– Отагинам, ҳаммамиз боқиймиз. Эътибор беринг: кимса буни далиллай олмаган ва тўқсон бешинчи йўналишдаги автобусда бу менинг чекимга тушмоқда. Ҳодислар юз бериши ва давомийлигидаги арзимас хатоми, замон қатларидаги изчиллик ўрнига – бир пайтдагисими. Люк мен қазо топгач дунёга келиш керак эди, бунинг ўрнига... Бордию, автобусда юзма-юз келишидек ақл бовар қилмас тасодифни ҳисобга олмаганда, албатта. Афтидан, сизга буни айтгандим: бу қандайдир бир тамомила аминликдаги ички ҳис билна сезиш эди. Шубҳа-гумонга ўрин йўқ, вассалом. Аммо шубҳа-гумонлар кейинроқ юз очди, сабаби бундай кезлари ё телбалигингга тан берасан, ё ҳушингдан айирадиган дориларга муккангдан кетган бўласан. Иккиланишлар ортидан бу шубҳаларни бирин-кетин чипакка чиқаришга қодир, хато қилмалаётганингга ишорат этувчи ҳамда шубҳа учун сабаб йўқлигини кўрсатувчи далиллар очилади. Гоҳида шулар тўғрисида сўйлаш фикримга келиб қолса, манави савдойиларни нима кўпроқ кулгусини қўзғатади, биласизми? Люкнинг нафақат иккинчи бор мен бўлиб дунё юзини кўриши, балки сизга дардини дастурхон қилаётган мендек шўрпешона бўлиши. Унинг ўйинга овворалиги, доим ноқулай ағнаб тушиши, оёқ ё ўмров суягини қайириб олганда майда-чуйда ҳисларигача юзида акс топиши ёки унга савол назарила мурожаат қилганда шолғомдек қизариб кетишига нигоҳ ташлашнинг ўзи кифоя эди. Онасини айтмайсизми... у ҳангоматалаб, зеро болакай номусдан ерга киргудек бўлшига қарамай исталган мавзуда – кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳирсий кечинмалар, қуюшқондан нари воқейликлар, саккиз яшар болакай чизган расмлар, касалликлар ҳақида ғийбатлашиш жон-дили... Одамшавандагина хоним, табиийки, ҳеч вақодан шубҳага қилмагани кундай равшан, боланинг тоғаси эса мен билан шахмат сурарди, мени ўзлариники ҳисоблашар, ҳатто шуннақаси ҳам бўлгандики, ой охиригача амал-тақал қилишлари учун қарз ҳам бергандим. Люкнинг ўтмишини билиш менга зарра мушкуллик туғдирмади: суҳбат, кексалар қитиқ-патини ўлдирадиган – тоғанинг бод касали, эшикбоннинг кирдикорлари, сиёсат мавзусида кетган маҳалда гап орасида савол тўғри қўйилса бас. Шу тариқа, мен шахмат қиролига кишт бериш ва гўшт нархи билан боғлиқ мулоҳазалар орасида Люкнинг болалигидан бохабар бўлар, ҳамда далиллар тахминларимни рад этиб бўлмас исботга айлантирарди. Илло мени тушунишга уриниб кўрингда, тағин бир қадаҳдан буюрсак-а: Люк бу – мен, болалигимдаги мен, аммо шунчаки нусхаси деган хаёлга борманг. Аниқроғи – монанд андазаси, англадингиза, яъни етти ёшимда менинг билагим чиққан бўлса, Люкнинг эса ўмрови, тўққиз ёшда бўлса мутаносиб тарзда қизамиқ ва қизилча хасталигига чалинганмиз, рости, отагинам, шу ўринда давр андак адашгандек: мен ўн беш кун қизамиқдан хасталанган бўлсам, Люк тўрт кунда даво топган – соғлиқни сақлаш соҳасида юксалиш ва шу кабиларда энди. Бариси – бир хил, шу боис ҳам тасодиф тасдиғи сифатида бир мисол айтай: муюлишдаги нон сотувчи нонвой руҳида Наполон яшаётгани эҳтимолдан холи эмас, унинг эса асло хабари йўқ, аслида тартиб ўзгармай қолди, сабаби у умри бино бўлиб автобусда ҳақиқат билан юзма-юз келмади; аммо у қай бир ҳолда ўша ҳақиқатга рўбарў келса агар, Наполеонни такрорлагани ёки такрорлаётганини англайди – малайликдан Монпарнасдаги нонвойхона эгасига айланиш моҳиятан Корсикадан қочиб, Франция тахтини босиб олишдек гап, умрининг ўтмиш қатларини астойдил титкиласа Миср, консуллик даври ва Аустерлицадаги ҳарбий юришларга лойиқ ҳаётий кутилмаган ҳодисаларни топган ҳам бўларди, ҳатто бир неча йилдан кейин нонвойхонаси путурдан кетиб, еттинчи қаватдаги каталекдек хонаси авлиё Елена оролига монанд бўлиб қолганида, у ҳам ўшаниси каби мағлубликда теварак-атрофини сув қоплаган танҳоликдаги умри давоми ўз нонвойхонасига эгалик тимсолида юксакларни заб этган бургут мисол фахрланишига фаҳми етган бўларди. Сиз фикримни англадингизми?
Мен англардим, шундада, болалигимизда ҳамммиз ҳам вақт-соати билан бир турдаги хасталикка чалинганимиз ва копток қувалаб албатта бирор жойимизни синдириб олганмиз деган тўхтамга келгандим.
Мен англардим, шундада, болалигимизда ҳамммиз ҳам вақт-соати билан бир турдаги хасталикка чалинганимиз ва копток қувалаб албатта бирор жойимизни синдириб олганмиз деган тўхтамга келгандим.