Мирзо Кенжабек ижодхонаси


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Religion


Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, шайх ва шоир устоз Мирзо Кенжабек (Мирзо Аҳмад Хушназар Термизий)нинг ижодхонаси.
ЎЗАНДАН МАЪЛУМОТЛАР ОЛИНГАНДА МАНБА КЎРСАТИШ ЛОЗИМ!

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Religion
Statistics
Posts filter


Forward from: Najmiddin Ermatov
Бугун ўзбек элининг икки катта шоири туғилган кун!
* * *
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ

Бир ўлкаки...
Ойбек


Бир ўлкаки, қаро, тимқаро,
Кўзлари оқ, оқдир тишлари.
Бир омади — совқотмайди ҳеч,
Терга ботиб ўтар қишлари.

Шундай қизғин меҳнатга ёрдир,
Бир лаҳза ҳам бекор вақти йўқ.
Ҳамма-ҳамма нарсаси бордир,
Бечоранинг фақат... бахти йўқ.
***
МИРЗО КЕНЖАБЕК

Чеккагир қаламкашларга

«Мендан ижод қолар», дейди у шоир,
Шеър сотиб, жимгина ейди у шоир.
Талабгор сафларга аралашмаса,
Улуғлар улуғлаб, алқармиш роса!
Иши йўқ улуснинг фарёди билан,
У зот курашармиш ижоди билан!
Бир ён гар бирлик деб тирилар халқинг,
Бир ён заҳар ютиб қирилар халқинг.
Неча бегуноҳлар чирир қамоқда,
Шеърингдан юз буриб, қизлар ёнмоқда.
Қўқонда йигитлар ҳақ сўзни айтиб,
Узоққа кетдилар... келмаслар қайтиб.
Вужуд ўткинчидир, дунёси - турғун,
Зурёд бузилмоқда, пуштингда - қирғин!
Эй шоир, хонашер, майдонбағирим,
«Мендан ижод қолар» деган рақибим.
Наҳотки, қуёндан фарқинг бўлмаса,
Ижод кимга қолур, халқинг қолмаса?!

https://t.me/Najmiddin_Ermatov


Forward from: Suhrob Ziyo
20 февраль — Шоир ва мутасаввуф олим устоз Мирзо Кенжабек туғилган кун!


МИРЗО КЕНЖАБЕКНИНГ “ЁШЛАРГА ДИЛ СЎЗЛАРИМ” КИТОБИ ҲАҚИДА

...Бугун ёшлар шеъриятида тасаввуфий истилоҳларни қўллаш “мода”га кирган. Гўёки, шу сўзлар бўлса, шеър ҳам, шоир ҳам бир даража юксалгандай бўлади. Aммо билиб-билмай уларни ҳар ерга қўшиб кетавериш шиорннг шошқалоқлиги ва билимсизлигини тезда кўрсатиб қўяди. Лекин бирор устоз адиб ёки олим уларни бу ишдан қайтаришга ҳаракат қилмайди.

Устоз Мирзо Кенжабек ана шу кемтикликни тўлдиришни мақсад қилади. Минг йилларча тарихга эга ўзбек адабиёти ёшлари ХХI асрга келиб бундай хатоларга йўл қўйиши уятли ҳол.

Рисолада тасаввуфий масалалар, мажоз адабиётининг ўзига хос жиҳатлари ижодкор тили билан тушунтирилади. Тўғри ўлчов олиш, энг муқаддас мавзуларда янглиш сўз айтиб қўймаслик учун муаллиф бир қанча маънавий манбаларни тавсия қилади. Тавсия этиб қолмасдан, буларни билмаслик маънавий қашшоқлик белгиси, дея қатъий таъкидлайди...

Суҳроб ЗИЁ

▶️Тўлиқ ўқиш учун

@suhrob_ziyo1


****

АССАЛОМУ АЛАЙКУМ МИРЗАЖОН МУАЛЛИМ!

ТУҒИЛГАН КУНИНГИЗ БИЛАН ЧИН ҚАЛБДАН ҚУТЛАЙМАН!
АЗИЗ ВА ҚАДРЛИ МУАЛЛИМИ ЗАМОН ҚАРДОШИМ, ЭНГ ЭЗГУ ТИЛАКЛАРИМНИ ҚАБУЛ ЭТИНГ!

НУРАЛИ ҚОБУЛ.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


УСТОЗ СИЙРАТИ

Устоз Мирзо КЕНЖАБЕК ҳазратларига бағишов

* * * Бугун УЛУҒ УСТОЗИМИЗНИНГ ТАВАЛЛУД КУНЛАРИ.
Шукрона кунингиз муборак бўлсин, УСТОЗ!

Ўйу ёдим, хотирим
ҳар вақтки устозимдадур,
Олама тенг бир қиёс
сарҳадки, устозимдадур.

Ҳотамина кўз киби,
орифлиғиға эш сужуд,
Довари аъзамдайин
сийратки, устозимдадур.

Сардиниши ора йўқдур
паймонлиғдин нишон,
Раҳравийлик комида
ғайратки устозимдадур.

Нўшхандлиғ рўйида, маҳ
мисли кулгай орази,
Қоматин адлида хуш
суратки устозимдадур.

Келса гар ҳолин сўриб, 
қай каски, кўзга тўтиё
Хонида неъмату-ноз,
ҳар вақтки, устозимдадур.

Мазраъиға мосдурур
сўз дурларининг шодаси,
Силкидек ҳар мисрайи
хуш қадки,  устозимдадур.

Сочқучи нурлар ўзи
Шамсдек маъвосида,
Хийла анжумлар аро
савлатки,  устозимдадур.

Кулбайи ахзонима
гар келса товонин ўпай,
Айтмака деб,  "Толибим... " - журъатки
устозимдадур.

Ҳуббазо, деб номини
дил қони-ла этдим рақам,
Шаҳриман, шарҳимда не талъатки,  устозимдадур.

Шаҳриддин УМИРОВ.


@m_kenjabek | @xojagon_uz


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
****
✍️Мирзо КЕНЖАБЕК:

«ЖАҲОН ОБОДЛИГИ УСТОЗ БИЛАНДИР...»

🎙Муҳаммад Бобур Мўъмин.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


УЯТ САНГА

Тақдир ила базаҳ қилмоқ на ҳад санга?
Араз урди туфроқ санга, лаҳад санга.
Ҳайф эмасми бу руҳу бу жасад санга? –
Олтмиш учдан ўтдинг, Мирзо, уят санга!

Олтмиш учда тўй қилади баъзи одам,
Сен гуноҳкор жонингга тут қонли мотам,
На ҳол санда, на қол санда, на ор, на ғам,
Олтмиш учдан ўтдинг, Мирзо, уят санга!

Элга хитоб айлаб ҳазрат Муовия ,
Орзу қилди олтмиш учда ўтсам, дея,
Сен яшайсан ёлғонларга тўя-тўя,
Олтмиш учдан ўтдинг, Мирзо, уят санга!

Уч халифа ҳолин ўзга ёр қилмадинг,
Яссавийдек ер остида ғор қилмадинг,
Ҳеч бўлмаса, Навоийдан ор қилмадинг,
Олтмиш учдан ўтдинг, Мирзо, уят санга!

Шукр дейман, тақдирдан-ку шикоят йўқ,
Лекин менда солиҳ амал, шижоат йўқ,
Ё қабрда қўллар тоат-ибодат йўқ,
Олтмиш учдан ўтдинг, Мирзо, уят санга!

Шуми Ҳақнинг Расулига садоқатинг?!
Муҳаббатинг шуми, шуми итоатинг?!
Қадар ичра мақбул бўлмас надоматинг,
Олтмиш учдан ўтдинг, Мирзо, уят санга!

Тақдирида мутобаат бўлганлар бор,
Ҳақ Расулин орзу қилиб ўлганлар бор,
Аччиқ ўлим онида шод кулганлар бор,
Олтмиш учдан ўтдинг, Мирзо, уят санга!

Бирор эзгу ишга яраб яша энди,
Йиғлаб, Ҳақдан нажот сўраб яша энди,
Қолган умринг ерга қараб яша энди,
Олтмиш учдан ўтдинг, Мирзо, уят санга!..


6 -7- январь, 2022. Жумъа.

Мирзо Кенжабек

@m_kenjabek |instagram | youtube




АШЪОР – ХУШХАБАРДИР, КЎНГИЛНИНГ ҲАДДИ

Мирзо КЕНЖАБЕККА

Шоирнинг кечмиши –
сарғайган варақ,
Бўялган, чатилган –
умр сарҳади!
Ишқдан мурод асли
юракда ўлмоқ,
Ашъор – хушхабардир,
кўнгилнинг ҳадди!
Илму каломимиз –
Бир хитоб бўлди,
Бисотимиз – уюм шеър,
китоб бўлди!

Шоирлик Аллоҳдан,
шеър – Унинг сўзи,
Агар У айтмаса,
шеър – баён бўлди.
У барчани кўрар,
биз эса ожиз,
Руҳнинг забонида
У аён бўлди!
Илму каломимиз –
Бир хитоб бўлди,
Бисотимиз – уюм шеър,
китоб бўлди!

Севганимиз кимлар?
Ота - онамиз!
Аллоҳнинг рашкига
дил дучор бўлди.
Ўртаниб севдикми,
гулни, санамни?
Аллоҳга ошиқлик –
Сўз ночор бўлди!
Илму каломимиз –
Бир хитоб бўлди,
Бисотимиз – уюм шеър,
китоб бўлди!


''Мен севдим, Сен ҳам сев!''
ё Раб, дер Расул,
Ҳасан, Ҳусайнни
алқаб, эркалаб...
Кимни қаттиқ севсак,
У юлқиб олди,
Аллоҳ рашки улуғ,
оғу - нўши лаб!
Илму каломимиз –
Бир хитоб бўлди,
Бисотимиз – уюм шеър,
китоб бўлди!

Ўзбек фақир бўлди,
Сирож – ул қулуб,
Ўзбек сўфий бўлди,
ё Ҳу, Мирзоси!
Буюк Термизийлар
ки тийра зотлар,
Шоир муҳаббати –
Аллоҳ ризоси!
Илму каломимиз –
Бир хитоб бўлди,
Бисотимиз – уюм шеър,
китоб бўлди!

Соғинч ила кутдик
дўст дийдорини,
Ишқда сағир эдик,
ки пирга муҳтож.
Шуаро аҳлидан
Шайхул Мирзоси!
Исломий дўппимиз –
ўзбекона тож!
Илму каломимиз –
Бир хитоб бўлди,
Бисотимиз – уюм шеър,
китоб бўлди!

✍Ғулом ЭГАМШУКУР

https://t.me/qashqadaryo_adabiyoti


ҲАЁТ САБОҚЛАРИ

Мирзо Кенжабекнинг “Ҳаёт садолари”
китобига ёзув


Бу “Ҳаёт...” мушкул китоб,
мушкул китобдир бул китоб,
Кўнгил аҳлига вале
кўнгул китобдир бул китоб.

Бул китобни аҳли ҳикмат,
аҳли дард тез англаюр,
Бул – китоб шаклидаги
кашкул китобдир бул китоб.

Ер уза ер депсинур кўп
шеърият тулпорлари,
Бул китоб – парвоздадир,
дулдул китобдир бул китоб.

Термизийлар мулкидан
эсган саболар мангудир,
Барча ибрат аҳлига
мақбул китобдир бул китоб.

Бунда пирлар зим-зиё
оламга сочгайлар зиё,
Термизу Табрезу
Истанбул китобдир бул китоб.

Бандалар банд бўлса гар
фисқу фужур иғво билан,
Тоату тақво билан
машғул китобдир бул китоб.

Авлиёлар пойида ётган
жаҳонгирларни кўр,
Эътиқод дунёсига бахш –
шул китобдир бул китоб.

Бунда шоҳлар пир валию,
пир валилар подшоҳ,
Шайх Бистомий билан
Баҳлул китобдир бул китоб.

Бунда Ҳофиз бирла ҳазрат
Яссавий суҳбат қурур,
Чой қуюр Махтумқулидай
қул, китобдир бул китоб.

Кечалар кўксимда йиғлар
бир мусофир андалиб,
Гул китобдир бул китоб,
булбул китобдир бул китоб.

Ота-она хокларидан
ҳам видою ҳам салом,
Кўксим ўчоғида чўғу
кул китобдир бул китоб.

Опа-сингил, нону тандир
исли энг хуш онларим,
Бул менинг ҳам хайру хўшим,
шул китобдир бул китоб.

Дўстлигу меҳру садоқат,
одам авзойига ҳам,
Олам авзойига ҳам
масъул китобдир бул китоб.

Назмимиз Мирзосининг
шамъи Сирожи ўчмагай,
Дил китобдир токи бул,
кўнгул китобдир бул китоб.

Гапни чўзсанг, чўзмасанг ҳам,
қисса ҳам алқисса шул:
Мухтасар айтсам агар –
маъқул китобдир бул китоб.

19, 27.12.2024 й.

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


М. КЕНЖАБЕКНИНГ ФИҚҲИЙ КИТОБЛАРИ:

“Муршиди комил ҳикматлари”, тасаввуфий-фиқҳий асар. “Янги аср авлоди” нашриёти, 2004. "Олтин китоб" нашриёти, 2021.

«Эътикоф», «Мовароуннаҳр», 2005.

«Қабристон зиёрати одоби, «Мовароуннаҳр», 2005.

“Мубайян ва насрий баёни” (Заҳируддин Муҳаммад Бобур Хазиналари). “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2014. "Зилол булоқ" нашриёти, 2020.

“Анворул-маносик”, Ҳаж фатволари мажмуаси, Ёрқинжон Қори Фозилов таржимасида мусаннифлар жамоаси билан бирга нашрга тайёрланган. “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2014.

“Энг гўзал саловотлар”, “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, биринчи нашри 2015; иккинчи нашри 2017. 2021. 2023. 2025.

(Муаллиф фиқҳий асарларини асосан Мирзо Аҳмад Хушназар тахаллуси билан нашр этади. Хушназар бобо – муаллифнинг бобокалони, Кенжабой бобонинг оталаридир.)


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


М.КЕНЖАБЕКНИНГ ТАРИХИЙ - МАЪРИФИЙ ВА ТАСАВВУФИЙ КИТОБЛАРИ:

«Термиз тазкираси», «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2001.

«Дунёнинг муршиди»: Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг «Рисолаи Волидиййа» асари Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб назмий таржимасининг қисқа шарҳи; «Фан» нашриёти, 2004.

“Буюк Термизийлар”, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2017.


“Ҳазрати Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда”, «Ўзбекистон» нашриёти, 2017.

“Бобур Мирзо асарларида арабий матнлар”, рисола. “Sharq” НМАК Бош таҳририяти, 2018.

“Рисолаи волидиййа назмий таржимаси ва шарҳи”, Тошкент, “Navroz” нашриёти, 2019.

“Ошиқ Машраб ва тасаввуф олами”, Тошкент, “Navroz” нашриёти, 2019.




@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


УСТОЗНИНГ ЖАҲОН АДАБИЁТИДАН ҚИЛГАН ТАРЖИМАЛАРИ:

А.С.Пушкин: «Евгений Онегин», шеърий роман, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1988; қайта ишланган иккинчи нашри “O’zbekiston” нашр-матбаа уйи, 2019.

Фаридиддин Аттор: «Тазкиратул-авлиё», «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 1997.

Махтумқули , Сайланма. Шеърлар. Туркман тилидан таржима. “Адолат” нашриёти, 2004.

Аҳмад Ғаззолий. Маърифий шеърлар. Араб тилидан таржима. “Баҳрул-маҳабба” (“Муҳаббат денгизи”) китобида чоп этилган. “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2017.

Махтумқули, “Ошиқлар Ҳақ ишқинда”, сайланма шеърлар. Туркман тилидан ўзбек тилига мувофиқлаштирилган. “Зилол булоқ” нашриёти, 2019.

Махтумқули, Танланган асарлар, шеърлар. Туркман тилидан ўзбек тилига мувофиқлаштирилган. “Академнашр”, 2024.

Жеймс Олдриж, «Ғаройиб мўғул оти», (Англия). Қисса. Рус тилидан Ризоқул Усанов билан бирга таржима қилинган, “Tafakkur” нашриёти, 2012.

Сирожиддин Усмон Ўший. «Омолий», манзума. Араб тилидан таржима, “Мовароуннаҳр”, 1999.

Зайниддин Восифий, “Тошкент таърифида маснавий” достон, форс тилидан таржима. “Жаҳон адабиёти” журнали, 2002.

Бошқа шеърий таржималари: Форс тилидан: Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Носир Хусрав Деҳлавий, Мавлавий Жунуний ғазаллари. Турк тилидан: Юнус Эмро шеърлари. Рус тилидан: И.В.Гёте (Олмония); Николас Гильен (Куба); Геворг Эмин (Арманистон); Ўлжас Сулаймон (Қозоғистон) шеърлари. Бу асарлар турли китобларда ва Республика журналларида нашр этилган.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК ҲАҚИДА

Шоир, таржимон, журналист, исломий китоблар мусаннифи Мирзо Кенжабек (Кенжабоев Мирза Тўйчиевич) 1956 йилда Ўзбекистон жанубида – Сурхондарё вилояти, Сариосиё (ҳозирги Узун) тумани, Меҳнат қишлоғида туғилган. Ўрта мактабдан сўнг 1974–1979 йилларда Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетида, 1999–2001 йилларда Имом Бухорий номидаги Ислом институтида таълим олди.

1982 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Ўзбекистон Республикаси Перезидентининг 2017 йил 27 сентябрь фармони асосида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвони билан тақдирланган.

2019 йилнинг 14 феврали куни Бобур номидаги халқаро мукофот билан тақдирланди.

2020 йилда “Маънавият фидойиси”, 2021 йилда “Меҳнат фахрийси”, 2022 йилда Халқаро “Олтин мерос” медаллари билан тақдирланган.

2019 йил 17 мартда хожагон-нақшбандийя Шайхи иршод мақоми (шайхлик иршодномаси) берилган.

Ҳозирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ислом дини меросини сақлаш бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритмоқдалар.


Олимлар жамоаси билан бирга буюк форс-тожик шоири Абдураҳмон Жомийнинг сайланма шеърларини жамлаб, илмий изоҳлар асосида “Муҳаббат махзани” номи билан нашр эттиришган. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тожикистон Президентига ҳадя қилинган.

Буюк турк шоири Юнус Эмронинг шеърлари усмоний турк тилидан таржима қилиниб, “Ўлмас кўгул” номи билан нашр эттирилган, 2020. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга туҳфа қилинган.

Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқулининг Танланган асарларни туркман тилидан ўзбек тилига мувофиқлаштирилган. “Академнашр”, 2024. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Туркманистон Миллий раҳнамосига совға қилинган.


ШЕЪРИЙ КИТОБЛАРИ:

«Мактубларим», Тошкент, “Ёш гвардия” нашриёти. 1982.
«Қуёшга қараган уй», Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1983.
«Муножот», Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти ,1986.
«Шарқ тили», “Камалак” нашриёти, 1988.
«Баҳорим еллари». Лирика. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989.
«Хушхабар». Янги шеърлар ва рубоийлар. “Наврўз” нашриёти, 2018.
«Ҳаёт садолари». Шеърлар ва рубоийлар. “Qamar-media” нашриёти, 2022.
«Номус жанггоҳи». Эрк ва озодлик учун курашган сатрлар. “Oltin kitob” нашриёти, 2022.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


****

Бугун атоқли ижодкор, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”. Халқаро Бобур мукофоти соҳиби - Устоз Мирзо Кенжабек таваллуд топган кун.



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Пайшанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Шаъбон ойининг 21-куни.
Милодий 2025 йил, 20-февраль.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


"УСТОЗ МЕҲРИ БИЛАН ТУТДИМ ЙЎЛИМНИ..."

Одам яхши гапни унутмайди.

2001 йилда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги нишонланди. Менинг асарларим матбуотда деярли чоп этилмас эди. Бунга ҳеч қандай сабаб ва асос ҳам йўқ эди. Ўша вақтда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Термиз дарахтлари” деган биргина шеърим чоп этилди.

Устоз Эркин Воҳидов халқ вакили (депутат) сифатида Олий мажлисда хизмат қилар эдилар. Шу арзимас бир шеър учун қўнғироқ қилиб, менга табрик айтдилар ва: “Бу шеърда бир шоирнинг таржимаи ҳолини кўрдим”, деб баъзи сатрларни ўқидилар. Адашмасам, ушбу сатрлар эди:

Аён, эркаликдан бу боғлар холи,
Чунки касби бўлмиш кураш ва сабот:
Ниҳоллик чоғидан афғон шамоли – 
Аччиқ қумлар билан сийламиш ҳаёт!.. ...

Термиз – аждодларга қадимий ватан,
Тафти ҳам қалбимдан оташ сўроқлар.
Лекин хаёлимни чулғар дафъатан
Силтовлар ичида ўсган дарахтлар.

Устознинг сўзлари ёдимда қолди. “Тошкент шукронаси” деган ноқис шеъримдаги ушбу сатрларда айнан устоз Эркин Воҳидовни назарда тутганман:

Ғариблик эзганда баъзан дилимни,
Елкамда ҳис этдим дўстлик қўлингни,
Устоз меҳри билан тутдим йўлимни,
Меҳрибон дўст иши – дўстона, Тошкент!

Бу ожизона сатрлар менинг ҳақиқий шукронам ва миннатдорлигим эди...

Мирзо Кенжабек

@m_kenjabek ||instagram | youtube


****

ТЕРМИЗ ДАРАХТЛАРИ

Термиз – аждодларга қадимий ватан,
Еллари қалбимга берур фараҳлар.
Лекин хаёлимни тортар дафъатан,
Хиёл бир томонга оғган дарахтлар.

Аён, эркаликдан бу боғлар холи,
Чунки касби бўлмиш кураш ва сабот:
Ниҳоллик чоғидан афғон шамоли –
Аччиқ қумлар билан сийламиш ҳаёт!

Ҳар шажар китобин еллар варақлар –
Яширин сир қолмас бирор япроқда:
Довуллар қўйнидан урён дарахтлар
Менинг юрагимга қараб келмоқда.

Тириклик ҳамиша талошли бўлур,
Ҳар кўчат бошида бўлғуси не ҳол? –
Ҳаёт жабҳасида бардошли бўлур
Силтовлар ичида ўсгувчи ниҳол.

Игналари билан игна барглилар,
Шамолдан ўзига тикибдир ридо:
Яшил салтанатин сақлашга улар
Рақибдан ҳимоя топибдир ҳатто!

Термиз – аждодларга қадимий ватан,
Тафти ҳам қалбимдан оташ сўроқлар.
Лекин хаёлимни чулғар дафъатан
Силтовга дош бериб ўсган дарахтлар.

Шамоллар боғланиб, тинганда қуюн,
Боғларни кузатдим: нечоғ бахтиёр!
Елларда – мозийлар саломи тайин,
Елларда ёмғирлар хушхабари бор!

Ҳар юрак шажардан топур фараҳлар,
Ҳар дилни яшиллик яшнатар тағин.
Лекин силтовларда ўсган дарахтлар
Кўнглимга яқиндир, кўнглимга яқин!..

2001 й.

Мирзо КЕНЖАБЕК



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Чоршанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Шаъбон ойининг 20-куни.
Милодий 2025 йил, 19-февраль.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


#публицистика

МУҲАММАД РАҲМОН ШЕЪРИЯТИНИНГ МАЪРИФИЙ МОҲИЯТИ

«ҲАЗРАТИ БАШИР ҲИКМАТЛАРИ» туркуми


****
ИЙМОН ҚАЛЪАСИНИНГ ПОСБОНИ


Ҳазрати Башир – валиюллоҳ зот Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Башир (1368-1464) каби зотлар иймон қалъасининг посбонидирлар. Лекин уларнинг ҳолини мардум билавермайди. Ул зотлар Илоҳий ишқу муҳаббатнинг атроф-муҳитга эълон қилинган достони бўлишлари ҳам мумкин. Бироқ, абадий олам учун яратилган зотларнинг асл ҳоли ўткинчи дунёда яширин бўлади:

Қалъайи иймоннинг посбони эдим,
Ишқу муҳаббатнинг достони эдим.
Ваҳ, мардум билмади – жон фидо қилсам,
Балки, мен ерданмас, осмоний эдим.


Ёлғоннинг ҳам, ёлғончининг ҳам умри узундек туюлади. Лекин ёлғончи учун интиҳо бўлгани каби, ёлғон дунё учун ҳам интиҳо бор. Оддий одамларнинг ёлғони хатарли эмас, улар фақат ўзларини ҳалокатга олиб бориши мумкин. Лекин катта шахсларнинг ёлғони хатарлидир. Уларнинг ёлғони бутун бошли тузумни, жамиятни хатарга олиб боради. Катта ёлғончининг ўлимига ҳам биров ишонмайди:

Ёлғонни қўймадинг, бўлди, десак ҳам,
Сабримиз косаси тўлди, десак ҳам.
Энди тобутингни ким кўтаради? –
Кимса ишонмайди, ўлди, десак ҳам.


Унутиш Парвардигорга хос эмас. Парвардигори олам ҳеч кимни, ҳеч бир жону жонзотни, ҳатто, қават-қават тошлар ичидаги қуртни, қоронғу кечада қоп-қора тош устида юраётган қумурсқани ҳам унутмайди. Лекин раҳматдан умидвор банданинг дуоси ушбудир:

Гуноҳкор бандангман, шу экан борим,
Қусурдан холимас амалим, корим.
Кечиргин бир лаҳза унутган бўлсам,
Сен мени унутма, Парвардигорим!


Бу ўриндаги “Унутма!” ифодаси “Тарк этма!” деган маънодадир.

ЎТКИНЧИ ОЛАМДА БЕГОНА ЗОТ

Асл оламнинг одами ўткинчи оламда бегонадир, ётдир. Унинг ўз борар манзили, ўз қўним топар уйи бор. У манзилга, у уйга етиб бориш учун ўлим масофасини босиб ўтиш керак бўлар экан. Ниҳоят, шоир кезиб-кезиб, югуриб-елиб, ўз масканига, ўз уйига келди. Унинг абадий ҳаёт остонасидаги видоси ҳам, саломи ҳам ушбудир:

Дашти фонийсида югурдим, елдим,
Бегона эканман мен бунда, билдим.
Худойим, изн бер, бир зум тин олай,
Ниҳоят, ўзимнинг уйимга келдим.

“Ҳазрати Башир ҳикматлари” туркуми Муҳаммад Раҳмон ижодининг гултожидир. Унда шоир қалбининг ҳикматга эшлиги ошкор бўлган. Ҳикмат эса улуғ неъматдир. Ҳазрати Баширга бўлган эътимоди, эҳтироми ва муҳаббати туфайли шоирга маъно оламидан файз етганига шубҳа қилмайман.
Ҳикмат нури ҳар кимга насиб бўлавермайди. Истеъдоди очилган ёшидан бери шеър ёзиб, жилд-жилд китоб нашр эттириб, ҳикматдан бенасиб ўтаётган шоирлар бор. Тенгдошлари орасида Муҳаммад Раҳмон ўз синиқлиги билан ҳикмат булоғи томонга юз бурди, азизлар даргоҳидан ҳикмат теришга улгурди.



УСТОЗ МИРЗО КЕНЖАБЕК
«ШЕЪРИЯТ ВА РУҲИЯТ» китобидан



@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•


****

Ассалому алайкум  ва
раҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

БУГУН:
Сешанба.
Ҳижрий 1446 йил.
Шаъбон ойининг 19-куни.
Милодий 2025 йил, 18-февраль.


@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•

20 last posts shown.