ДУНЁНИНГ ИШЛАРИ
Бир университет (қайсилигини айтмай қўяқолай) бўлғуси Тил байрами муносабати билан учрашувга таклиф этди. "Бу кунлар" китобим орқасидан бошимга келган кулфатлардан буён биринчи марта расмий бир давлат ташкилоти мени учрашувга таклиф этиши эди.
Табиий, хурсанд бўлдим. Айни чоқда, ҳайроналигим ҳам йўқ эмасди. Ажабо, билибми таклиф этишди ёки билмасданми, деб ўйладим.
Билмасликлари мумкин эмасди, албатта. Демак, отим қора рўйхатдан ўчибди-да, деб икки карра қувондим.
Рози бўлдим. Кунини тайин этдик. Учрашувнинг шиорини ҳам ўзимдан сўрашди. "Тилсиз миллат, миллатсиз давлат бўлмас" деб айтдим. Ташкилотчи инсонга маъқул келди. Ўша кунни кута бошладим.
Учрашувга ўн кун қолганида, яъни кеча, ташкилотчи олим тилпон қилиб қолди...
Хуллас, бу ёғини тушунган бўлсаларингиз керак: қанақадир... нимадир сабаблар туфайли...
"Бу кунлар" китобим уч-тўрт йилдан бери "Тақиқланган адабиётлар" рўйхатига киритилмаяпти, Оллоҳга шукр. Қўналғадан ҳам бемалол олиб ўтдим. Очишди, у ёқ-бу ёғини варақлаб кўришди ва қайтиб жомадонимга солиб, оқ йўл тилаб чиқариб юборишди. Аммо отим?..
Демак, ҳали ҳам истанилмаган шахс мақомидаман шекилли. Инсоний ҳуқуқларим деярли тикланди - паспортим 2017 йил ўктабиридаёқ қайтариб берилган, нафақам тикланган, бир йилдан кейин ҳатто чеккага чиқиш ҳуқуқи ҳам берилди, сўнгра қизил паспорт ҳам беришди, биров мушугимни пишт деяётгани йўқ, нима десам ва нима ёзсам эътироз билдиришмаяпти.
Аммо ижтимоий ҳуқуқларим...
Адабий жамиятдан буткул узилганман. Бу оламда мен йўқман гўё. Расмий адабиётшунослар тилга олмайди, расмий ОАВ ҳам мен ҳақимда мум тишлаган. Ҳатто бир йили "Жарчи" ҳикоямга Туркия Овроосиё Ёзувчилар бирлиги эълон этган Маҳмуд Қошғарий номидаги халқаро танловнинг республика босқичида юздан ортиқ асар ичида биринчи ўрин берилганида ҳам на "Ўзбекистон адабиёти..." газетаси ғинг деди, на биронта адабиётшунос!
Албатта, мамлакат ва халқаро жамоатчилик шов-шуви орқасидан шахсан президент аралашуви билан қамоқдан озод этилган бўлсам ҳам, мен ҳалигача гўё уй қамоғида қолмоқдаман. Руҳим қамоқда, отим қамоқда, асарларим қамоқда! Орадан эллик йил, юз йил ўтишини кутишяптими?!
Давлатнинг назарида мен ким эканимни, мана, яна бир марта эслатишди — олдин таклиф этиб қўйиб, орқасидан қўрқиб кетишди ва чиройли қилиб "жавобимни беришди"! Бундан олдин ҳам бирилари китобхонлик учрашувига эл кўзида таклиф этиб қўйиб, сўнгра "ҳушёр тортган" эди. Мана энди буниси иккинчи ҳодиса бўлди.
Ҳолбуки, шу юртда тил масаласида гапиришга ҳақли ўн-ўн беш киши бор бўлса, шулардан бири менман деб ҳисоблайман ўзимни. ОАВ ларда, майдонларда, минбарларда, сўнгра ижтимоий тармоқларда жон куйдириб келганимни айтмаган тақдиримда ҳам, ҳеч бўлмаганда, ўзбек тилига Давлат тили мақомини бериш ҳақидаги қонун (муқобил нусхаси)ни ёзган муаллифлардан бири мен эканимни биладими бу валломатлар! Яъни қабул этилган кунини бугун умумхалқ байрами қилинаётган ўша қонунда каминанинг ҳам озми-кўпми ҳиссаси бор эди шекилли?! Дунёнинг ажойиботларини кўрингки, ўша замонларда тил ҳақида ғинг демай, оғзини ҳам, бошқа ерини ҳам юмиб-қисиб юрган махлуқлар бугун минбарларда жавлон уряпти, кўкрагига муштлаяпти, бу байрамнинг эгаси бўлиб ўтирибди!
Мен бу гапларни миннат учун демаяпман, гина ҳам этмаяпман, бўлғуси учрашувим "қора отим" туфайли бекор қилинганига алам ҳам қилаётгани йўқ. Мен бу ўйларимни дунё ишларидан ажабланганим учун сизлар билан ўртоқлашгим келди, холос.