Торлар
Созимнинг торлари нечадир, неча,
Гоҳида ўзим ҳам билолмай доғман.
Тинимсиз жаранглаб чиқди бу кеча,
Тағин бу тонг саҳар хўп вақти чоғман.
Гоҳ тоққа сиғмасдан чўлларга чопган
Шиддатли сойларга ўхшайди созим.
Гоҳ – ғамгин, даралар ичра улоққан,
Адашган садога монанд парвози...
Сен кетсанг белгисиз йўл бошин тутиб,
Изинг ғойиб бўлса йироқ-йироқда,
Соз Мажнун мисоли жонидан ўтиб
Лайли деб бўзлайди аччиқ фироқда.
Эҳ, ҳижрон онлари билмади шафқат,
Шўрликнинг узилди не-не торлари.
Не-не кунлар ботди, ўтди не фурсат,
Аммоки битмади кўнгил зорлари.
Муҳаббат, муҳаббат, эй хуш сасли тор,
Ҳолим танг бўлганда сен қўлладинг, рост.
Сен ёруғ дунёда эрсанг барқарор,
Куйлашдан тўхтамас минг бир торли соз!
...Созимнинг торлари нечадир, неча,
Гоҳида ўзим ҳам билолмай доғман.
У бўзлаб чиқади тун-оқшом, кеча,
Дўстим, агар сендан тушсам йироқ ман.
Агарчи, тимсолинг ўнгимда турар,
Гарчи қуруқ тимсол қалбни илитмас,
Сен деса, барибир торлар бонг урар,
Эол чилторидай сас таратур, сас!
Қишлоққа қайтсам гар, кўз ёшин тийиб
Кутиб олар эди раҳматли онам.
Титроқ қўлларини елкамга қўйиб,
Бағрига босарди тўймай сира ҳам.
О, ёруғ дунёни бағримга босиб,
Эзгу туйғуларни айласам эъзоз,
Севсаму севилсам, шунга муносиб
Сочсайдинг самога садоларинг, соз!
Томчилар рақси-ю майсалар саси,
Мавжлар куйидаги пинҳон зеру бам,
Гоҳо ғам, гоҳ шодлик – барча, барчаси
Нозик пардаларинг аро мужассам!
Аммо бир тор бордир, суюкли бир тор,
У тор узилмагай минг йиллар балким.
У сени васф этар, эй суюк диёр,
У сени васф этар, эй буюк халқим!..
Созимнинг торлари нечадир, неча,
Гоҳида ўзим ҳам билолмай доғман...
✍️
Муҳаммад Али
📱
Telegram 📱
Facebook