмаган олим топилмаса керак. Умар розияллоҳу анҳу фатволаридан қайтганлар. Нега бунча домлаларингизни “илоҳийлаштирасиз”?
Биз домлангизга заррача ҳурматсизлик кўрсатмасик, фақат сизчалик таъзим қилмаган бўлишимиз мумкин. Бу учун сиз бизни заррача эҳтиром қилмай, хоҳлаганча ғийбат-туҳматга обект қилиб олсангиз ҳалолми?
Ўзларининг араб тилида бир дона мақола ҳам ёзмаган, дунё илм майдонида ҳеч қандай номи бўлмаган домлаларига гард юқтирмай, сал бўлмаса шайхул-Ислом қилиб юборадиган бу одамлар ўзлари умматнинг энг катта имомлари, муҳаддис, муфассир, фақиҳ олимлари ҳақида бемалол аҳли сунна эмас, адашган, мутаассиб деб гапираверадилар. Иккиюзламачилик шунчалик бўладими? Сизнинг домлангизни ҳурмат билан фалон ака деса ҳам, шайх демадинг, деб таъна қиласиз. Сизнинг тоифангиз ҳар куни Нававий куфр сўз айтган, Қуртубий аҳли сунна эмас, Ибн Ражаб ал Ҳанбалий мутаассиб, Ибн ал Жавзий мантиқчи, Ибн Солаҳ, Ғаззолий бидъатчи дейсизлар. Қани ўша эҳтиром?! Нега бир-бирингизни инсофга чақирмайсизлар?
Кеча бир шомлик салафий киши ёзган “Таассубнинг бошланиши” номли китобчани ўқиб қолдим. Имом Яҳя ибн Маин (суннатнинг энг буюк имомларидан, имом Аҳмаднинг дўсти) мутаассиб ҳанафий бўлган деб танқид қиляпти. Инсоф шуми?!
Яна кеч динга кирган, ҳали арабча билмаган инглиз даъватчиларини исмларини зикр қилиб, мана булар ҳеч бири бир мазҳабга эргашмайди, деб хурсанд бўлиб нарса ёзибсизлар.
Ҳей бечоралар, у 5-10 инглиз даъватчиси мазҳабга эргашмаса, Ислом тарихидаги миллионлаб уламоларнинг БАРЧАСИ бир мазҳабга эргашгани-чи? Мазҳаблар шакллангандан шу пайтгача 1100-1200 йил давомида бир мазҳаб эргашмаган олимларнинг санасангиз, бармоқ билан санагудек чиқади ё йўқ. Шунча олимга хилоф қилиб, 4-5 та инглиз даъватчиси сиз билан ҳамфикр эканидан хурсанд юрибсизми?! Шунчалик аҳволга қайси таассуб етказди сизларни?
Аллоҳ барчага ишлайдиган ақл ва ҳидоят берсин! Мазҳабларга қарши таассубдан, фалон шайх- фалон домлаларга мутаассиб бўлиш балосидан Ўзи асрасин!
© Mahmud Usmon
Манзилимиз:@MubashshirAhmad