#tarix.Улуғбекнинг жасади мумиёланмаган эди. Мармар тобутдаги марҳумнинг устида ярим чириган нафис қора ипак мато, унинг остида сарғиш газмол бўлган. Улуғбекнинг белидаги энлик камари, камарнинг сиртидаги оқ ва ҳаворанг гуллари, эгнидаги кўйлак қолдиқлари ҳам сақланган. Бу унинг шаҳид этилгани далили эдики, ювишмагани ва кафанга ўрашмагани ҳам аён. Профессор Герасимов бу ҳақдаги баённомага тубандагиларни қайд этган: «Фақат бақувват ва тажрибали қотилнинг зарбасигина шундай бўлиши мумкин. Қилич ўнг ёндан урилган, марҳум чўккалатилган, жаллод унинг олдида турган. Умуртқани кесиб ўтган сезилар-сезилмас титроқ тўлқин тиғнинг жуда ўткир ва зарбанинг беҳад шиддатли бўлганидан далолат беради.» Таниқли ўзбек антропологи Тельман Хўжаев 1995- йили Улуғбекнинг бўйи 171 сантиметр эканини аниқлаган. У ўз хулосасини АҚШ олимлари кашф этган янгича илмий услубга асослангани билан изоҳлайди.
© Рустамжон Умматов
© Рустамжон Умматов