БЕҲБУДИЙНИНГ СИЁСИЙ МАСЛАГИ
Жадидлар Ватан ва Миллат тараққиётини таъминлаш учун янги авлодни етиштириш заруратини теран ҳис этган. Бу авлод замонавий билимларни пухта эгаллаши баробарида дунёда кечаётган ҳодисалар моҳиятидан огоҳ бўлмоғи лозим эди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг географияга оид дарсликлари ана шу мақсадда ёзилди. “Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий ва намунаи жуғрофия” дарслигида Беҳбудий ўша даврда жаҳондаги давлат бошқаруви усуллари ҳақида муфассал маълумот беради. Миллат ёшларининг сиёсий онгини юксалтириш, авлод дунёқарашини ўстириш зарурати шуни тақозо этар эди.
Беҳбудий уч хил бошқарув услуби хусусида ёзади:
1. Идораи мустақалла (идораи мутлақа).
2. Идораи машрута.
3. Идораи жумҳурият.
Мутафаккир фикрича, “идораи мустақалла”нинг хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
– бунда ҳукмдорнинг истаги – қонун, яъни у соҳиби ихтиёр. Бошқача айтганда, ваколатлари мутлақо чекланмаган;
– қўл остидаги барча мажлис, маслаҳатхоналар хукмдорга бўйсунади, унинг айтгани айтган – дегани деган;
– ҳукумат, валиаҳдлик қоидалари асосида, “ўшал ҳукуматни қўйган тартиб ва тадбириға мувофиқ” авлоддан авлодга ўтади;
– идораи мустақалла, бошқача айтганда, давлат бошқарувининг монархия усулига тўғри келади.
Беҳбудий таҳлил этган давлат бошқарувининг иккинчи усули — идораи машрута. У қуйидаги белгтлари билан ажралиб туради:
– бу ҳукуматга тобе одамлар аксари дунёдан хабардор илм аҳллари. “Эл ва уруғлари илм, ҳунар ва дунё ишлариға тараққий қилган”;
– фуқаролар ўз ораларидан инсофли, илм ва дунёдан хабардор кишиларни ўзларига раҳбар ва бошқарувчи вакил этиб сайлайдилар;
– “сайланган вакилларни подшоҳ муқаррарий маҳкамаларға, мамлакатдорлик ишлариға жамлайди... Аларни(нг) мажлис ва маҳкамаларини “миллат мажлиси”, “маслаҳатхона”, “парламент”, “гўсударски дум”, “мажлиси синодий”, “эл мажлиси” деган исмлар ила ёд қиладур” (243);
– “Миллат мажлиси” аъзолари ҳукуматни машварат билан бошқаради. Ҳукмдор бу мажлис амрига бўйсунади. Мамлакат тақдири билан боғлиқ масалаларни шу мажлисда муҳокама этмай, ўз хоҳишича ҳал этолмайди.
Бошқарувнинг бу усули конституция ва парламентга таянувчи давлат хусусиятларига мувофиқ келади.
Беҳбудий таърифлаган учинчи усул — идораи жумҳурият. Унинг ўзига хослиги мана бу жиҳатларда кўринади:
– аксар фуқароси аҳли илм. Кенг дунёқарашли аҳоли сайлаган вакиллар ўз мамлакат ва ҳукуматини бошқармоғи учун ораларидан бир нафар донишманд одамни бошлиқ этиб сайлайди. У “раиси жумҳурият”, “садринишини миллат” ёки “президент” деб аталади;
– бундай ҳукмдор ҳар бир ҳукм ва амрини “Миллат мажлиси” тузиб берган дастуруламал, яъни қонун ва низомномаларга мувофиқ амалга оширади;
– бу усул асосида бошқариладиган ҳукуматда “Миллат мажлиси” катта ваколатга эга. Ҳатто вазир ва унга тенглаштирилган мансабдорларни тафтиш қилиш, терговга тортиш, лавозимидан озод қилиш ҳуқуқларига эга.
Бошқарувнинг “идораи жумҳурият” усули, замонавий ибора билан айтганда, чинакам ҳуқуқий-демократик давлат хусусиятларини ўзида мужассам этгани билан ажралиб туради.
“Ҳозирги Оврупо ҳукуматларини(нг) рафтори, одати шу уч усулни(нг) бириға дохил, тобе ва мувофиқдир, – деб ёзади Беҳбудий. – Мустақил ҳукмдорларни(нг) қўл остиға ҳам мажлислар ва машварат маҳкамалари бордур. Илмсиз ҳукуматлардек неча милйўн халқни(нг) маишати, рафтори, ихтиёри бир нафар одам – подшоҳни(нг) ихтиёр ё ройи ва ҳукмиға тобе эмасдур. Бир нафарни(нг) ақли, фикри ила ўн нафар аросиға на қадар фарқ бордур? Ушбу сабаблардандурки, озгина Оврупо халқи бутун кураи арзға ҳоким ва мутасаррифдурлар”.
Беҳбудийнинг бу фикрлари барча замонлар учун бирдай аҳамиятли. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган бугунги ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад ҳам, миллатпарвар аллома орзу қилганидек, мамлакат бошқарувида ҳар бир фуқаро иштирок эта оладиган мутараққий жамиятни барпо этишдир.
Нурбой Жабборов