📖 Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг "Одамийлик мулки" китобидан парча:
📱 Яқинларга улашиб қўйинг.
✅ Каналга обуна бўлинг:
https://t.me/marksjumaniyozov
"Абдулла Авлоний ҳазратлари ёзган эканлар: «Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак - танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдир. Тарбия қилувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига «яхши хулқ» деган давони ичидан, «поклик» деган давони устидан беруб, катта қилмак лозимдур. Зероки, «Ҳассину ахлоқакум» амри шарифи узра хулқимизни тузатмакка амр ўлинганмиз. Лекин хулқимизнинг яхши бўлишининг асосий панжаси тарбиядур...
Ҳукамолардан бири: «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур»,-демиш.
Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак - оталарга фарзи айн, ўз миллатининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядир...»
Мазкур фикрларни яхшилаб англаш учун тарихга мурожаат қилайлик: ўтмишда диёримизда бир неча марта кучли-кучли давлатлар қад ростлаган ва кўп ўтмай нураб, яксон бўлган. Афсусли ери шуки, давлатларнинг йўқ бўлишига ташқи душманларнинг зарбаси эмас, кўпроқ ички низолар сабаб эди.
Хусусан, амир Темур салтанатининг тарихини эслайлик. Бу ҳолатни тарихчилар қандай шарҳлашса шарҳлашсин, лекин биз деймизки, дунёни лол қолдирган салтанатнинг емирилишига шаҳзодаларнинг яхши тарбия кўрмаганлари сабабдир.
Энди бизларни бир масала кўп ўйлантиради: тарбиячи ким? Ота-онами, мактаб муаллимларими? Биз бу ҳақда «Жиноятнинг узун йўли» деб аталмиш рисолада батафсил фикр юритганимиз сабабли сўзни мухтасар қиламиз. Фақат бир нарсани таъкидлаймиз: бола «Сен тарбиялашинг керак», деб гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа оширадиган копток эмас.
Фарзанд тарбиясига ота-она масъул, мактаб эса бу соҳада кўмакчи. Ҳа, айнан шундай. Чунки фарзанднинг оилада олган тарбиясига қараб ота-онасига роҳат ёки жазо келтиришини ҳамма билади. Отанинг иш-амали фарзандига сингса, унинг хулқида жилвагар бўлади. Болани тергаб назорат қилиш ота-она юзининг ёруғлигини таъминлайди. Тарбиядан ташқаридаги бола бебош ва ярамаслик сари оғади. Эрка бўлиб ўсган ўғил-қизлар хатти-ҳаракати ота-онага мунг ва алам келтиради.
Шу боис ҳам Абдулла Авлоний таъкид этганларидек: «тарбия бизлар учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидур» дейилмиш фикрни барчамиз бирдек шиор сифатида қабул қилмоғимиз лозим бўлади.
Афсусларким, айримларимизнинг кўнгилларимиз кўчага боғланган. Ишга, улфатга муҳаббат оилага бўлган муҳаббатдан ортиқ. Чойхоналарда, ресторанларда, турли зиёфатларда яйрашга умримизнинг ҳисобсиз соатларини беҳуда сарфлаймиз. Бола тарбиясига эса вақтни қизғанамиз.
Сариқ чақага арзимас матоҳларимиз фарзандларимизга нисбатан қийматлироқ. Пиёлани синдириб қўйса аямай урамиз, гулдонни синдирса дўппослаймиз. Агар ака укасини урса яна жазолаймиз. Ҳолбуки, каттанинг кичик, кучлининг кучсиз устидан ҳоким эканини ўзимизнинг айнан шу ҳаракатимиз билан ўргатяпмиз: гапга кирмаган кичикни ёки кучсизни уриш мумкин!
Бола шўхлик қилса «ҳали қараб тур, дадангга айтаман», деб қўрқитамиз. Ота келганда бола ёмонланади. Айни шу ҳолатда ота-бола орасига душманлик уруғи сочилганини фаҳм этмаймиз. Отани жазоловчи инсон сифатида кўрсатмай, ота келганда уни иззат-ҳурмат билан кутиб олишни ўргатиш афзалроқ эмасмикин?"
📱 Яқинларга улашиб қўйинг.
✅ Каналга обуна бўлинг:
https://t.me/marksjumaniyozov