ИККИ ПАШША
Масал
Икки пашша – эски ошна учрашди ногоҳ,
Иккиси ҳам одамлардан айлади оҳ-воҳ.
– Депутатнинг уйидаман, – деди бириси. –
Кабобдан ҳам кучли анқир уйдан пул иси.
“Уй” дедимми, йўқ-йўқ, мисли шоҳона сарой,
Унга яқин йўлай олмас камбағал, гадой.
Музлатгичнинг эшигини ёпишар аранг,
Дарвозанинг тешигини ёпишар, қаранг.
Қўшнилари харобада кун кўрар базўр,
Депутат-чи, мажлислардан топади ҳузур.
Қўл кўтарар, қўл туширар, чалади қарсак,
Қарсакка ҳам, демак, қанча ақл, онг керак?
Қарсак чалиб кун кўради "бечора" банда,
Ҳатто қарсак чалар жўшиб ухлаётганда.
“Адолат!” – деб ҳайқиради бизнинг депутат,
Билмасларки, хотинининг исми – “Адолат”.
Шотирлари ўғриларга ўхшайди чунон,
Шотирларин “шогирдим” дер... мен шунга ҳайрон?..
– Ўҳ-ҳў, – кафтин ишқалади иккинчи пашша,
Ҳасратимиз эгизлардек жуда ўхшаш-а?
Мен ҳокимнинг ҳовлисидан макон топганман,
Бир пашшага пора бериб, чунон чопганман.
Уйидаги қандилларнинг барчаси таниш,
Уйи майли, ишхонасин арчаси таниш.
“Ҳоким” сўзи хон сўзига ўхшашми дейман,
Ҳоким бўлиш хон сингари яшашми дейман?
У истаса, ярим тунда чақирар мажлис,
Унга қарши сўз айтолмас ҳеч кимса ҳаргиз.
У истаган кимсасини сўка олади,
Обрўсини эл олдида тўка олади.
Қоровулни ёқтирмаса, ишдан бўшатар,
Бир муаллим ҳақ сўзласа, “иштон бўшатар”.
Халқ ичидан чиққан ўзи, халққа қайишмас,
Халқ қаддини кўтарай деб, бели майишмас.
Халқ ва ҳоким ўртасида кўринмас девор,
Девор борми, халқи билан бирлиги бекор!
Эҳ, одамлар, тушунмадим, бунча қўрқоқлар?
Бир уруғ, бир қавмдану нечун тарқоқлар?
Биз пашшалар каби ҳатто аҳилмас улар,
Емиш топса, бир бирини чақирмас улар.
Ошир-ошир, яшир-яшир, ташир-таширлар,
Ташимаган, яширмаган “тамға” – аширлар!
Биз пашшалар қисматимиз ~ сарқиту ахлат,
Сўкишса ҳам, қарғашса ҳам тоқатдир – қисмат!
Парвардигор ўзи суйиб яратган банда,
Пашшаларга бўлмоқдалар ҳатто шарманда!
* * *
Икки пашша одамларнинг ишидан нолон,
Излаб кетди ўзларига янги бир макон!
06.08.2023
Носиржон ТОШМАТОВ
Telegram | Instagram | Youtube | Facebook