Posts filter


Эртакларда бир бошини кессанг ўрнида иккита, иккита бошини кессанг ўрнида тўртта... ва ҳоказо... бош ўсиб чиқадиган аждарлар бор. Ҳеч ўлмайди-ей!..

Уй иши шунақа кўпаювчан аждар экан. Биттасини битирсанг, қаршингдан яна иккитаси, иккитасини битирсанг, яна тўрттаси чиқиб келаверади. Ҳеч битмайди-ей!..

Лекин ўша эртакларда ўн икки бошли аждарни ҳам ўлдира оладиган ботир бор.

Мен шу кунларда, худди эртаклардаги ўша ботирдек, кўпмингбошли уй ишлари билан олишиб ётибман. "Ютаман!" деган қарорим бор албатта.




Рўналд Райберт хотираларидан

4. ТЎЙЛАР МУБОРАК

ТошДУнинг орқа томонида "Профессурлар шаҳарчаси" деган маҳалла бўларди. У ерда асосан университет ўқитувчи-профессурлари яшарди. Ҳозир ҳам шундай бўлса керак. Ҳеч бўлмаганда у замонки ўқитувчиларнинг бола-чақалари яшаётгандир.
Шу ерда домлаларимиздан бирилари (кимлиги ҳозир эсимда йўқ) тўй қилди. Кафедрадагилар Рўналд ҳам ўзбек тўйини кўрсин дейишганми, иккаламизни тўйга айтишди.
Бордик. Яхши бир ерга ўтирғизишди. Мен талабаман. Рўналд аспирант бўлгани билан у ҳам талаба мақомида. Талабалар учун профессурнинг тўй дастурхони... у ёғини ўзларинг биласизлар! Бунақа ноз-неъматни тушимизда ҳам кўрмаганмиз. Рўналд ўзбек тўйлари бунақа бой бўлишидан кўзлари ўйнаб, ҳайратда туркчалаб: "Şey... şey..."лаб қўярди.
Бир жумла билан айтганда, шоҳона зиёфатдан талтайиб ўтирардик.
Одатимга кўра мен Рўналдга ўзбек тўйларининг ўзига хос томонларидан гапириб, саволларига жавоб берар эдим.
Дастурхонга ва суҳбатга берилиб кетган икки талаба эътибор бермабмиз, тўй охирлаб, меҳмонларнинг ярми кетиб ҳам бўлибди.
Шунда... отларини айтмайман, бир домламиз ширакайф ҳолатда олдимизга келди-да, секин қулоғимга шивирлаб:
— Сизларга ҳам рухсат... қани, бораверинглар энди... — деб қолса бўладими!
Рўналд сезмади, мен мулзам бўлдим. Шарманда. Тўйга келганимдан пушаймон едим.
Аммо, бундай ўйлаб қараганда, айб менда, албатта. Одамлар тура бошлаганидаёқ биз ҳам тўйни тарк этишимиз керак эди. Бу ширакайф домламиз эслатмаганида тўйхонада ҳеч ким қолмагунича ўтираверарканмиз-да ўзиям.


Рўналд Райберт хотираларидан

4. ҚИЗҒАНЧИҚ

ТошДУнинг Адабиётшунослик кафедраси мудири, устозимиз, профессўр Умарали Норматов (Оллоҳ раҳмат қилсин) Рўналдни менга боғлаб қўйганидан кейин, гарчи ўзим ҳам талаба бўлсам-да, унга қўлимдан келганича мезбонлик қилдим. Ётоқхонамга тез-тез келиб турарди. Қўлимизда борига кўнмай, устига яна яхши нарсалар сотиб олиб келиб, чиройлик меҳмон қилардим. Ош қилган кунларим чақирардим. Келарди. Ётиб қолса, уни калавотимга ётқизиб, ўзим ерда ётардим. Хуллас, бир ўзбек меҳмонига қандай қараса, шундай, балки ошириб қарашга ҳаракат қилардим. Юртига халқимиз ҳақида яхши таассурот билан кетсин дердим.
Рўналд ўзи Талабалар шаҳарчасидаги трамвай ҳалқаси ёнида ерлашган "Аспирантлар уйи"да (ҳозир борми-йўқми — билмайман яшарди. Мен ҳам онда-сонда уни йўқлаб турардим.
Бир куни бир хабар олай-чи деб ётоғига бордим. Эшигини тақиллатдим. Ичкаридан "Кираверинг!" деган товуш келди. Кирдим. Рўналд овқатланиб ўтирган экан. Хонани ширин бир ҳид тутиб кетибди. Талаба эмасманми, дарров иштаҳамни қитиқлади.
Рўналд бўлса, остонада мени кўрдию еб турган нарсасини яширмоқчи бўлди. Жа унчалик эмасдир, аммо менга шундай туюлди: идишни дастурхондан суриб, устини ёпишга урингани менда шунақа таассурот қолдирди.
"Қизғанчиқ!" деб ўйладим. Ўнлаб марта дастурхонимда меҳмон бўлган одам бунақа қилмаслиги керак эди, дедим.
Лекин индамадим. Рўналд ҳам индамади. Дастурхонигап таклиф ҳам қилмади. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб, пича ўтирдик. Сўнг қўзғалдим. Кузатиб, орқамдан йўлаккача чиқди. Шунда ҳалиги ҳаракатига изоҳ берди:
— Ҳайрон бўлма, ўртоқ, сени емакка таклиқ қилолмадим. Еб турганим консервада чўчқа эти аралашган эди. Сиз мусулмонлар чўчқани ҳаром ҳисоблайсизлар. Таклиф қилсам бўлмасди. Сенинг олдингда чўчқа эти ейишга ўзим ҳам хижолат бўлдим, — деди.
Ташқарида худосиз совет замони эди. Ҳалол-ҳаром деган тушунчалар "эскилик сарқити"дек бўлиб қолган даврлар. Биз "совет мусулмонлари", айниқса ёшлар кўчада пала-партиш овқатланиб юрган кезлар... бир немис ўғлони Олмониядан келиб мен ўзбек мусулмонига динимни эслатаётгани менга ғариб туюлди. Биз эҳтиётини қилмаган диний йўл-йўриқларимизни кофир бўлатуриб бир олмон йигити эҳтиётлагани ҳали-ҳанузгача эсимдан чиқмайди.
Рўналд мендан овқатни эмас, динимни қизғанган экан!


Олмониялик билим изловчи Рўналд Райбертни Қўқонга олиб борганимда (1980 йили) шаҳарда апамларнинг уйларига меҳмонда бордик.
Қизғин кутиб олиндик.
Жиянлар орасида бирпасда шивир-шивир бошланди:
— Немис экан!..
— Уйимизга немис келди!..
Одамни хижолатга қўйиб, ҳовлида тўдалашиб Рўналдни томоша қила бошлашди.
Иккинчи Жаҳон уруши тугаганига эндигина 35 йил бўлган, у даврларда совет тилвизирлари, кинотеатирлари кунда-кунора уруш ҳақидаги киноларни қарсиллатиб қўяр, халқимизга немисни "фашист" сўзи билан бирга қўшиб танитар эди.
Ўзбекнинг одатини биласизлар: дарров кўрпачалар солинди, дастурхон ёйилди, уйда бор нарсалар билан тузалди. Чойлаша-чойлаша суҳбатлаша бошладик.
Бир пайт хона эшиги тарақ этиб ланг очилди. Остонада ўртанча жияним Орифхон (9-10 яшар) пайдо бўлди. Иккала қўлини милтиққа ўхшатиб олган. "Милтиқ учи"ни Рўналдга тўғрилади ва бор товуши билан:
— Ҳенде ҳўҳ (олмончада: "Қўлингни кўтар")! — деб бақирди.
Нима қилишимни билмай қолдим.
— Киноларда кўрган, хафа бўлма... — дедим.
— Ҳечқиси йўқ, хижолат бўлма, ўрганиб кетганмиз... — деди кулимсираб.
Лекин кулгисида барибир алам излари сезилиб турарди.


Бир ойча бурун талабалик йилларим олмониялик Рўналд Райберт билан қандай танишганимни ёзган, у билан бирга кечган айрим воқеаларни ёзаман деб ваъда берган эдим. Бошладим.

I. ОТИНГ НИМА, БОЛАМ?

Ўзбек ҳаётини яқиндан билсин деб Рўналдни тўйларга, маъракаларга олиб борар, урф-одатларимизни кўрсатар эдим.
Бир гал қишлоғимга олиб кетдим. Дастурхон устида уни Дадажоним ва Аяжонимга атрофлича таништирдим.
— Ўзбекчани унча-мунча билади, адабиётимизни, ҳаётимизни ўрганяпти, — деб қўшиб қўйдим.
— Отинг нима, болам? — деб сўрадилар Дадажоним.
Мен ҳозир унинг отини ўзбекча талаффузга яқин қилиб "Рўналд" деб ёзяпман. Аслида олмонча айтилишда биринчи товуш деярли эшитилмайди.
— Ўўналд, — деб жавоб қилди Рўналд ўзбекнинг қулоғи унча илғамайдиган оҳангда.
Табиий, Дадажоним ҳам бирданига илғаб ололмадилар.
— Нима? — деб сўрадилар.
— Ўўналд, — деди у яна.
Учинчи марта қайтариб сўрадилар, Рўналд тағин ўзининг шевасида такрорлади:
— Ўўналд...
Дадажонимнинг тиллари олмонча исмни олмонча шаклда айтишга унча айланавермагач, охири осон йўлни таклиф қилдилар:
— "Раҳматжон" десам бўладими? — дедилар.
Рўналдга янги оти жуда ёқиб кетди:
— Бўлади-бўлади! — деди шарақлаб кулиб.
Шу кундан бошлаб унинг оти "Раҳматжон" бўлди.
Биз ёшларнинг тилларимиз эгилиб-эшилиб кетганидан дуч келган ажнабийча отларни ва умуман барча сўзларни ўзидай айтишга мослашиб кетган, аммо товуш мустақиллигини сақлаб қолган Дадажоним ва бошқа кексаларимизнинг тиллари четдан кираётган сўз ва атамаларни албатта ўзбекчалаштириб қабул қилар эди.
Бу воқеа менга бир умрлик сабоқ-ўрнак бўлиб қолди.


Эй Оллоҳ! Эй Раҳмон! Эй Раҳим!
Сен қудратли Зотсан!
Ерни тинчлантир!
Ер Сенинг қўлингда, уни сокинлаштир!
Туркияни қўри! Истанбулни қўри! Турк қардошларимизни ва Туркиядаги ватандошларимизни қўри!
Шулар қаторида менинг болаларимни, невараларимни ҳам қўри!
Ўзинг Меҳрибон ва Раҳмли Зотсан!

1.5k 0 8 28 134



#Менинг_қишлоғим

Болалигимда қишлоғим жуда кичкина бўлган. Тўрт-бешта кўчаси бор эди холос. Ўйнамаган кўчамиз, кирмаган уйимиз қолмасди. Ҳамма бир-бирини танир, ким кимнинг кими эканини ҳамма билар эди.
Бугун қишлоқ йириклашиб, аҳолиси биров бировни танимайдиган даражада кўпайиб кетибди.
Бошқа ўзгаришлар ҳам жуда катта. Бугундан бошлаб қишлоғимнинг мени ҳайратлантирган томонлари ҳақида ёза бошлайман, иншаоллоҳ. Менимча, қизиқарли бўлса керак.




Биз томонларда ўзига бошқача имтиёз истайдиган одамларга: "Нима, сенинг бошингда шохинг борми?" дейилади.

Ўзидан пастлар олдида димоғи баланд, аммо ўзидан юқорилар олдида қади етти букик тоифалар бошида шохи тугул, белида ўркачи ҳам бўларкан.

Нимага бунчалик эгилиш керак -- ҳеч тушунмасдан ўтиб кетсам керак.

2.7k 0 11 13 65

Денгиз Абуладзенинг Исталин қатағонини ўткир танқид этган "Tavba-tazarru" ("Покаяние") филмида (кўрмаганларга албатта кўришни тавсия қиламан) бир бўш ЎРИНДИҚ тимсоли бор. Режиссур жуда катта маъно юклаган бу бўш ўриндиққа! Яккашахсҳокимлиги, диктатурлик, фикряккаҳокимлиги, қўрқув салтанати ва ҳоказо барча ёмонликни тамсил этади у ЎРИНДИҚ!

Расмдаги ўриндиқнинг "Покаяние"даги ўриндиққа сира алоқаси йўқ. Бу оддий бир боғбоннинг чарчаганда ўтириб озгина хордиқ чиқарадиган меҳнаткаш бир ўриндиғидир. Тағин хаёлларинг ҳар ёққа ўтлаб кетиб қолмасин.




Forward from: Azon Global — Муқобил ахборот-таҳлилий канали
«Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» ёхуд давлатда адолат бўлмаса

«Аср шоҳиди» кўрсатуви, 59-қисм

Томоша қилинг https://youtu.be/R1Bv-gsg2xQ

©️Azon Global


Ҳаёт Шодмон оламдан ўтибди. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.
У қуйма шоир эди. Чинакам халқ шоири эди.
Тўғри, "Халқ шоири" унвонини унга ҳукумат ёки Ёзувчилар уюшмаси бермаган. Халқона гўзал шеърлари, жайдари оҳанглари билан халқ орасида ўзи шундай ном қозонган. Зеро шоир расмий унвонли бўлса-ю, халқ уни суймаса, бундай унвон эгасига ош-нондан бошқа нима берарди!
Ҳаёт Шодмоннинг шеърлари халқчил мавзулари, жайдари тили, бахшиёна оҳанглари билан менга ёқарди. Ўзининг туриш-турмиши шеър бўлганидек, ҳар бир сатрида ҳам лоп этиб ўзи акс этиб турарди.
Миллат мундай яхшигина таниб улгурмади, аммо катта бир шоиридан ажралди. Оллоҳ охиратини обод қилсин.


"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ватандошларимизни рамазон байрами билан чин юракдан қутлаб, "Тошкент -- Истанбул -- Тошкент" йўналиши бўйича (балки бошқа йўналишларга ҳамдир) чипта нархларини бир ярим баробарга... арзонлаштирибди деб ўйладиларингми?.. ЎҲЙдан шуни кутса бўладими?.. тентак бўлибдими арзонлаштириб?.. ҳа, энди ўзларингга келдиларинг... нақ бир ярим баробарга ОШИРИБДИ!

"Вилоят -- Тошкент -- вилоят" таксичилари байрам кунлари шунақа қиларди, ЎҲЙ ҳам улардан ўрганганга ўхшайди.
Қандингни ур, капиталист!

Рамазон ҳайитларинг қутлуғ бўлсин!


Намангандан ҳайитлик келди!

"Соф тиб" бренди остида табиий совунлар ишлаб чиқарувчи тадбиркор уста машҳур Салим Аййубий дўстимиз рамазон байрами арафасида кўп қатори бизни ҳам йўқлабдилар, Оллоҳ рози бўлсин.
Қуруқ бўлса-да биз ҳам у киши ва иш шерикларини ҳайит билан қутлаймиз! Тан-жонларига сиҳат, ишларига ривож, савдоларига барака тилаймиз.

Рамазон ҳайити барчангизга қутлуғ бўлсин!


Azon.global хабарлар каналида ёзилишича, "БААда исроиллик раввиннинг ўлдирилишида айбланган уч ўзбекистонлик ўлимга ҳукм қилинибди".

Менимча, ҳукм ўта шафқатсиз. Қотилликда на диний, на сиёсий ният бор. Пул учун ўлдирилган деб эшитдим. Раввиннинг дўкони бор экан, уни бой деб ўйлаб, пул талаб қилишган, у бермагач, ўлдириб қўйишган, деб хабар чиқувди. Террорчиликка ҳам алоқаси йўқ.
Хуллас, Ўзбекистон ҳукумати можарога зудлик билан аралашиши, ҳукмни узоқ муддатли қамоқ жазосига алмаштиришларини БАА ҳукуматидан сўраши керак, деб ўйлайман.

Батафсил: https://azon.global/3625


#Хотира

Раҳматли Анваржон менинг ҳам курсдошим, ҳам устозим эдилар.
Университетда ўқиб юрган кезларимиз кўпларнинг тиши ўтмайдиган мумтоз адабиётни чуқур билишларига нафақат талабалар, ҳатто домлалар ҳам лол қолишарди.
СССРнинг охирги паллалари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида таржима гуруҳи тузилганида Анваржон араб тили бўлимига ишга кирдилар ва... кўплаб шоир-ёзувчининг имон топишига сабабчи бўлдилар. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб Анваржондан дин илмини ва араб тилини ўрганар эдик. Бўш кунлари йўқ, бир кунда бир неча гуруҳда кетма-кет дарс, дарс, дарс эди. Мустақилликнинг илк йиллари ҳам бу фаолиятлари жўшқин бўлди.
Сўнгра имом бўлиб кетдилар...
Мен ҳозир кўплар билмайдиган хизматларидан икки-учтасини эсладим. Имомликдаги хизматлари эл кўзида кечди ва бу ёғини ҳамма билади...
Оллоҳ раҳматига олсин.

2k 0 12 33 79

Кеча каналимда "Мен ўзи кимман: ёзувчими, деҳқонми?" деб ўзимга ўзим савол қўйган эдим. Ўғлим уни кўчириб, собиқ фб. саҳифамга ҳам қўйган экан. Бир йигитнинг изоҳини ўқиб роса кулдим.
"Сиз аниқ ёзувчисиз! Деҳқон одам дарахт гулига сув қуймайди!" дебди у.
Яна бир-иккиталари ҳам дарахт гуллаб турганида сув қуйилмайди, дейишибди.
Демак, деҳқонликни ҳам қойиллатмаяпмиз экан-да. Дарров билиб қолишди-я...

20 last posts shown.