“ЛУТФ АЙЛА ҚАРИЛАРҒА...”
Ҳазрат Алишер Навоий шеърлар девонини “Хазойину-л-маоний” (“Маънолар хазинаси”) деб атагани бежиз эмас. Улуғ мутафаккир асарлари чиндан ҳам сўз жавоҳирлари хазинасидир. Инсон ва унинг ҳаётига алоқадор ҳар қандай мавзу теран мазмун ва гўзал бадиий шакл уйғунлигида бетакрор талқин этилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Миллатимизда қадрият даражасига кўтарилган кексаларни эъзозлаш мавзуси буюк шоир ижодида қай тарзда талқин этилган? Бобокалонимизнинг бу борадаги ўгитлари бугунги кунда нечоғлиқ аҳамиятли? Бу каби саволлар замондошларимизни қизиқтириши табиий.
Шеърият мулкининг султони “тезфаҳм ва баланд идрок, хилқати соф ва пок” дея таърифлаган туркийлар улуғ ёшдагиларга эҳтиром кўрсатиш бобида, дарҳақиқат, ўзига хос анъаналарига эга. Бизда отаси ўтирган уйнинг томига чиқмаслик, ёшларнинг қарияларга аввал салом бериши – азалий урф. Юзма-юз келганда кексаларга йўл бериш, қўлида оғир юки бўлса, ёрдамга шошилиш – тарбия белгиси. Эгаллаган мансабидан, бойлигидан қатъи назар, ёшларнинг улуғлар олдида ўзини камтарин тутиши, тўй-маъракаю издиҳомларда уларни тўрга ўтқазиши – миллий удум, гўзал одоб нишонаси. “Фавойид ул-кибар” девонида “Қарилиғ истар эсанг, қариларни ҳурмат тут”, – деб ёзар экан, ҳазрат Алишер Навоий халқимиз тийнатидаги ана шу фазилатни улуғлайди. Уни асраб-авайлаш зурурлигини уқтиради. Яна бир шеърида шоир мана бундай ёзади: “Лутф айла қариларға десангким узун яшай”.
Узоқ умр кўрмоқ учун ҳаётнинг машаққату заҳматларга тўлиқ йўлларини сабру матонат билан босиб ўтган кексаларга лутф кўрсатиш, уларнинг дуоларини олиш зарур. Дуо олган одам Яратганнинг паноҳида бўлади. Турли бало-қазо, офат-туҳмат, ёмонликлар унга йўламайди. Юқоридаги мисрада халқимизга хос ана шу дунёқарашнинг бадиий талқинини кузатиш мумкин.
Машҳур “Хамса”нинг иккинчи достони “Фарҳод ва Ширин”дан олинган мана бу байтда оз сўз замирига кўп маъно юкланган:
Кичикларга кичикдур умр асоси,
Улуғларға улуғроқдур қиёси.
Яъни инсон ҳаётининг моҳиятини, одамзод умрининг асосини ёшлардан кўра тажрибали инсонлар – улуғлар кўпроқ англайди. Шу боис уларга қулоқ тутмоқ, улардан ўрганмоқ, маслаҳатларини олмоқ ёшлар учун сув ва ҳаводек зарур, ниҳтяда фойдали.
Буюк мутафаккирнинг “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асаридаги мана бу сўзларига қулоқ тутайлик: “Ота болани шунинг учун тарбия қиладики, токи у катта бўлганида ғамхўрлик қилсин”. Улуғ ёшга етган ота-онага эҳтиром кўрсатиш одамийликнинг асосий шартларидан. Бу туйғу, бу фазилат ўзбекнинг боласига она сути, оиладаги тарбия, маънавий муҳит орқали болаликдан сингдирилади.
Агар инсон учун энг азиз саналган сиймолар – ота-она кексайган бўлса-чи? Уларга қай даражада эҳтиром кўрсатмоқ керак? Ҳазрат Навоий фикрича, ота учун бошни фидо, она учун жонни садқа қилмоқ – бурч. Кимки бу бурчни шараф билан адо этиб, ҳар иккисининг ризосини топса, икки дунё саодатига эришади. Зеро, ота-онанинг бири бамисоли ой бўлиб тунни нурафшон қилса, иккинчиси қуёш мисоли кунни ёруғ айлайди. Бугина эмас. Ҳазрат Навоий “Арбаъин” асарида “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” мазмунли ҳадисни бетакрор назмий талқин этганки, ўқиганларнинг вужудига титроқ югуради. Онанинг нечоғлик улуғ сиймо эканини яна бир бор юракдан ҳис этади:
Оналарнинг оёғи остидадур
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг,
Бўл онанинг оёғи туфроғи.
“Садди Искандарий”да улуғ шоир дунёнинг катта қисмини эгаллаган Искандарнинг онасига муносиб даражада хизмат қила олмаганидан ўкинчини тасвирлайди. Бу орқали она ризоси дунёнинг барча неъматларидан улуғ эканини таъкидлайди. Буюк шоирнинг ёши улуғларни қадрлаш, уларни ҳурмат қилиш ҳақидаги нодир фикрлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини заррача бўлсин йўқотган эмас.
Нурбой Жабборов