Ҳумоюн


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Blogs


Мақола ва реклама матнлари ёзаман. Бу каналда ўзим қизиқ деб ҳисоблаган мавзуларни ёритаман.

Ижтимоий тармоқларда: @thehumoyun

Related channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Blogs
Statistics
Posts filter


Маркетинг ва реклама соҳасига оид янгиликларни ёзиб борувчи PR.uz нашри фаолиятини тўхтатди.

Бу ҳақда сайт расмий саҳифаларида маълум қилинган. Хабарда бутун жамоа муддатсиз таътил олгани ҳақида айтилади.

Нашр 2019 йилдан бери фаолият юритиб келаётганди. Ихтисослашган йўналишда қизиқарли мақолалари билан ўз ўқувчиларини топишга ҳам улгурган.

Хусусий ОАВ даромад манбаларини топа олмаётгани ачинарли ҳолат, албатта. Ҳозир ўзбек медиаси реклама имкониятлари жуда чекланган даврни бошдан кечиряпти.

Ҳамкасбларимизга кейинги фаолиятида омад тилайман. Балки қачондир сайтни тиклаш имконияти туғилар. Нима бўлганда ҳам, мустақил нашрлар яшаши керак.

@humoyun


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Ўзбекистон авиакомпанияси эстафетани қабул қилиб олди.

Бундан бир неча ҳафта олдин Россиянинг Аэрофлот компанияси борт кузатувчиси иштирокидаги видео интернетда вирусдек тарқалди.

Унда хушбичим стюард йўловчиларга парвоз қоидаларини тушунтираётгани акс этган. Бир қарашда оддий видео, аммо йигитнинг бақувват мушаклари ва ўткир нигоҳи кўплаб қизларнинг юрагидан жой олди.

Шундан сўнг тренд бошқа рус авиакомпаниялари томонидан ўзлаштирилди ва улар ҳам ўзларининг забардаст стюардларини намойиш қила бошлади. Ўзбекистонда эса бу эстафетани Centrum Air компанияси давом эттирди.

Юқоридаги видео изоҳида минглаб фикрлар қолдирилган. Айрим қизлар бирдан Ўзбекистонга саёҳат қилгиси келиб қолганини айтса, бошқалар шу йигит хизмат кўрсатадиган рейслар жадвалини талаб қилмоқда.

Ҳа дўстлар, компания битта трендга қўшилди ва ўзига бўлган қизиқишни бир неча бараварга оширди. Контент-менеджерларга устама ҳақи тўланса ҳам ёмон бўлмасди.

@humoyun


Korzinka реклама қонунчилигини бузгани учун жаримага тортилиши мумкин.

Бир неча кун аввал Рақобат қўмитаси Korzinka супермаркетлар тармоғига нисбатан иш қўзғатганди. Идора рекламада энг арзон дея кўрсатилган нархлар бошқа супермаркетлардан фарқ қилмаслигини билдирган.

Кейинроқ Korzinka тармоғи бош директори Руд Педерсен баёнот билан чиқди. У бундай дастур бир марталик реклама эмас, балки узоқ вақтга мўлжалланган стратегия эканини таъкидлаган.

Яъни тармоқ бошқа супермаркет ва бозорлардаги кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган маҳсулотлар нархини доимий текшириб, ўзидаги нархлар ундан паст бўлишини таъминлаб боради. Фақатгина акциялар вақтида нархлар тенг бўлиши мумкинлиги айтилган.

Аммо Рақобат қўмитаси келтирилган сабабларга қарамай, Korzinkaʼни жаримага тортиш учун судга мурожаат билан чиқмоқда. Қўмита ваколатли органнинг ушбу қароридан норози бўлган томон судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканини эслатган.

Бу Korzinka учун ҳам, маркетинг жамоаси учун ҳам ажойиб кейс. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз. Судда қайси томон ютиб чиқиши жуда ҳам қизиқ.

@humoyun


Chery Uzbekistan маркетологлари ҳар бир вазиятдан унумли фойдаланмоқда.

Гап шундаки, блогер Малик Мажидов томонидан Ўзбекистондаги автобрендлар ҳақида тайёрланган ҳазиломуз видеода Chery «нишонга олинган».

Унда Chevrolet фақатгина сотиб соққа қилинадинган модель, BYD эса қуввати тугаса, умуман ҳеч нимага ярамайдиган машина сифатида таърифланган.

Chery ва Haval брендлари бўлса умуман гапиролмай қолади. Навбат кейинги брендга ўтиб кетади. Компания маркетинг жамоаси бу вазият учун ажойиб ечим таклиф қилган.

«Узр, айтишга улгурмадим. Яна турли янгиланишлар устида ишлаётгандим. Мен Cheryʼман, мени сотиб олсангиз, қулайликни сотиб оласиз», — деб ёзади компаниянинг расмий саҳифаси видео изоҳида.


Компания блогерни судга бераман деб дағдаға қилмай, ҳазил жавоб қайтаргани таҳсинга сазовор. Брендлар бозорда ўз ўрнини эгаллаши учун резонансли воқеаларга муносабат билдириб, харидорларни жалб қилавериши керак.

@humoyun


Россия компаниялари қочиримлардан фойдаланиб, бетакрор рекламалар яратмоқда.

Гап шундаки, Москва кўчаларида Wildberries компанияси рекламачилари томонидан яратилган баннерлар пайдо бўлди. Уларда «Саша, унинг WBʼдаги саватчасига пул тўла», — деб ёзилган.

Шундан кейин Яндекс Саёҳат хизмати бу трендга ўзгача тарзда ёндашиб уни давом эттирди. «Саша, саватча кутиб туради. Яндексʼга кир ва севган қизингни саёҳатга олиб бор», — деган эълон билан чиқди.

Кейинчалик трендга Брусника турар-жой мажмуаси қўшилди. «Дима, таътил нега керак? Ундан кўра унга Брусникадан хонадон олиб бер», — деб ёзади компания копирайтерлари.

Бу жараённи кузатиш қизиқ. Агар адашмасам, 2-3 йил олдин Ҳавас, Барака каби супермаркетлар катта тармоқлар рекламаларига қочиримлар ёзиб, ажойиб матнлар яратишарди. Шу тренд негадир йўқолиб кетди, уни ҳали ҳам давом эттириш керак деб ўйлайман. Одамларга интрига доим қизиқ бўлган.

@humoyun


«Дарё» нашрининг «Бахти Ташкентский» судини ёритаётган журналисти ИИБга чақирилди

Ўзбекистонда «қонундаги ўғри — Бахти Ташкентский» мақомини олган Бахтиёр Қудратуллаев ва 36 нафар айбланувчи бўйича бошланган суд мажлисини ёритиб бораётган «Дарё» журналисти Отабек Қўлдошев ИИБга чақирилди. Судга раислик қилаётган судя Толибжон Обидов журналист устидан шикоят қилган.

Журналист билан мулоқот қилган профилактика катта инспектори, подполковник Хайрулла Дўстов унга 3 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносидаги очиқ судда янграган маълумотни сайтда ёритгани учун гумонланувчи саналаётганини билдирган. Шу сабаб ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди раиси Толибжон Обидов томонидан тақдимнома киритилганини айтган. Аммо гумонланувчи сифатида ИИБга чақирилган журналист шикоят нусхаси билан таништирилмаган.

👉Тўлиқ мақолани ушбу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.

@humoyun


Ўзбекистон бозорига ELLE медиа бренди кириб келади. ELLE Oʻzbekiston ходимларни ишга қабул қилишни бошлади.

«ELLE Oʻzbekiston ўзбек тилида контент ишлаб чиқарадиган биринчи халқаро нашр бўлади», — дейилади хабарда. Нашрлар уч тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида фаолият юритади.

Бренд муҳаррирлар, журналистлар, диджитал, SMM-менеджерлар ва контентни ишлаб чиқиш ҳамда маҳаллийлаштириш, ҳамкорлик ва ўқувчилар билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш учун масъул бўлган бошқа ходимларни ишга қабул қилишни бошлади.

@humoyun


Брендлар учун матн ёзганда доставка сўзининг ўзбекча муқобилини тополмай қийналаман. Филолог Шаҳноза Соатова етказма сўзини таклиф қилмоқда. Менга ёқди. Сабабини тушунтираман.

Сўнгги йилларда етказиб бериш хизмати ривожланиши ортидан доставка сўзи оммалашиб кетди. Аслида аксарият тилшунослар бу сўзнинг таржимаси сифатида жўнатма сўзини илгари суради.

Лекин жўнатмоқ феъли доставканинг маъносини тўла очиб беролмайди. Яъни бунда маҳсулот фақат жўнатилади, иккинчи томонга етказишни назарда тутмайди. Шу сабабли етказма варианти маъқул деб ўйлайман ва энди матн ёзишда шу сўздан фойдаланаман.

Фанлар академиясида бўлиб ўтган учрашувда, бундан ташқари, яна бир нечта сўзларга муқобил топиш ва қўллаш масаласи муҳокама қилинган. Унга кўра, ходунок учун юрмачоқ, аванс учун бўнак, скрепка учун қистирги ва неустойка учун айбона вариантлари илгари сурилган.

@humoyun


Байрам олди уйга қайтаётгандим. Самарқанддан поездга ҳиндистонлик йигит чиқди ва ёнимдаги ўриндиққа ўтирди. Уни вокзалда ўзбек қизи кузатиб қўйгани этиборимни тортди. Кейин ўртада суҳбат бошланиб кетди, инглиз тилида узуқ-юлуқ гапириб, фикрларимни тушунтирдим.

Aйтиши бўйича самарқанддаги тиббиёт олийгоҳини тугатган. Аёли билан ҳам шу ерда танишган. Ҳозир хусусий шифохонада ўзи шифокор, аёли эса унга таржимон бўлиб ишларкан. Бу ерда меҳнатнинг қадрига етишади, даромадим анча яхши дейди.

Шу ҳолатдаги уч жиҳат этиборга лойиқ деб биламан. Биринчидан, биздаги хусусий сектор умидли ва малакали мутахассисларни, у чет эллик бўлса ҳам, ортиқча тўсиқларсиз ишга оляпти. Бу ҳам компания, ҳам ходим ривожланиши учун катта туртки ҳисобланади.

Иккинчи эътиборли жиҳат — йигит ва қизнинг дини, ирқи, миллати бошқа-бошқа бўлишига қарамай, бирга оила қургани. Бунга тоқатли ота-оналар борлиги одамни хурсанд қилади. Ёшларнинг ҳаёти фақат ўзининг қўлида эканини тушунишаётгани қувонарли ҳолат.

Учинчидан, Ўзбекистонда нафақат қора меҳнатда, балки юқори классификация талаб қилинадиган соҳаларда ҳам чет эллик кадрлар ишга жойлашаётгани яхши кутилмаларга етаклайди. Энг камида бу ҳолат бизнинг ҳам ишчи кучи етиштирувчи эмас, иш берувчи мамлакатлар қаторига қўшилишга бироз ёрдам беради.

Шунақа гаплар.

@humoyun


Бугун ҳамма футбол ҳақида ёзяпти. Мен эса Конста ҳақида ёзмоқчиман. Унинг Тошкентдаги охирги концертига тушгандим, қониқарли деган баҳо қўйдим.

Сабабини тушунтираман. Мен муаллифнинг қўшиқларини 10 йилдан бери эшитаман. Шум ёшлигимиз унинг қаторлари билан қизиқарлироқ бўлган. Максимализм юқори эди ўшанда.

Лекин концертда фақат охирги 2 йилликдаги қўшиқлар ижро этилди. Янги альбом премьера қилинди. Бу Конста — халқчил, умуммиллий ғояни илгари сура бошлаган ижодкор. Ўзи ҳозирги пост бу ҳақда эмас.

Умуман олганда, Шариф Абдуллаев исми вақти келиб мусиқа дарсликларига киритилишига ишонаман. У Янги Ўзбекистон тарихидаги энг ёрқин персоналардан бирига айланиб бормоқда. Гап унинг қаторлари ҳаммага ёқишида ҳам эмас.

Констанинг ижод уммони шу қадар кенгки, у бир нечта авлодларни бирлаштира олади. У муаммоларга эътибор қарата олади. У мухлисларни зериктирмайди, у шоу уюштиради. Агар бу хонандамизни ҳам бирор расмий лавозимга бериб қўймасак, ҳали кўп йиллар шедевр асарлардан баҳраманд бўламиз.

@humoyun


Навоийда туғилиб ўсганим сабабли унча-мунча чангли об-ҳаво менга таъсир қилмайди. Лекин охирги 2 йилдаги Тошкент чанглари одамни ҳолдан тойдирди. Жуда кўп йўталишни бошладим.

Бугун бир ҳолат гувоҳи бўлдим ва бундан жуда ҳайрон қолдим. Кўчада ёққан ёмғир кийимда доғ қолдирди. Бундай ҳолатни фақат Навоийда кўрардим. Ҳатто 5 йил олдин ҳам пойтахт об-ҳавоси бу даражада расво эмасди.

Бундай вазиятда сизга фақат битта тавсия бера оламан: кўчада тиббий ниқоб тақиб юринг. Соғлиғингизга бефарқ бўлманг.

@humoyun


Мен муаллифман. Шу сабабли ҳар қандай контентга ижод маҳсули сифатида қарайман ва уни атрофлича таҳлил қиламан. Бугундан бошлаб каналда ўзим сочма таҳлилга муносиб деб топган видео, кинопарча, қўшиқ ва матн (умуман исталган турдаги контент)ни ўрганиб чиқаман. Агар формат менга ва ўқувчиларга маъқул тушса, давом эттирамиз.

@humoyun


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Кириб келаётган 2024 йил билан табриклайман. Бу йил аввалгиларидан яхшироқ бўлишини, йўлларимиз ва дилларимиз обод бўлишини тилайман.

Ва янги йилдан бу каналда фаолроқ бўлишга ҳаракат қиламан, лекин ваъда бермайман. Узоқ вақтдан бери бирга бўлган ҳаммага раҳмат😇

Видео: Ахрор Алихонов

@humoyun


Тошкент орзулар шаҳри эмас

У худди инсон каби ўз муаммолари билан курашиб яшайди. Гоҳ коррупция билан, гоҳида эса экология билан.

Бир пайт у чуқур тушкунликка тушди, атрофдагилари эса унинг ҳаётини баттар мураккаблаштирди. Азим шаҳар ич-ичидан тўкиларди.

Лекин у гоҳи-гоҳида қайта тикланишга, депрессиядан чиқишга куч топади. У ошиб-тошиб оққан нефть устида жойлашмаган, унинг ривожланиши фақат шахсий ҳисобланади.

Тошкент худди унда яшайдиган инсонлар каби. Жуда кўплаб камчиликлар ва ютуқларга эга. Шаҳар гоҳида жиддий, гоҳида онадек меҳрибон, гоҳида эса ҳеч кимни тингламайдиган қайсар.

Шаҳарнинг янги дўстлари, унга хуш келибсиз. Бу юртлар ўзгаришга, ривожланишга жуда муҳтож. Шаҳарни ўз дарди билан ёлғиз қолдирмайлик, бу бизга жуда ҳам қимматга тушади.

Фото: @farmonoff
Кредитс: @mirzo_zominiy

@humoyun


Охирги пайтлар «Бу иш мени безитиб юборди» деган гапни жуда кўп эшитяпман.

2-3 йил олдин бу гапдан ҳеч қандай маъно қидирмасдим, ўткинчи ҳиссиёт бўлса керак дердим.

Эсимда, 4-синфда ўқиб юрганимда дадам билан математика фанидан уйга вазифа бажарганмиз. Шунда мен дадамдан ҳаммасини тўғри қиляпманми деб сўрадим.

Дадам эса бир неча дақиқа тин олиб, «Менинг ўзим ҳам нима тўғри ёки нотўғри эканини ҳали билмайман», деди. У пайтларда шунчаки дадам математикани яхши тушунмаса керак деб ўйлагандим, холос.

@humoyun


Мен ҳаётимнинг энг қимматли қисми — ёшлик йилларимни офисдаги ишга сарфлаяпман. Бундан афсусланаманми? Йўқ, албатта.

Бу йўлни босиб ўтмасдан туриб, керакли маррага етиш имконсиз. Ақлимни таниганимдан бери костюм-шимда ўз офисимда аччиқ қаҳва ичиб ўтиришимни тасаввур қилардим.

Аммо менга қаранг, на карьера, на мол-мулк, на таниш-билишим бор. Буни қарангки, ҳатто қаҳва билан ҳам йўлларимиз мос тушмади. Ҳозир ортиқча вазнни йўқотиш учун фақат сув ичяпман.

Унга қара, Instagramʼда минглаб обуначиси бор, ҳар ойда саёҳат қилади, нега менинг ҳаётим аксинча кетмоқда? Буни давлат телевидениесига қиёслаш мумкин. Ҳеч ким ўз ҳаётидаги муаммолар ҳақида камерада гапирмайди.

Биз, одамлар, ахборот билан тўйинган даврда ўз-ўзимизни еб битиришга одатланяпмиз. Контент истеъмоли сабабли узоқ вақт ўтмай, инсон ўзини етарлича чиройли, омадли ва қизиқарли эмасдек ҳис қила бошлайди. Мутахассис сифатида айта оладиган ягона маслаҳатим, камроқ томоша қилинг, кўпроқ ҳаракатланиб, йўлдошларга кўпроқ вақт ажратинг.

@humoyun


Azon.uz сайти ва унинг барча лойиҳалари тўхтатилди

Azon.uz асосчиси Мубашшир Аҳмад сайтнинг барча лойиҳалари тўхтатилишини маълум қилди.

Нашрнинг ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифалари ўчирилган, сайт ҳам ишламаяпти. YouTubeʼдаги каналда эса диний контентлар ўчирилиб, саҳифанинг ўзи «Фикрат» номига ўзгартирилган.

@humoyun


Қамоқдан қочиш мумкин, қотилдан ҳам қочса бўлади. Аммо ўзингиздан қочиб қутулолмайсиз.

Ажабланарли даражада содда ва таниш фикр: ҳа, сиз бошқа жойга кўчдингиз, аммо ҳали ҳам ўша-ўша ўзингизсиз. Фақат жойлашув ўзгарди.

Чет элга чиқиш тўғрисидаги паспортдаги муҳр ташвиш ва қўрқувни йўқотмайди, штамп шубҳаларни бартараф этолмайди. Бу шунчаки белги ва сиз бу сиз.

Эҳтимол, ҳар бир кетаётган (қочаётган) одам билиши керак бўлган оддий ҳақиқат бор: ўзгариш учун инсон ўлиб, қайта туғилиши керак. Биз одатларимиз ва қарашларимизни ўлдиришимиз керак.

Қон-қонимизга сингиб кетган одатларни тозалаш лозим. Бунинг учун тери шилиниб кетгунга қадар, гўшт кўриниб қолгунга қадар ишқалаш керак. Ва қайта туғилмоқ лозим. Соф ақл-идрок билан қайта туғилиш.

Фақат шу ҳолатдагина сиз ўзингизни ўзингиз хоҳлагандек ўзгартиришингиз мумкин бўлади. Бошқа мамлакатга кўчиб ўтиш коинот қора туйнугини очмайди. Жисмонан бошқа нуқтага ўтсакда, руҳимиз бир жойда — танамизда қолаверади. Ўзгариш ҳеч қачон осон бўлмайди.


Сиз ўзбек тилидаги севимли/сифатли контентни пул тўлаб кўришга/ўқишга/тинглашга тайёрмисиз?
Poll
  •   Ҳа
  •   Йўқ
  •   Билмайман
112 votes


Креатив матн яратиш учун 5 та нейротармоқ

Турли мақсадлар учун ўзига хос матнларни яратувчи ботлар сизга кўмакчи бўла олади:

Notion AI — матнларни ёзади ва тўлдиради, хатоларни тузатади, услубий жиҳатдан таҳрирлайди, адабиётларни текширади.

Rytr — танланган мавзу, тил ва услубни ҳисобга олган ҳолда матнлар ёзади. Матн учун вариантлар сони ва калит сўзларни киритиш мумкин.

Peppertype.ai — турли мақсадлар учун матнлар тузади: ижтимоий тармоқлар, сайтлар, рекламалар ва сарлавҳалар шулар жумласидан.

Балабоба — киритилган матнга асосланиб, кўрсатмалар, рецептлар ва ҳатто мақоллар тавсия қила олади. У сиз билан турли мавзуларда суҳбат қуриб, ҳазил ҳам қила олади.

Юқоридаги чатботларнинг ҳеч бири ўзбек тилида матн ёзолмайди. Агарда сизга ўзбек тилида матнлар генерацияси керак бўлса, mohir.ai бу борада ёрдамлаша олади. Ушбу нейротармоқ овозли хабарларни ёзма матнга ўгириш функциясига ҳам эга.

@humoyun

20 last posts shown.