🔻
Марказ экспозицияси учун зарур қўлёзма ва артефактлар сараланмоқда
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларини янада такомиллаштириш кўзда тутилган.
Айни кунларда бир гуруҳ хорижлик олимлар –
Япониянинг Михо музейи вакили Сергей Лаптев, франциялик олимa Фредерик Брессан, россиялик олима Ирина Османовалар юртимизда бўлиб турибди. Улар марказнинг илмий ходимлари билан бирга марказ экспозицияси учун қўлёзма ва артефактларни тўплаш ишларида фаол иштирок этишмоқда.
Дастлаб олимлар ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ноёб қўлёзмалари билан танишишди. У ердаги қўлёзмаларнинг 34 таси марказ экспозицияси учун танлаб олинди. Реставраторларнинг иш жараёни меҳмонларда ҳайрат уйғотди.
Куннинг иккинчи ярмида илмий экспертлар ЎзР ФА Санъатшунослик институтида бўлишди. У ерда муқова санъати ва қўлёзмаларни сақланиш, қайта ишлаш жараёнлари билан танишишди. Институт фонди билан танишгач, нодир ва ноёб қўлёзмаларни экспозицияга йўналтириш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Давлат тарих музейида экспонатлар билан танишиш жараёнида у ердаги Қуръони Карим нусхалари меҳмонларни ўзига жалб этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида халқаро стандартларга жавоб берадиган экспозиция ташкил этиш борасидаги изланишлар давом этмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
📱 Telegram 📱 YouTube 📱Instagram 📱Facebook 📱 Web-site