#публицистика
МУҲАММАД РАҲМОН ШЕЪРИЯТИНИНГ МАЪРИФИЙ МОҲИЯТИ
«ҲАЗРАТИ БАШИР ҲИКМАТЛАРИ» туркуми
****
ИЙМОН ҚАЛЪАСИНИНГ ПОСБОНИ
Ҳазрати Башир – валиюллоҳ зот Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Башир (1368-1464) каби зотлар иймон қалъасининг посбонидирлар. Лекин уларнинг ҳолини мардум билавермайди. Ул зотлар Илоҳий ишқу муҳаббатнинг атроф-муҳитга эълон қилинган достони бўлишлари ҳам мумкин. Бироқ, абадий олам учун яратилган зотларнинг асл ҳоли ўткинчи дунёда яширин бўлади:
Қалъайи иймоннинг посбони эдим,
Ишқу муҳаббатнинг достони эдим.
Ваҳ, мардум билмади – жон фидо қилсам,
Балки, мен ерданмас, осмоний эдим.
Ёлғоннинг ҳам, ёлғончининг ҳам умри узундек туюлади. Лекин ёлғончи учун интиҳо бўлгани каби, ёлғон дунё учун ҳам интиҳо бор. Оддий одамларнинг ёлғони хатарли эмас, улар фақат ўзларини ҳалокатга олиб бориши мумкин. Лекин катта шахсларнинг ёлғони хатарлидир. Уларнинг ёлғони бутун бошли тузумни, жамиятни хатарга олиб боради. Катта ёлғончининг ўлимига ҳам биров ишонмайди:
Ёлғонни қўймадинг, бўлди, десак ҳам,
Сабримиз косаси тўлди, десак ҳам.
Энди тобутингни ким кўтаради? –
Кимса ишонмайди, ўлди, десак ҳам.
Унутиш Парвардигорга хос эмас. Парвардигори олам ҳеч кимни, ҳеч бир жону жонзотни, ҳатто, қават-қават тошлар ичидаги қуртни, қоронғу кечада қоп-қора тош устида юраётган қумурсқани ҳам унутмайди. Лекин раҳматдан умидвор банданинг дуоси ушбудир:
Гуноҳкор бандангман, шу экан борим,
Қусурдан холимас амалим, корим.
Кечиргин бир лаҳза унутган бўлсам,
Сен мени унутма, Парвардигорим!
Бу ўриндаги “Унутма!” ифодаси “Тарк этма!” деган маънодадир.
ЎТКИНЧИ ОЛАМДА БЕГОНА ЗОТ
Асл оламнинг одами ўткинчи оламда бегонадир, ётдир. Унинг ўз борар манзили, ўз қўним топар уйи бор. У манзилга, у уйга етиб бориш учун ўлим масофасини босиб ўтиш керак бўлар экан. Ниҳоят, шоир кезиб-кезиб, югуриб-елиб, ўз масканига, ўз уйига келди. Унинг абадий ҳаёт остонасидаги видоси ҳам, саломи ҳам ушбудир:
Дашти фонийсида югурдим, елдим,
Бегона эканман мен бунда, билдим.
Худойим, изн бер, бир зум тин олай,
Ниҳоят, ўзимнинг уйимга келдим.
“Ҳазрати Башир ҳикматлари” туркуми Муҳаммад Раҳмон ижодининг гултожидир. Унда шоир қалбининг ҳикматга эшлиги ошкор бўлган. Ҳикмат эса улуғ неъматдир. Ҳазрати Баширга бўлган эътимоди, эҳтироми ва муҳаббати туфайли шоирга маъно оламидан файз етганига шубҳа қилмайман.
Ҳикмат нури ҳар кимга насиб бўлавермайди. Истеъдоди очилган ёшидан бери шеър ёзиб, жилд-жилд китоб нашр эттириб, ҳикматдан бенасиб ўтаётган шоирлар бор. Тенгдошлари орасида Муҳаммад Раҳмон ўз синиқлиги билан ҳикмат булоғи томонга юз бурди, азизлар даргоҳидан ҳикмат теришга улгурди.
УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ ВА РУҲИЯТ» китобидан
@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•