Ибратли хикоялар ✍


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Books


Эга @Azimnur
• Энг сара ҳикоялар ✨
• Қизиқарли асарлар💥
• Дедиктив 🔥
• Реал воқеаларга асосланган ҳикоялар фақат бизда ⚡️
Энг яхшлари фақат сизлар учун 💥🫡

Related channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Books
Statistics
Posts filter


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Кимдир мажбур яшайди кимдирлар эса яшатиргани учун яшайди фарқи катта 🫥 🤐 ✅
@ibratlii_xikoyalar


100-ҚИСМ

Бирор нима сотиб олмоқчи бўлсангиз, сизни хурсанд қилиб яна ўша бузуқ аммо, ширин талаффузи билан “подесевле” дейди. Биринчи марта борганимизда Шаҳлони кулгидан зўрға тўхтатгандик. Шайтон қитиқлагандек кулаверди, кулаверди. Ҳозир анча қулоғи ўрганиб қолган. Хитойча талаффуз билан, уларга мос ҳолда яна айнан уларга ўхшаб “не пелезивай” деб қўяди.
Мен эса кўпинча бинолар пештоқига катта-катта қилиб ёзилган хитой ёзувлари тагидан жой олган русча сўзлардаги қўпол ва кулгили хатоларни ўқишни хуш кўраман. Гарчи рус тилини жуда яхши билмасам-да, лекин тўғри ва нотўғри ёзилган сўзларни фарқлай оламан. Эсимда қолганлари ва менга табассум берганлари анчагина, масалан: “Самый центр мужчин”, “Красивый дом пелеменный”, “Встреча чемодана и сумки”, “Мужская и модная одежда”...
Бунақасини албатта, фақат Хэйхэда кўришингиз мумкин. Бундан ташқари, Хэйхэ ранго-ранг, гўзал чироқлари билан ҳам барчани мафтун этади. Аслида Хитойнинг деярли барча шаҳарларини кечки пайт чироқлар ўлкаси дейиш мумкин дейишади. Лекин биз ўз кўзимиз билан фақат Хэйхэни кўрганмиз ва у кўзни қамаштирувчи чироқлари билан хотирамизга муҳрланган. Бу ерда нафақат истироҳат боғлари, кўчалар ва пештоқлар, балки барча иншоотлар бор бўйича чироқлар билан безатилган. Кундузи уни қай ҳолатда кўрган бўлсангиз, кечки пайт у худди шу ҳолида ял-ял ёниб туради.
Эслаганим сари Хэйхэга ўтгим келди. Теплоход атрофидаги ғимир-ғимир қилаётган одамларга ҳавас билан боқдим.
Амурдан ўтганингиздан кейин сизни таксичилар то Хэйхэнинг марказигача, бор-йўғи беш юан билан олиб бориб қўяди. Улар бажонидил рублни ҳам қабул қилаверади. Яна у ерда сизга, юкингизга кўмак берувчи ўнлаб “хелпер”лар, яъни, бизнинг тил билан айтганда ҳаммоллар қулоқни қитиқловчи талаффуз билан “Моя не хулигана, моя — помогайка!” дея ўзига чорлаб туради. Хуллас, бу шаҳарни мен ўзим учун “Табассум ўлкаси” деб атаганман. Чунки ҳали бирор марта бу ерда кўнгилсиз нарсага дуч келмадим. Ҳар қадамимда юзимга кулгу югурса югурганки, асло дилим хира бўлмайди.
“Агар яқин орада “иш” бўлмаса, шунчаки айланиб келиш учун Хэйхэга ўтаман. Балки, Шаҳло ва Жамила ҳам борар...” — ичимда қарор қилдим.
Эндигина Жамила билан боғлиқ кўнгилсизликни унутиб овунган эканман. Яна эсимга тушди-ю, хотираларим берган хуш кайфият қайнаган сувнинг юзидаги буғлар каби қайгадир ғойиб бўлди.
“Пиқиллаб йиғлаб, тўнғиллаб Шаҳлони ҳам қон қилиб ўтиргандир? Шаҳло ҳам мени шошқалоқлик ва бефаросатсизликда айблаб, койиб олган бўлиши ҳам мумкин! У шунақа! Ҳеч қачон опам, яқиним аяб деб ўтирмайди. Кўнглида кечаётган гапларни айтади-қўяди. Шу феъли сабаб на қайнонаси билан чиқишди, на эри билан. Бетгачопар кимга ҳам ёқарди. Биргина мен унинг бу “эрка”лигига кўникканман. Ҳатто, онам ҳам кўтармайди, бу қилиғини. Дарров оғзини ёпишга уринади...”

МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА

Давоми бор...
@ibratlii_xikoyalar


99-ҚИСМ

—Менга бунақа демадиларингиз-ку, бошида. Манзил аниқмас, яна қутқариш керак бўлган одам иккита. Иккаласини ҳам чиқариб юборишлари... Ҳай, билмадим-ов! Қийин масала...
—Лекин... иккаласини ҳам қутқармасангиз бўлмайди... — овози қалтиради онанинг.
—Биттасини қутқарсак ҳам катта гап. Иккаласи қийин масала...
—Унақа деманг... — баралла йиғлаб юборди кампир.
—Опа, мен ҳали биттасини ҳам қутқара оламан, деб аниқ ваъда берганим йўқ-ку! Шунинг учун биттасини айтиб туринг. Агар биттасини қутқаришниг йўлини қилсак, қайси қизингизни айтай...
Онаизор ёш тўла кўзларини Марат акага тикди. Унинг кўзларида даҳшат ҳукмрон эди. Кейин титраётган лабларини зўрға ҳаракатга келтиргандек, паст овозда деди:
—Худди... иккала кўзингиздан қай бирини қолдирай, деётгандексиз...

“ТАБАССУМ ЎЛКАСИ”

Ер ёрилмадики, кириб кетсам, Худо қанот бермадики, учиб кетсам... Шунақаям хунук ва ноқулай вазият бўладими? Умрим бино бўлиб бунақа уятли ҳолга тушмаган бўлсам керак. Билдим, юзларим лов-лов ёнди, ўз ўзидан бошим эгилди. Боядан буён нигоҳларим билан таъқиб қилаётганим Жамиладан энди кўзимни олиб қочдим. Қани энди танимни ҳам бирор жойга олиб қочишнинг ҳам иложи бўлса. Келиб-келиб Жамиланинг ёнида юзимни шувит қиладими, Худо ҳам...
Нима учундир, Шаҳлони ёмон кўрдим. Ахир жим турса бўларди-ку. Кейин бир йўлини қилардим. Аламдан унга қичқирганимни сезмай қолдим:
—Қачон қўйгандинг, у ерга? Нега айтмадинг?
—Мен сизнинг пулингизни қўлимга ушлаганим ҳам йўқ-ку! Ўзингиз кечаси қайтариб солгансиз... — қовоқ-тумшуғи осилди Шаҳлонинг. Кейин тўғри Жамиланинг ёнига борди-да, бағрига босди: — Хафа бўлма, Жами. Кечадан буён биласан-ку, ҳеч кимнинг хуши жойида эмас. Опамни ҳам тушун, “Мол аччиғи — жон аччиғи”, дейилган. Пулини топа олмаганидан шунақа хаёлга борган...
—Мени шунақа деб уйлади. Шунга бирга юриб, ишончга кира олмабман. Наҳот, ўғрига ўхшасам... — ҳамон йиғларди Жамила. — Оғир ботаркан...
Мен бошимни қуйи солган ҳолда уни зимдан кузатдим. У юз-кўзи, бурнини артганча ўрнидан турди. Кийим жовони томонга юрди. Шаҳло “Бирор нима денг”, дегандек менга им қоқди. Ўша онда кечирим сўрамоқчи бўлдим. Энди оғиз жуфтлаётгандим, яна нимагадир фикримдан қайтдим. Ўзимга буни эп билмадим, шекилли. Ўзи ҳам айбдор-ку! Писмиқларча иш тутмасин эди. Бироз кутса, маслаҳатлашса шубҳага бормасдим. Шу воқеа бўлмасди. Шундай экан, нега кечирим сўрашим керак?
Шаҳло Жамилани кўрсатиб, яна менга қовоқ осди. Мен “бор-е”, дегандек қўл силтадим-у, ўрнимдан туриб хонадан чиқиб кетдим. Тўғри Амур соҳилига бориб, сувни, ўтган-кетганни томоша қилдим. Нариги қирғоқдан аниқ кўриниб турган Хэйхэ шаҳрига қараб кўнглим кўтарилди. Сабаби, у ерда бўлган чоғимизда Шаҳло ҳам, мен ҳам, Жамила ҳам кулгидан ўзимизни тия олмаймиз. Ҳар қадамда хитойликларнинг тили чучук болакайдек “Длуга здлавствуй!” дегани эшитилади.


98-ҚИСМ

—У умуман борган эмас, — Алишернинг жонига оро кириб, қайнонаси гап бошлади. — Улар ўн йилча аввал ажрашиб кетишган. Лекин куёвим тузук, болаларидан хабар олиб туради. Лайлонинг ишига аралашмагани учун билмайди...
—Оббо! — энса қотириб баланд овозда деди Марат ака. — Наҳот бирор марта қаерда эканлигини айтмаган, а?
Кампир бош чайқади.
—Унда қийин масала! Мен бир нарса қила олмайман, кетдим!
—Унақа деманг, ука! Бирор йўли бордир? — йиғлай бошлади кампир. — Бирор чорасини қилинг...
—Қидириб топишим ҳам анчага тушади, айтиб қўяй...
—Мен розиман, — ўйлаб ўтирмади Алишернинг қайнонаси.
Алишер эса энди ўзини кераксиз одамдек, ўринсиз келиб қолган меҳмондек ҳис қила бошлади.
—Қаердан кетганини кетганини, қаерга борганини билмасангиз бу... Қийин масала... — гапини негадир ичига ютди эркак.
—Россиядан кетган, — ўзи билмаган ҳолда деди Алишер. — Ўзи Россияга кетганди. Ўша томондан ўтган Хитойга...
—Хэйхэ! — бош бармоғи билан ўртанчасини бир-бирига ишқаб шақиллатганча деди аёл. — Благовещенскдан сув йўли орқали Хэйхэга ўтган. Хэйхэдан қидирасиз...
Марат ака ниманидир режа қилиб ўтирган эканми, манзил топилганидан у қадар қувонмади. Худди бу унга аввалдан аён бўлгандек беписандлик билан деди:
—Қидирадиган жойимни шундоқ ҳам билардим. Ҳозир билмасам ҳам, “информация” олиш мумкин бўлган нуқталардан олиб, билардим. Муаммо шуки, қамоқхонадан чиқариш учун ким билан гаплашиш керак? Кимнинг кучи етади, бунга? Мана, шу муаммо ҳаммасидан оғир... Энг қийин масала...
—Тўғри... — деб қўйди аёлнинг унинг гапини маъқуллаб.
Бу пайтда Алишер Марат ака тилидан қўймайдиган, одатга айлаган “Қийин масала” деган гапига беихтиёр эътибор қила бошлаганди. Ҳар гапида айтдими ё ўрни келгандами?
—“Нуқталарни биламан”, дедингиз-ку, — эсу дарди қизларини қутқариш бўлган Алишернинг қайнонаси умид билан Марат акадан кўз узмай деди. — Буни ҳам ўша ердан ҳал қилиб бўлмайдими?
—Э-э, опа-а-а, мен қизингизнинг иши бўйича, ўзимизнинг элчихона билан гаплашмоқчи эдим, — муҳим сирини ошкор қилаётгандек овозини пастлаб сўзлади Марат ака. — Тўғрироғи, маълумот сўрамоқчи эдим. Қаерда? Қайси қамоқхонада сақланяпти? Булар элчихонада бор-да! Лекин ким билан гаплашиб, чиқириб олиш мумкинлигини улар билишмайди, опагинам... Қийин масала...
—Сизга ишонаман! Сиз топасиз уни ҳам! — эркакнинг елкасига шапатилади аёл.
—Топсангиз, бирдан икки қизимни ҳам гаплашинг, ука. Бири қолиб кетмасин! — Марат ака худди ҳозир гаплашаётгандек илтижо билан деди онаизор.
—Нима? Иккита қизингиз у ёқдами?
Кампир бош чайқади.


97-ҚИСМ

Ҳа-а-а, не ҳасратда вояга етказсанг-у, кап-катта бўлганида ҳам ўзидан тинмаса, сенга фароғат бермаса мушкул экан. Ишқилиб, ҳар банда болаларининг роҳатини кўрсин, ташвишини эмас!
Алишер хаёлга ғарқ бўлиб кетиб, вақт ўтганини ҳам сезмай қолди. Кутилган меҳмон кириб келганида ҳам паришонлик билан кутиб олди. Эркак ва аёлнинг қадрдонлиги суҳбатидан яққол сезилиб турди. Улар ҳали Россия, ҳали Қирғизистон, ҳали Хитой, ҳали Туркия ҳақида гапириб, Алишернинг оғзини очиб қўйди.
—Чет эмас-чет эл юришга пулни қаердан оласизлар? — соддаларча деди Алишер эркакка қараб.
—Биз пул кетказиш учун чет элга бормаймиз, пул келтириш учун борамиз. “Текинга мушук офтобга чиқмайди” ука, — деди эркак пичинг билан. — Қадамимизни ҳам пулга чақиб босамиз. Мана бир мисол, сизнинг ёнингизга ҳам текинга келмадим-ку! Тўғрими? Марат текинга қадам ташламайди!
У аёлга қараб кўз қисиб оларкан, қаҳ-қаҳ отди. Аёл ҳам мириқиб кулди. Кампир жилмайган бўлди. Биргина Алишер айтилган гапларни ҳазм қилолмаётгани учун уларга анқайганча ўтираверди. Обдон кулиб олган Марат ака яна энди кампирга қараб гапирди:
—Опа, ўзи қизларингиз Хитойнинг қаерида?
—Билмасам, ука, — елка қисди кампир.
—Ие, мен бутун Хитойни кезиб чиқмайман-ку! Бирор манзилни бермасангиз, қандай топаман? Қийин масала...
Кампир ерга қаради. Гўё бор дардини ичга ютишга уринаётгандек кўзларини маҳкам юмиб, қўли билан пешанасини тутиб оғир ютинди. Кейин кўзларини жавдиратиб эркакка қараркан, умид билан деди:
—Топишнинг иложи йўқми?
—Қандай опа? Хитойнинг қанча катта эканлигини биласизми?
—Қамоқхоналари камдир...
—Э-э-э, энди юртни, элни ҳисобга олсангиз ҳам шунга яраша бўлади-да! Ҳали пишмаган иш учун мени чақирдим, денг... — эркак ёнидаги аёлга “сен айбдорсан”дегандек ўқрайиб қаради.
Аёл нигоҳдан куч олгандек жонланиб қолди:
—Гаплашганда ҳам қаерда эканликларини айтишмаганми, опа? Эслаб қўринг...
—“Хитойдаман”, деганда...
—Биринчи кетишида қаерга борган? Урумчигами? — “ўзим топдим”, деган каби писандсизлик билан гапирди ҳалиги Марат ака.
Кампир бош чайқади.
—Ие, қийин масала-ку!
—Э, мана эри ўтирибди-ку! Паққос эсимдан чиқарибман-а? Уни саволга тутинг. Эр-хотин бирга юрган барибир. Охирги марта бормаган бўлса ҳам қайси шаҳардалигини билади... — деб қолди кутилмаганда аёл.
Бу гапдан Алишер довдираб қолди. Гапини йўқотиб, азбаройи қайнонаси изоҳ беришини истаганидан ерга қаради.
—Нега жим ўтирибсиз, куёв? — дарров деди эркак. — Бориб-келиб юрган бўлсангиз, “точка”ларингизни ҳам, “ин”ларингизни ҳам яхши биласиз?
—Куёвга ҳам осонмас, — гап қўшди аёл. — Бормагани учун ўзини айбдор санаб ўтиргандир?


96-ҚИСМ

Савдогар опа яна телефонига узоқ термулиб охири бир рақамни терди.
—Ало! Узр, яна безовта қилдим, — деди у жуда нозик шахс билан гаплашаётгандек эҳтиёткорона. — Бир манзил айтаман, кела оласизми? Вой, ваъда бериб қўйдим-да! Ҳа, берамиз дейишяпти. Биламан, жуда қалтис. Нима қилай, менам онаман, бу опам ҳам она! Кўриб, бағрим эзилиб, чидолмаганимдан сизнинг номингиздан ваъда бериб юбордим. Илтимос, ака! Келасизми? Ҳозир манзилни тушунтираман...
Аёл Алишернинг қайнонасига қараб “Иш пишди”, дегандек кўз қисиб қўйди. Ўрнидан турди-да, дераза ёнига бориб, манзилни батафсил тушунтирди. Нариги томондаги суҳбатдоши нимадир дедими, “Э-э-э, ҳозир”, дея кампирга қараб сўради:
—Опа... айтмабман, боядан бери. Бу киши келганига яраша учидан берасизми? Яъни, ҳозир ҳеч бўлмаганда йигирма-ўттиз минг...
Алишер қайнонасининг ўрнига хавотирга тушди. Қайнонаси эса бамайлихотир жавоб берди:
—Албатта. Шунда менам ишонаман, у киши ҳам ишонади...
Кампирнинг бу гапидан кейин савдогар аёлнинг чеҳраси очилди:
—Бу опа жуда тушунган, замонавий аёл экан. Ишонч уйғотади, деяптилар. Келаверинг... Майли, майли...
Алишер энди туш кўраётганига ростмана ишона бошлади. Бир пайтлар эридан нолиб, фарзандларини зўрға боққан қайнонаси наҳот “Ҳа”, дегандан “Ма” деб катта пул чиқарадиган даражага етди? Шунча пулни қаердан олади? Алишердан умид қилиб ваъда бериб юбормаяптими, ўзи?
Унинг кўзига қайнонаси анча шақатул бўлиб кўринди. Балки нима қилаётганини ҳам билмаётгандир? Мияси айниб қолгандир? Ҳазил гапми, бир эмас, икки қизи ўзга юртда, яна қамоқхонада ётибди. Етти неваранинг тақдири унинг зиммасида. Алишер-ку, келади, кетади, болаларидан хабар олади, алиментини тўлайди. Ҳар доим болаларига кўз-қулоқ. Лекин божасини — Шаҳлонинг эрини бу уй остонасида бирор марта кўрмади. Унинг ҳам бошқа оила қилиб, тиниб-тинчиб кетгани ҳақида Алишер эшитган. Балки иккинчи хотини қўймас. Тағин бир томони борки, Шаҳло аввал бошданоқ эри билан яхши яшамаган. Қайнонаси ҳам кун бермасди. Эҳтимол, уларнинг ажрашишида, Шаҳлонинг эри болаларидан хабар олмаслигида қайнонасининг ҳам ҳиссаси бордир? Лайло уни “кашмири кампир” дерди. Ким билсин, балки, асли тақдири шундай ёзилгандир?
Нима бўлганда ҳам Шаҳлонинг бахтидан тинмагани, Лайлонинг бахтни менсимагани ҳақиқат. Шунинг касрига энди кекса кампир неваралари учун куйиниши, қизлари учун ҳам қайғуриши керак.
Не азобда дунёга келдирди, катта қилди, эри ташлаб кетгани учун қийналиб бир кўзда улғайтирди, узатди қизларини. Энди оёғини чўзиб ўтирадиган, Лайло ва Шаҳло хизматини қилиб, кўнглига қарайдиган пайт. Аммо улар ҳалиям юкини кампирга ортмоқлаб келяпти.
Етти болага қарашнинг ўзи бўладими? Улар на ота, на она меҳрини кўрмаётгани учун ўзига яраша инжиқдир, қайсардир. Етти бола бу — етти олам. Шўрлик буви бу етти оламнинг қай бирига кириб кўнгил овласин-у, қай бирига қайғурсин. Улар қолиб, мана, оналарининг ўзи катта ташвиш орттириб ўтирибди.
Эскилар бежизга “Қариганда болаларимнинг роҳатини кўрай”, демас экан-да. Қаранг, шунда ҳам ўзим “Роҳатда яшай”, демайди, шўрлик ота-оналар, “Болаларимнинг роҳатини кўрай”, дейди. Боласининг бахти — уларнинг бахти-да!


95-ҚИСМ

Алишер қайғуга ботди. Қайнонаси эса индамай чиқиб кетганди. Мана, ҳамон қайтиб кирмади. Савдогар опа бўлса уйни синчковлик билан кузатиб ўтирибди. Гўё, буюртма қилинган кийим учун арзимас нарх айтган кишидек бепарво ва хотиржам. Нигоҳларида на ачиниш, на раҳм-шафқат бор.
—Сиз акаси бўласизми? — деди у Алишерга бир қараб оларкан.
—Лайлонингми? Эри... бўламан...
—Эсим қурсин, опа “Куёвим” деб таништирганди-ку! Хаёл билан бўлиб эсдан чиқарибман. Сиз бормаганмидингиз?
—Қаёққа? — тушунмади Алишер.
—Хотинингиз билан бирга Хитойга. Ё сизни ушлашмаганмиди?
—Мен шу ерда эдим... — ерга қаради Алишер.
—Кўпчиликмидингизлар?
Саволни тушунмаган бўлса-да, Алишер “йўқ” деб қўйди.
—Фалокат-да! Ҳали қутилиб кетади. Икковлашиб йиққанингиздан пича сарфлайсиз-да, энди...
Алишер индамади. Лекин зимдан аёлга қараб олди.
“Пича сарфлайсиз-да”, дейдими? Беш юз минг доллар пича пулми? Ё қайнонам адашиб кетдимикан? Балки, мен нотўғри эшитгандирман? Тушунмай қолдим...”
У эшитганлари билан тасаввурларини бир-бирига сингдира олмай ўтирганида қайнонаси кириб келди. У вазминлик билан ўтирди-да, аёлга юзланди:
—Ўша одамингиз ишончлими?
—Опажон, одам ишончли. Лекин қизингизнинг вазияти қалтис. Аралашган одамни ҳам домига тортиб кетиши ҳеч гапмас. Мана шу томони ёмон. Шунинг учун ҳам ҳамма ўзини тортади бу ишдан. Аралашган одам ҳам ҳаётини гаровга қўяди. Катта пул сўраганининг маъниси ҳам шунда. У одамни сиз “Бунча пулим йўқ!” деб рад қилсангиз, унга шунча яхши. Тушундингизми, мени...
—Демак, у менинг рад этишимни кутяптими?
—Ундай демоқчи эмасман. Агар “Пулим йўқ”, деб ишдан воз кечсангиз унга яхши демоқчиман. Агар илтимос қилсангиз, начора, қилади-да!
—Бераман! Гаплашинг! Бир эмас, икки қизимнинг умри увол бўлмасин... — кампирнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
—Ярим миллион дегани бу, шу билан ҳаражатлар тугайди дегани эмас. Айтдим-ку, энг камида шунча кетади!
—Майли, мен розиман! Фақат иккала қизимни ҳам чиқариб олиб келиб беради!
Қайнонасининг гапидан Алишер анқайиб қолди:
“Бунча пулни қаердан олмоқчи? Уй-жойини сотса ҳам шунча бўлмайди-ку!”
—Бўлмаса чақирайми, уни? Гаплашиб оласизларми?
—Чақиринг, — қатъи деди қайнона.
Алишер энди ўзини туш кўраётгандек ҳис қила бошлади. Шунчалар ҳам ғаройиб туш бўладими? Лайло ва Шаҳлони қутқариш нақ беш юз минг доллар эмиш! Буни қайнонаси қилт этмай бераман деб турибди. Беш минг доллар сўра, эллик минг доллар сўра, беш юз минг эҳ-ҳе...
“Етти пуштим ҳам бунча пул жамғара олмаса керак, — ўйлади Алишер. — Тўғри, ҳаммасининг топганини тўпласа, бўлар, аммо тирикчиликдан орттириб жамғариш бошқа-да!”


94-ҚИСМ

Жаҳонгирнинг аламдан тез-тез нафас олиши аниқ-тиниқ эшитилиб турарди. Мен эса дилимдагилар фош бўлмаслиги учун нафасимни ҳам ичимга ютишга уринаётгандим.
—Кетавер, Лайло! — деди у подъезд эшиги томон юриб.
Ортиқ тилимни тутиб туролмадим:
—Агар Севарага севги изҳор қилсанг, ўлдираман!
Ҳали гапим тугаб улгурмасдан мен ўзимни Жаҳонгирнинг қучоғида кўрдим. Шунчалар қаттиқ қучоқладики, қовурғаларим сиқилиб, нафас олишга қийналиб қолдим.
—Сени севаман! — яна бир карра қулоғим тагида шивирлади у ва мени қўйиб юбораркан деди. — Бор, ойинг хавотир олади...
Мен қилиб қўйган ишимдан дув қизардим. Бир сўз демай, тепага қараб югурдим. Уйга чиққанимда ҳам, овқатланаётганимизда ҳам, уйқуга ётганимда ҳам ҳаяжон мени тарк этмаган, ҳамон Жаҳонгирнинг кучли қўллари орасида тургандек ўзимни ноқулай ҳис қилардим. Худди, бор иззатим, шаънимни бой бериб қўйгандек ичимни нимадир тимдаларди. Аммо яна бир ёқимли ҳис ҳам бор эдики, унинг кучи олдида барчаси ожизланиб қоларди. Бу — Жаҳонгирнинг муҳаббатига бўлган ишонч ҳисси эди. У нима биландир мени муҳаббатига қаттиқ ишонтира олганди. Эҳтимол, қайта-қайта қилган изҳори, ёки журъати, ё бўлмаса, айёрона мени таслим қилгани, ўзига бўйсундиргани биландир... Нима бўлганда ҳам мен унинг муҳаббати чинлигига, туйғулари поклигига юрак-юракдан ишондим. Унинг ишқи қаршисида мағлуб эдим.
Келгусида бўлажак учрашувимизни ўйлаб тонггача кўзимга уйқу келмади.
“Энди унинг кўзларига қандай қарайман? Мени қучди ахир! Шарманда! Индамадим, мен ҳам. Не қилай, афсунлаб қўйди-да, мени! Энди менга нима деб хат ёзаркан? Илгаригидек, “Бирор нима де”, демаса керак! “Севгилим”, деб мактуб ёзса, Гавҳар ҳаммасини билиб олади-ку! Жуда тез севгимни тан олдим... Бекор қилдим... Лекин индамасам, у Севарага севги изҳор қиларди-да!..”
“Уни севаман-ку! Қачондир, барибир айтардим... Ҳамма ҳам айтади-ку!..”
“Уф-ф, энди унга қарагани юзим чидамайди! У нималарни ўйлаб ётибди экан? Хурсандмикан? Жинни! Уялмай-нетмай, тап тортмай қучоқлаб олди-я! Уят!..”
Ҳар нимани ўйладим. Бироқ муҳаббатимизнинг давоми ҳақида ҳеч нарсани тасаввур қила олмадим...

ҚАРОР

Унинг хаёли буткул учди. Айтилган пулни сўмга чақиб қўрмоқчи бўлди, шошганиданми, ҳисобидан чиқа олмади.
“Демак, Лайлони қутқара олмаймиз! Бунча пулни топишнинг ўзи бўладими? Бутун маҳалламиздагиларнинг машинасини сотиб, йиққан-терганини сўраб олганида ҳам бунча пул бўлмаса керак. Наҳот, Лайло бир умр Хитой қамоқхонасида қолиб кетади. Наҳотки, кексайиб, кампир бўлганида ҳам маҳбусликда ҳаёт кечиради? Болаларининг вояга етганини, тўйларини, улардан туғилажак невараларини кўрмайди?! Эй Худо, наҳот, бошқа йўли йўқ?!”


93-ҚИСМ

—Бирор нима де! — қўлини деворга тираб, янада яқин келиб қулоғимга деди у.
Менинг юрагим чиқиб кетгудек ура бошлади.
—Сени севаман, Лайлош! — унинг боши бошимга тегди.
Қўрқиб кетдим. Отилиб ўзимни зина томон олмоқчи эдим, кучли қўллари белимдан тутиб қолишга улгурди.
—Қўйвор! — бақириб юбордим.
—Жим! Ўзингни ўзинг шарманда қилма! — белимдан қўлини олиб, билагимдан тортиб яна девор томонга яқинлаштириб қўйди мени.
—Уйдагилар кутиб ўтиришибди... — дедим титроқ овозда.
—Қўйвормайман! Жавобингни айтмагунингча қўймайман! — деди у яна боягидек яқин келиб.
—Ичиб олганмисан? — дедим ундан бунақа қилиқларни кутмаганим учун.
—Севгидан мастман! Бирор нима де! “Ҳа”, десанг ҳам, “Йўқ” десанг ҳам майли! Мен ҳар иккисини ҳам эшитишга тайёрман! Ўзимни тайёрлаб келганман. Лекин жавобсиз севгига бошқа тоқат қила олмайман!
—Жиннимисан? — дедим танг аҳволда қолиб. Ахир “Ҳа” дейишга ғурурим, “Йўқ” дейишга шуурим йўл қўймасди.
—Сени соғиниб кетгандим... — Жаҳонгирнинг ўткир нигоҳини қоронғида ҳам ҳис қилдим. Подъездимиз эшигига дам-бадам қараб мени кутганларини кўз олдимга келтириб орзиқиб кетдим.
—Атай чиқмай қўйдинг-а? Мени ёмон кўрасан-а? Мени кўргинг келмагани учун уйдан чиқмаяпсан-а? Айт, “Сени ёмон кўраман”, де... Совут мени ўзингдан! — деди у куйиниб...
—Йўқ... — оғзимдан чиққан бу сўзни ўзим ҳам сезмай қолдим.
Жаҳонгир бир зум жим қолди. Сўнг илинж билан деди:
—Унда нега мендан ўзингни олиб қочасан?
—Мен ҳеч кимдан ўзимни олиб қочганим йўқ. Ҳеч ким қизиқтирмайди, мени. Қоч, уйга чиқишим керак...
—Менга гапинг йўқми?
—Йўқ! — дедим менам шартта.
Шу дамда қиз бола учун туйғулар исканжасида қолиш нақадар мушкуллигини тушундим. Дилимдаги очиқ айтолмаслигим бир дард бўлса, яшириш ундан-да, оғир эди. Қани, агар ҳаё аталмиш метиндан ҳам мустаҳкам парда бўлмаганида эди, тап тортмай, “Сени яхши кўраман!” дердим-у, уйга чиқиб кетардим. Афсуски...
—Менга шунчалар бефарқмисан? — бўшашди Жаҳонгир.
—Қоч, йўлимдан! — дедим ўзимни жаҳли чиққандек кўрсатиб.
—Кет! — шарт ўзини четга олди у. — Лекин унутма, мен сени севишдан тўхтамайман! Буни ҳеч кимга билдирмайман. Чунки бошқа қизлар билан юраман! Қараб тур, эртагаёқ Севаранинг бошини айлантираман! Кўз ўнгингда севги изҳор қиламан, унга!
Оёқларим ердан узилмай қолди. Тилим ҳам танглайимга ёпишди. Кўз олдимда Жаҳонгирнинг Севарага “Сени севаман!” дейишини тасаввур қилиб йиғлаб юборай дедим. Яхшиям, подъезд қоронғи. Бўлмаса, ҳамма ҳиссиётларим ошкор бўларди.


Муҳаббат худуди

МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА


92-ҚИСМ

Мен ҳамон тек қотиб турардим. Бирдан нон олиб келиш учун чиққаним ёдимга тушди. Шаҳдам қадамлар билан дўкон томонга юра бошладим. Етгунимча ҳам минг хаёлга бордим. Кўзларим ёшга ҳам тўлди. Апил-тапил дўконга кириб нон олдим-у, ортимга қайтдим. Лекин подъездга киришга журъатим йўқ эди.
“Уларнинг ёнидан қандай ўтаман? Устимдан кулишаётгандир, иккиси? Яхшиям, Жаҳонгирнинг хатларига жавоб ёзмаганим. Бўлмаса... Нега улардан ўзимни олиб қочишим, уялишим ё тортинишим керак. Мен ҳеч нарса қилмадим. Қайтанга улар уялсин!”
Ўзимга ўзим куч ва ишонч бериб уйимизга яқинлашдим. Барибир хўрлигим келди. Ичимда нимадир ғалаён қиларди: “Жаҳонгирни севаман-ку! Наҳот, энди у Севара билан?”
Қадамимни секинлатиб атрофга қулоқ тутдим. Тинч. Подеъздимиздан ҳам овоз келмаяпти.
“Демак, кетишган! Қайси юз билан туришсин?! Севара энди юзимга қаролмаса керак...”
Уларнинг кетганига шубҳа қилмай хотиржам подъездга қадам қўйдим. Шу заҳоти кимдир қўлимдан куч билан чап томонга тортди. Қичқириб юборай дедим. Лекин дудоқларимни ёпишган иссиқ кафт унимни чиқаришга йўл қўймади.
—Қўрқма, Лайло! — қулоқларим остида шивирлаган овоз Жаҳонгирники эканлигини билиб юрагим халқумимга келди. Жаҳл билан итариб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Лекин у ўзини тутиб қолди ва олдингидан ҳам яқин келди. — Ўлиб қолай дедим, Лайло! Нега кўчага чиқмайсан, хат ҳам ёзмайсан! Шунчалар бағритошмисан?
Мен кўзларимга ҳам, қулоқларимга ҳам ишонолмай қолдим.
“Нималар деяпти, бу? Ҳозиргина Севара билан ҳиринглашиб турмаганмиди?”
—Подъезддан нечта қиз кириб чиқса, ҳаммасига севги изғор қиляпсанми? — мендан икки ёш катта бўлса-да, иккиланмай сенладим. — Ҳаммаси билан қоронғида пичирлашяпсанми? Қани, бояги севгилинг?
—Севарани айтяпсанми? Унга сени чақириб беришини илтимос қилаётгандим. У бўлса, нозланиб айтганимни қилмади.
—Ўша билан гаплашавер! — девор ва Жаҳонгирнинг орасидан чиқиб кетмоқчи бўлдим.
—Секин... секин гапир... Кимдир овозингни эшитиб қолса, гап-сўзга қоласан... — шивирлади яна у қулоғим остида.
Подъезддаги лампочка куйгани боис, бирор ёруғлик йўқ. Жаҳонгирнинг юзини кўрмаётган бўлсам-да, овозининг ўзи қалбимга кучли ҳаяжон бераётганди. Гапимни йўқотиб қўйдим.
—Лайло, нега менга бефарқсан? Мен чиндан ҳам сени... — Жаҳонгир жимиб қолди.
Мен эса “Алдама, ёлғончи! Боягина Севара билан қувлашмачоқ ўйнаб, билагидан ушлаб юргандинг-ку!” дейишни жуда истадим.
—Сени яхши кўраман, Лайло! — деди у. — Буни ҳамма билади. Боя ташқарида Севара ҳам шунга ишора қилди. “Почча” деб жиғимга текканди, сочидан тортиб таъзирини бердим. Кейин “Почча бўлишим учун ёрдам бер. Лайлони чақир”, десам, кўрдинг-ку, истамади. Бахтимга ўзинг чиқиб қолдинг...
Севара ва Жаҳонгирнинг суҳбати ўзим ҳақимда бўлганини билиб ич-ичимдан қувондим.

МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА

Давоми бор
@ibratlii_xikoyalar


91-ҚИСМ

Хўрсиниб олдим.
Энди уларни кўриш насиб қиладими, йўқми?
Мени бу ерга нега олиб келишди?
Ҳалиги аёл музқаймоқни мазза қилиб еди.
Бир аёл унга қараб туриб кўзи ёшланди-ю, чиқиб кетди.
Ўтирган аёлнинг олдига энди яп-янги қизил ва қора рангдаги кийимларни қўйишди. Аёл қизилни суриб, қорани олди-да, нимадир деди. Атрофдагилар енгил кулиб олишди.
—Жинди экен, бу қатин! Ахирғи тилеги — қимбат морожний, тандаған кийимин қара. Қизили семиз кўрсетерекен... — деди истеҳзо билан ёнимдаги аёл.
Мен овозини ғойибона эшитиб юрган аёл шу эканлигини билиб бир суюнсам, ўтирган мақтуланинг сўнгги тилаги бажо келтирилаётганидан даҳшатга тушдим...

МАҒЛУБЛИК

Азойи баданим совуқда қолгандек қалтирар, ичимга эса ўт тушгандек куярдим. Бир томондан ғазаб ва рашк қўшилиб, иккаласи устига сиртлондек ташланишимга ундарди. Лекин ғурурим устунлик қилиб, индамай бош эгиб чиқиб кетишимга мажбур қилди. Кўчага чиқдим-у, йўлимни йўқотдим. Тўғрироғи, нимага чиққаним хаёлимдан кўтарилди. Шунақа йиғлагим келдики...
Жаҳонгирни ҳам, Севарани ҳам жуда ёмон кўрдим.
“Бир инсонни севиш ва ёмон кўриш шунчалар осонми? Мен Жаҳонгир севиб қолгандим, мана ҳозир отгани ўқим йўқ ҳолда турибман. У ҳам мени севганди, энди эса Севара билан...”
Менинг муҳаббат ҳақидаги тасаввурларим буткул ўзгарди.
“Муҳаббат — илоҳий туйғу...”
“Ёшликда қўйган кўнгил — ажралмас бало бўлур...”
“Муҳаббатнинг кўзи кўр...”
Мен бу гапларга ишона бошлагандим. Сониялар ичида ана шу ишончим қумга сингиб кетган сувдек йўқолди.
Ортимдагиларнинг, подъезддаги йигит ва қизнинг шивир-шивири кучайди. Хавотирли овозларини яққол эшитиб турган бўлсам-да, сўзларини идрок қиладиган аҳволда эмаслигим боис, тушунмаётгандим.
“Нега чиқдим, ташқарига ўзи? Уйда ўтираверсам бўларди. Бир томондан чиққаним ҳам яхши бўлди. Жаҳонгирнинг асл башарасини кўрдим. Лекин... у унақа бола эмасди-ку! Майдонга келадиган йигитлар ичида энг оқкўнгили, энг раҳмдили у. Болаликдан шундайлигини ҳамма билади. Наҳот, бирдан ўзгарган бўлса... Балки, Севара айнитгандир?”


90-ҚИСМ

Ўлимдан аввал инсонни онгсиз аҳволга соладиган, фикрлашдан тўхтадиган дори бормиди?
Балки аста-секинлик билан миямни ўлдираётгандир?
Шу сабабли бепарво бўлиб қолгандирман?
Ҳарқалай у қадар беэътибор ва беўй эмасман-ку!
Хуллас, ўзимдан кўнглим тўлмаяпти.

* * *

Анча вақт ерда думалаб ётдим.
Биринчи бу хонага кирганимда ётишга нарса йўқ деб нолиётгандим. Биз тўйларда “олди-берди”га фойдаланадиган кўрпалардан берса ҳам бўларди, деб ичимда минғирлагандим ҳам.
Мана, ўрганиб қолдим.
Одамзод кўникувчан-да!
Кўникдим ҳаммасига: шароитга ҳам, овқатига ҳам, ҳукмга ҳам...
Жуда тез кўникдимми?
Ҳали бир кун ҳам ўтмади шекилли...
Йў-ў-ўқ, мен ҳуд-беҳуд кўп нарсани ўтказиб юбордим.
Қанчадан буён ётганимни кимдан сўраб билсам бўларкан.
Шу ҳақда ўйлашим билан “Мана, мендан сўра”, дегандек яна полициячи кириб келди.
Менга ўз тилида нимадир деб, қўли билан “тур” ишорасини қилди.
—Нега? — дедим ўрнимдан қўзғала туриб худди гапимга тушунадигандек.
У эса мени хонадан етаклаб олиб чиқа бошлади.
Бирдан хаёлимга келган фикрдан юрагимни ваҳм босди: “Ҳукмни ижро этгани олиб кетишяпти! Аввал лоқайд қиладиган укол қилишди, энди, ўлдиришади!”
Бўғзимга аччиқ алам тиқилди, кўзларим ёшга тўлди. Узун каридор кўз ўнгимда сувга ғарқ бўлгандек, жимир-жимир қилди.
Қанча юрдик, қайси хонага кирдик англамай қолдим.
Худди мен ётган хонадек келадиган жойда бир неча полициячи ва уч-тўртта маҳбусалар чуғур-чуғур қилишмоқда.
Ҳамманинг эътибори ерда ўтирган, қўл-оёғи кишанда бўлган аёлга қаратилган. Унинг олдидаги юза кенглиги журналнинг муқовасидеккина келадиган столча устига музқаймоқ қўйилган. Жуда мазали музқаймоқ ўзиям. Мен уни “мол” ўтказиб юрган чоғларимда Хэйхэда еганман. “Путин” ресторанининг рўпарасидан сотиб олганмиз. Хэйхэ шаҳрида учдан зиёд “Путин” номи билан аталувчи ресторанларга кўзим тушган. Бундан ташқари, бу ерда аксарият супермаркет, ресторан ва дўконлар пештоқида хитой ва рус алифбосида ёзилган номларга дуч келасиз. Баъзан “Хатойдаманми ё Россияда?” деб иккиланиб ҳам қоласан киши.


89-ҚИСМ

“Олинг, енг”, ҳам демади.
Ўз юртимда душманнинг ёнига таом қўйса ҳам мулозамат қилишади.
Энди емак томон эмаклай бошладим.
Столча ёнига ўтира солиб, сувга ёпишдим.
Иккала стакандаги сувни ҳам қултиллатиб, ичиб қўйдим. Сўнг ликопчага қарадим. Қайнатилган гуруч ва яна балчиқ рангидек тўқ яшил шилимшиқ алламбало. Саримсоқнинг баргини эзишганми-ей. Лекин ҳидсиз.
Елим қошиқчани олиб, гуручни паққос туширдим. Мазасиз, лекин қандайдир ёқимли ҳиди борми-ей!
Амаллаб қорнимни алдаган бўлдим.
“Иссиққина кўк чой бўлса эди!”
“Аччиққина қилиб дамла!” дерди бувим.
Кайфиятсиз, асабийлашиб турган бўлса, бир пиёла чой ичиши билан юзига табассум югурарди.
Менинг малул танимга ўшанақа чой ҳозир жуда малҳам бўларди-да!
Бекорга чой ҳақида қўшиқлар ҳам айтишмаган!
Нима деган қўшиқ бор эди?

* * *

Бор хотирамни ишга солиб, жон-жаҳдим билан чой ҳақидаги қўшиқнинг матнини эслашга киришганман.
Қани, бир жумласи эсимга келса?
Нега қўшиқни эслашга уринаётганимни ҳам билмайман.
Аслида кўп нарсани билмай қоляпман.
Худди миясидан айрилаётган одамга ўхшайман.
Бора-бора юрагимдаги ҳамма қўрқув ва ваҳималар ҳам тарқаб бораётгандек...
Бефарқлигим кучайиб боряптими-ей!
Бир неча соат аввал ўлишдан чўчиб ўзимни қўярга жой топа олмаётгандим.
Болаларимни эслашга виждоним йўл қўймаётганди.
Негадир энди лоқайдман.
Қалбимнинг қаеридир дарз кетди-ю, мендаги масъулият ва бурч тушунчаларини парчалаб ташлади.
Гўё қорни тўқ чақалоқдек беғам ва беташвишман.
Менинг ҳам қорним тўйди-да!

* * *

Энди қийналяпман.
Юрагимга ғулғула тушди.
Нима сабабдан бу қадар лоқайд бўлиб қолдим?
Ҳалиги шприцда нимадир бор эдими?


88-ҚИСМ

—Кўп бақирдимми, опа? — дедим шоша-пиша.
—Бақиришам гаппи, бўкирдинг! — овоз келди тағин.
Эшик остонасида ўтириб қолдим.
Демак, ақлдан озяпман.
Гоҳида ўзимни англамаяпман!
Нега?
Нима учун ўзимдан жудо қиляпсан, Худойим?

* * *

Эшик ёнидан тўрга қараб эмакладим.
Туриб юришга кучим йўқдек эди.
Дармонсизланиб қолдимми?
Овқат емаганимга қанча бўлди?
Ухламаганимга-чи?
Ўзи бу хонага келганимга неча кун бўлди?
Тонг, тунни билдимми?
Нега ҳеч нарсани эслай олмайман?
Хотирамга нима бўлди?
Ўзимни ғалати ҳис қиляпман...
Очдан ўлиб кетаманми? Овқат сўрасаммикан?
Аҳмоқ, шундоқ ҳам ўласан-ку! Сенга нима фарқи бор?
Ўликнинг қорни оч ё тўқлиги бирор нима берармиди?
Беради!
Бир сафар бувим қўшни момо ўлганида “Эрталаб бир коса сут ичиб олган экан, шундан кейин ўзини билмай, бир соат ўтиб, узилибди. Йўл овқатини еб олибди-да!” деганди.
Ўшанда “Нариги дунёга бориш йўли узоқмикан, овқат еб олиш керакмикан”, деб ўйлаб қолгандим. Лекин бувимдан сўрашга негадир ийманганман.
Мен ҳам эҳтимол, “йўл овқатим”ни ейиш учун бор овозим билан бақириб таом сўрадиммикан?
Наҳот, куним битяпти?
Наҳот, ўз ажалим билан ўламан?
Бир томондан шуниси ҳам яхши.
“Уколдан ўламанми, ўқданми”, деб ўтирмайман!
Пича ёнбошламасам, чарчаб кетяпман...
Бутун танамни бир нима босиб, эзиб тургандек...
Толиқишим нимадан экан? Очлигимданмикан? Бошим ҳам ғувиллаяпти. Кўзларим ичга тортиб оғрияпти. Ухламаганимданми?

* * *

Яна эшик очилди.
Полициячи аёл тағин митти, пастак столчани олиб кирди ва унинг устига икки стакан сув ҳамда ликопчада нимадир қўйиб чиқиб кетди.
Бир хўрлигим келди.


87-ҚИСМ

Шу пайтгача бўлган бор воқеа ва мен билан боғлиқ ҳатти-ҳаракат тушимда бўлгандек туюлди.
“Эй Худо, кўрганларим туш бўлсин! Тезроқ уйғонай! Уйда, болаларим ёнида, онам... йўқ, бундан ўн йил олдинги ўз турмушимда уйғонсам қани эди...”
Афсус, булар туш эмас.
Уйғонмоқ ҳам йўқ!
Фақат ўзимни қўлга олишим керак...

* * *

Хона бурчагига бориб, елкамни тираб ўтириб олдим.
Тавба, шу пайтгача қилган қилиқларимдан энди уялаётгандим.
Қанақа қилиб, рақс тушдим?
Ўзимга ўзим бақирганим-чи?
Лекин булар ҳам хотирамда ғира-шира.
Худди туман ичида кўраётгандек эслаяпман.
Балки, тушимда қилгандирман, шу қилиқларни...
Билагимга қарадим.
Афсус, билагимда нинанинг ўрни билинар-бидинмас қизариб турарди.
Демак, ўнгимда бўлди ҳаммаси.
Мен жинни бўла бошлаяпман.
Тан ол, буни Лайло!
Ўзингни тутишга ҳаракат қил!
“Худойим, ўзинг қўлла! Дўст-душманнинг ёнида шарманда қилма!”
Ичимда айтган гапимдан ўзим таажжубга тушдим.
Қамоқхона қўшиқ куйлаб, рақс тушганим шармандаликми, аслида?
Миллатимнинг ўлмас санъатини кўрсатиш — шармандаликми? Улар ҳайрат билан томоша қилишди-ку!
Зотан, қамоқхонада ётганим, қилмишим, ўлимга маҳкумлигим — миллатим олдидаги шармандалигим! Бу — миллатимни, юртимни шарманда қилганим эмасми? Шундан уялишим керак эмасми?
Ичим ўпирилиб тушгандек бўлди.
Нима бўлганда ҳам миям тўғри ишлай бошлаганига, теран фикрлаётганимга шукр қилдим.
* * *

Ўзимнинг овозимдан сергак тортдим.
Хонанинг панжарали туйнук ўрнатилган эшиги ёнида эдим.
Нима деб бақирдим?
“Овқат ейишни билмайсанлар?” дедимми?
Ё... “Менга овқат бермайсанларми?” дедимми?
— Эй Худо! Ўзимдан жудо қилма! — дедим осмонга қараб.
—Бақиришти, бас қил! Берган овқатини жеганингда ач қалмастинг! — қачонлардир бир боргина овозини эшитганим қозоқми, қирғизми аёлнинг сўзлари шунчалар қадрдон туюлдики...


Муҳаббат худуди

МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА


86-ҚИСМ

Қоғозга синковлик билан қарадим. Унча кўп пул юборилмаган. Кечаги ва олдин олган иш ҳақимизга чамаласа, тўғри келади. Бундан ҳайрон бўлдим. Мулзам бўлмаслик учун берган пулини ҳам ўша жаҳд билан санадим. Юзим қизаринди. Уятданми, ғазабданми, буни ўзим ҳам билмадим. Жамила ҳам, Шаҳло ҳам билолмагандир.
—Меникини бошқа банкдан жўнатгандирсан? — кутилмаганда миям ишлаб кетди.
—Лайло опа! Туҳмат қилишга қўрқинг! Мен ўғри эмасман! Агар пулингизни топа олмаётган бўлсангиз, мен ўзим полни қўпориб, деворни қулатиб бўлса ҳам топаман! Чиқаринг, нарсаларингизни! — йиғлаб деди Жамила. — Бу ерда учаламиздан бошқа одам йўқ. Бирга бугун ишлаётганимиз ҳам йўқ. Демак, пул шу ерда!
—Мени ёлғончига чиқармоқчимисан? Ана, Шаҳлодан сўра! Унинг кўз ўнгида изладим. Чиқмади! Хоҳласанг, кўр! — шундай дея кийимларимни, жамадонимни, бор бисотини Жамиланинг кўз олдига тўкиб сола бошладим. Пулларимни санаб кўрсатдим, ҳам. — Мана, кеча олган пулим қўшилганга ўхшаяптими?
Жамила оғир ютинди. Худди ўзига ўзи гумон қилаётгандек жимиб қолди. Шаҳло мен учун ҳам, Жамила учун ҳам ҳижолат тортаётгандек ҳалиям юзини беркитиб ўтирарди. Бундан жаҳлим чиқди. Сингилдек ёнимни олса бўларди?
—Айт, Шаҳло! Пулимни эрталаб ҳам санадимми, нарсаларимни кўрдимми?
Шаҳло гапиришга улгурмади.
—Лайло опа! Қасам ичаман, мен олмадим. Болаларимни ўртага қўйиб гапираман, пулингизни кўрганим йўқ! — эзилиб йиғлашда давом этди у.
—Қаерга кетади бўлмаса? — бақирдим бор овозим билан. — Ичим ачиганидан сени ишониб ишга олганман! Шуми қилган яхшилигимга жавобинг!
—Мен олмадим, Лайло опа! Нега ишонмайсиз? Кўрайлик, яна... — Жамила бошқатдан кийимларимни, нарсаларимни умид билан титкилай бошлади. Мен ундан кўз узмай кузатаман. Туйқус Шаҳло тилга кирди:
—Опа, анув юмшоқ ўйинчоққа қайтариб солмаганмидингиз?
—Жинниманми, шунча пулни қайтариб солиб? — унга ҳам заҳримни сочдим.
Шаҳло менинг гапимга парво қилмади. Ўрнидан турди-да, каравотим бошида турган ўйинчоқнинг “замог”ини очди. Кўзларимга ишонмадим. У гўё ўйинчоқнинг ичидан пулни эмас, менинг бор қувватимни суғуриб олаётгандек оёғимдан куч кетди...

ТИНИҚЛАШУВ

Нақ ярим соатча “Мен жинниманми?” деган саволга жавоб изладим.
Ким ўзининг ноқис томонини тан оларди?
Албатта, ҳар гал ўзимга ўзим “Соғман” деб жавоб беравердим.
Бўлмаса нега бақирдим?
Нима учун рақс тушдим?
Қўшиқ айтдим?
Миямнинг ғубор босган ерлари тиниқлашаётгандек, гўё уйқудан уйғонаётгандек ҳис қилдим ўзимни.

МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА

Давоми бор
@ibratlii_xikoyalar


85-ҚИСМ

—Жами, индамайгина пулингни уйга жўнатиб келдингми? — дедим сўз ҳужумига чоғланиб.
—Ҳа, — деди у хушчақчақлик билан. — Ўша ерда ҳам кечаги воқеаларни эслаб кулиб ўтирдим. Менинг ҳам қорним тўқ бўлганида сизларга ўхшаб мазза қилиб ухлармидим? Тонг отмасдан кўзим чарақлаб очилди. Қорним таталаб ётган эканман. Бу ерга келгандан кейин ҳам егандек бўлмагандим-да! Иссиқ овқат — иссиқ овқат-да, барибир.
—Биз ҳам борардик, кутиб турсанг. Ё.. “пулим кўплигини билиб қолади”, дедингми? — “чақиб” олишга уриндим.
—Кеча ростдан ҳам кўп пул олибмиз. Қайта-қайта санадим. Озроғини олиб қолдим-да, қолган ҳаммасини жўнатдим. Онам ҳам донг қотиб қолса, керак пул олаётганида. Яна қўрқиб ҳам қўйдим, олдириб қўймасин йўл-пўлда деб...
—Бировники буюрмайди, барибир, — ўз пулимни назарда тутиб кесатдим Жамилага.
Жамила эса буни ўзи ўйлаган ўғрига айтиляпти, деб тушундими, ё айёрлик қилдими, ўта табиийлик билан деди:
—Тўғри. Лекин бизнинг пешана теримиз. Йўқотишни истамайман. Агар ўғрига олдирса, борми, онам қай аҳволга тушади? Мен пулнинг йўқолишидан кўра ҳам кўпроқ онамдан қўрқаман!
—Менам истамагандим пулимни йўқотишни. Йўқотай деб топмаганман... — терс гапиришга ўтдим, энди.
—Йўқотдингизми? — Жамила актриса экан. Ҳайрат билан гапириши жуда ишончли чиқди.
—Билмаганга олма! Сени бунақа деб ўйламагандим. Ишонганим учун қўшганман, ўзимизга! Бўлмаса, қариндошларимиздан чақирсам ҳам жон деб келишарди...
—Нималар деяпсиз? — унинг юзидаги бор севинчи шамол учирган пардек ғойиб бўлди.
—Менинг пулимни ҳам онангга юбориб келдингми? — тик қараб дедим.
Жамила бир сўз демади. Худди мени биринчи марта кўриб тургандек, ажабсиниб қаради. Кейин ўзига қўйилган айбни англагандек бўлдими, юзи буришди, лаблари титради. Ёнида турган стулга ўтираркан, паст овозда “Нима?” деди. Кўзлари ёшга тўлиб, титраётган қўли билан оғзини беркитди. Шаҳло эса иккимизнинг ҳам холатимизни кўришни истамагандек, бошини қуйи солиб, икки қўлини пешанасига тираб олди.
—Сизнинг пулингизни нима қиламан? — ҳамон ҳалол аёл ролини усталик билан ўйнарди Жамила. Ҳатто, овози ҳам ожиз чиқди.
—Ўзим кўрдим. Пулингни санаб, иккига ажратдинг. Кўпини олиб кетдинг, бир қисмини қайта солдинг сумкангга! Писмиқларча кетганинг ҳам бунинг исботи. Ими-жимида жўнатиб юборсам, қайтариб ололмайди, деб ўйладингми? То пулимни қайтармагунингча, кетмайсан! Мен билан баравар ишлайсан, топгангдан ҳақимни ундириб оламан, ана ундан кейин тўрт томонинг қибла! “Ишлайман”, деб ёлворсанг ҳам олиб қолмайман!
—Лайло опа! Сизнинг пулингизни нима қиламан, мен? Ўзингиз кечаси берган пул билан олдингиларини қўшиб, жўнатиб келдим. Мана қанча жўнатганим ҳақидаги қоғоз! Қолган пулим эса... — Жамила банк берган маълумотномани менинг олдимга қўйди-да, кийим жовонидан жамадонини олиб, беркитган жойидан оқ қоғозга ўралган пулларни чиқарди. — Мана, сананг! Жўнатган пулим билан олиб қолганимни қўшинг! Сизнинг пулингиз чиқармикан?


84-ҚИСМ

—Хитойда қонун жуда қаттиқ-да! Бирор одам қутқаришига кўзим етмайди. Улар сал нарсага ўлдириб юборади ҳам деб эшитганман. Кўплар буни халқининг кўплигидан деб билади. Сизнинг қизларингиз жуда нозик иш билан тушибди. Бунга ким аралашар экан-а? — чимирилган қошлари аёлнинг кўзларини бир чизиқ ҳолига туширди.
“Хитойга боравериб, ўзи ҳам ўшаларга ўхшаб қолибди...” — ўйлади ичида Алишер.
—Топинг, айланай бир таниш топинг... — ёлворди кампир.
—Биттаси бор. Лекин пеш панжасини ҳам оғзига тиқадиган. Балки шу пулга қизиқиб бир нима қилар? — телефонига қараб, ўйланганча титкилай бошлади аёл. Сақланган рақамлар ичидан бирини босиб, қўнғироқ қилди. — Ало? Яхшимисиз? Йўқ, бормадим. Эрта йўлга чиқсам керак. Қаердасиз? Ҳа-а-а. Э, бир иш бор сизга. Ёрдам бера оласизми?.. Ҳалиги... “мол” билан қўлга тушишган. Чиқариш керак... Нима? “Нозик”да! Ҳмм... яримта “лимонад” ичасизми? Вой-ву-у-у! Жуда кўп-ку! Айтиб кўрай-чи?
Аёл алоқани узгач, обдон телефонидаги барча очиқ турга нарсаларни ёпиб чиқди шекилли, беш-ўн сония телефони устида бармоқ юргизди. Бу билан бизнинг сабримизни ҳам синамоқчи бўлдими, охири телефонини қўлидаги хамёндан каттароқ, аёллар сумкасидан кичикроқ бўлган матоҳ ичига жойлаб, кейин бош кўтарди.
—Хуллас, — деди у қайнонамга қараб. — Амалласа бўладиган иш. Лекин жуда кўп ҳаражат кетади. Ўлдим, деганда ярим миллион... дейишди. Энг кам деганда бу...
“Беш юз минг сўм сўм бўлса, ҳеч нарса эмаскан-ку!” ичида деди Алишер.
—Ярим миллион... беш юз минг долларми, шунда... — ожиз овозда деди кампир.
—Ҳмм... — деди аёл харидорини йўқотган савдогардек ҳафсаласизлик билан.
Алишер шошиб қолди: “Беш юз минг доллар?! Даҳшат!”

ҲУЖУМ

Гумонларга ғарқ бўлиб ўтирганимда Жамила кириб келди. Лабида табассум, чеҳраси ёруғ. Аввалига сумкасини эшик ёнидаги шкафча устига қўйди. Кейин кийим жовондан футболка ва тиззадан тушиб турадиган калта иштонини олди. Кийимини алмаштирганида ҳам димоғи чоғлигидан дудоқлари очилишга чоғлаган ғунчадек нимкулги билан юрди.
Мен кўз узмайман ундан. Шаҳло эса мендан. Биз худди ўз сайдидан кўз узмаётган сайёдлар каби эдик.
“Сайдинг қўябер, сайёд-ё-ёд!..” нола янграгандек бўлди қулоғим остида.
Мен бундай қилишни истамасдим. Ахир кеча унча-мунча пул олмадик. Мана бугун йўқ. Уни топишда ҳар биримиз бирдек жафо чекканмиз. Юрагимизни нақд кафтимизда тутиб ўтдик. Жамила эса...
Қайси юз билан шу ишга қўл урди экан?

20 last posts shown.