УЛУҒБЕККА АЙТАР СЎЗИМ
Жоним ўғлим, қанотсизга сен қанот бўл,
Ўзга ўз бўл, эгилмагин, ётга ёт бўл.
Ерга қара, босиб кетма, эҳтиёт бўл,
Йўлингдаги хотирани ўлдирмагил.
Майли, болам, қайда гул оч, қайда кўкар,
Боёвутда бир гўша бор, чекка, чўкар,
Дарахтлари олмаларин йўлга тўкар,
Йўлингдаги хотирани ўлдирмагил.
Қутлуғ болам, бугун бахт -ла топишганинг,
Аммо кеча. Сумалакка тош тушгани,
Энажонга «олиб бер» деб ёпишганинг,
Қўлингдаги хотирани ўлдирмагил.
Дерди «Худо, шу гўдакка толъе бергин»,
Сен эркинсан, ул ерларда тағин эркин.
Мен борми — йўқ, бор, жон болам, боравергин,
Дилингдаги хотирани ўлдирмагил.
Сени бердим катта элга, катта юртга,
Меҳринг билан кўнгли илҳақ, кўзи тўртга. «Энажон», — деб бош ур, болам, Боёвутга,
Тилингдаги хотирани ўлдирмагил.
1989 йил 2 апрель
Ҳалима Худойбердиева