ҚАРИМАГАН СЕВГИ
Маҳкама залида тўпланганлар саксон ёшлар атрофидаги икки қариянинг аҳволини ачиниш билан кузатар эди. Чол қайсар нигоҳлари билан қаршисида жимгина ўтирган, нигоҳлари ич-ичига ботиб кетган, кўзларидан қайғу ёғилаётган кампирини зимдан таъқиб қиларди.
Мудир дағал овозда момодан сўради:
- Хўш, холажон, нима сабабдан ажрашмоқчисиз?
Кекса аёл чуқур нафас олиб тўрт томонга бир-бир қаради-да, ҳаста, ҳорғин товушда гап бошлади:
- Бу одам менга етти ёт бегонадан ҳам баттар зулм қилиб келди эллик йил давомида. Эллик йилдирки ҳаётдан бездиради мени...
Сўнг маҳкама залини жимлик қоплади. Бир пайт бундай хабарларни кунда-кунора масхараомуз тарқатадиган мухбирлардан бирининг истеҳзоли кулгуси сукунатни бузди. Ким билади эллик йиллик ҳаёт тўғрисида қандай беъмани иддаоларни тарқатишмоқчи экан бу мухбирлар? Худди фавқуллодда юз бераётган воқеани кузатаётгандек жуда кўп газетачилар йиғилган эди. Ҳамма момога кўз тиккан. Кекса аёл кўзлари ёшга тўлиб давом этди.
- Бизнинг бир садаф гулимиз бор эди. Уни жуда яхши кўрардим. У билмайди. Эллик йил аввалги воқеа. Мен у гулни ўзимга туҳфа этилган гулдаста орасидан танлаб, уруғидан ўстирдим. Парвариш қилдим. Аллоҳ фарзанд бермади, гулзоримдаги гулу чечакларни фарзандим деб билдим. Бироз муддатдан кейин гулим ногоҳон сўлиб, қурий бошлади. Бунга бардош беролмасдим. Ҳар кеча тонгга яқин, қуёш чиқмасидан аввал бир идишда сув олиб, гулимни суғорардим. Шундай қилса, гул қуримайди, деган эди бу кишим. Аммо бу бераҳм эллик йилдан бери бирор марта бўлсин, тунда ўрнидан туриб, шу гулни мен суғорайин, демади. Ўтган тунга қадар шундай яшадим. Ўша тунда сабрим етмади, уйқудан туролмадим. Мен шундай кимса билан эллик йил умримни ўтказдим. Ҳаётимни, умидимни, меҳр-муҳаббатимни унга бердим. Аммо ундан ҳеч нарса кўрмадим. Ҳатто бир мартагина бўлса-да, зиммасидаги вазифаларидан бирини бажарармикан, дея кутдим. Энди менга унинг кераги йўқ, усиз аввалгидан ҳам бахтлироқман!
Мудир кекса кишига қаради:
- Отахон, сиз нима дейсиз?
Курсида зўрға ўтирган қария ҳассасига таяниб ўрнидан турди ва кампири ўзига қўйган айбловлардан хижолат чеккан алфозда мудирга юзланиб, дона-дона гапира бошлади:
- Аскарлигимда саройда боғбонлик қилганман. У ердаги гулзорни кўркам, кўз қувнайдиган бўлиши учун бор кучим, меҳримни аямадим, - сўнг кампирга имо қилди, - Фотимамни ҳам ўша ерда учратдим. Садаф гулларни ҳам ўшанда илк бор кўрган эдим. Унга энг гўзал гуллардан ясалган гулдасталар туҳфа этдим. Эндигина турмуш қурган пайтларимиз эди, бўйни кўп оғригани учун уни шифокорга олиб бордим. Шифокор: «узоқ ухласа, бўйнидаги оғриқ кучайиб, аҳволи ёмонлашиши мумкин, шунинг учун ҳар кеча уйқусидан туриб, бироз сайр қилсин», деди.
Лекин у шифокорнинг айтганига парво қилмади. Менинг ҳам гапимга кирмади. Ўша кунларда, тасодифми ё Яратган менга юборган нажотми, аёлим ўстираётган гул қурий бошлади. Мен унга: «Гулни тунда туриб суғорасан, яна ўзини тутиб, ўсиб кетади», дедим.
Ҳар тун аёлимнинг фарзандидек авайлаб парвариш қилаётганини гулларга сув қуяётганини мароқ билан кузатардим. Ўша гул мен эдим гўё...
Сўнг ҳеч ким кутмаган тарзда ҳикоясида давом этди:
- Ҳар кеча у ўрнига ётганидан сўнг уйғонар эдим. Гултувакдаги сувни тўкиб ташлардим. Садаф гули тунда суғоришни суймайди, мудирбей. Ўтган кеча эса... кексалик, ўзим ҳам ухлаб қолибман. Уни ҳам уйғотмабман. Гул сувда қолди, аммо хотинимнинг бўйин оғриғи камайган...
Бугун мен айбдор бўлдим, лекин шу пайтгача бу ҳақда бир сас чиқарган эмасман...
Бу пайт мухбирларнинг боши эгилган, тўпланганларнинг кўзларида ёш ҳалқаланган эди...
Хоқон Мангуч
Турк тилидан Умида Адизова ўгирган.
Манба: «Турк ҳикоялари» китобидан.
@ibratlii_xikoyalar