СИҒИНДИ
Ўша кун... ортиқчалик қилдим
жаннатга —
Лаш-лушсиз учдим-у,
Машриққа тушдим.
Қирқ йиллик фироқда жоним увишди —
Либосим япроқ эди.
Худо беҳудага бермас қирқта жон,
Кўнглимни кундага қўйиб чопдилар,
Чопқилар гуллади, чопқилар!
Сотдилар...
Қадримга дунё топдилар —
Дунёси қуроқ эди.
Бир кун остонадан ҳайдалди онам,
Вазифасин янглиш уққани —
Ўғил эмас мени туққани
учун.
Ваҳоланки уларга меҳрим
Ўғилдан кўпроқ эди.
Бошқа ҳаётимда очиқ қабрга
Қўғирчоғим билан кўмдилар,
Ўйладим: "Ҳалиям мен билан бирга
Беркинмачоқ ўйнаяпти улар...
Нега ҳалигача топишолмади?"
Қўрқардим, дилдираб совуқда таним.
Охирги нафасда чақирдим зўрға...
Сўнгра
ҳўнграб-ҳўнграб қоришдим гўрга...
Асосим тупроқ эди.
Яширин, — дедилар, — югур, қопга кир,
Беркитгил, — дедилар, — кўзларинг гўзал.
Қуёш олгани чун юзимдан бўса
Тошбўрон остида чайқалиб боқдим,
(гўё)
Илма-тешик мешдан май каби оқдим...
Кайф-у сафосига қон томиб турган
Кўйлагим — байроқ эди.
Ўз уйи бўлмаган ҳеч вақт аёлнинг —
Отаси,
боласи,
эрининг уйи...
Аъвомнинг умрида энг олий ўйи —
Аёлдан қутилишдай
жирканч озодлик!
Бу эрк — чин қамоқ эди.
Одамзот ғажир ўз қовурғасини,
Ишлашга қўймайди,
Тишлашга қўймас,
Миннатга йўяр-у,
Суннатга йўймас,
Мен туққан оломон ҳуркди ўзимдан,
Нақадар қўрқоқ эди.
Томоғимдан ўтган ҳар томчи сувда,
Рақамлар акс этар ҳисобин жамлаб,
Сўнг қоришиб кетар оби дийдам-ла
Шунчаки,
Малолим келмасин ҳеч кимга дедим,
Уволим келмасин ҳеч кимга дедим,
Истагим топ-тоза авлод ўстириш,
Умидим буроқ эди.
Бироқ энди...
Жаннат оёғимнинг остидалиги
Бошидан сўроқ эди.
Нозима Ҳабибуллаева
Ўша кун... ортиқчалик қилдим
жаннатга —
Лаш-лушсиз учдим-у,
Машриққа тушдим.
Қирқ йиллик фироқда жоним увишди —
Либосим япроқ эди.
Худо беҳудага бермас қирқта жон,
Кўнглимни кундага қўйиб чопдилар,
Чопқилар гуллади, чопқилар!
Сотдилар...
Қадримга дунё топдилар —
Дунёси қуроқ эди.
Бир кун остонадан ҳайдалди онам,
Вазифасин янглиш уққани —
Ўғил эмас мени туққани
учун.
Ваҳоланки уларга меҳрим
Ўғилдан кўпроқ эди.
Бошқа ҳаётимда очиқ қабрга
Қўғирчоғим билан кўмдилар,
Ўйладим: "Ҳалиям мен билан бирга
Беркинмачоқ ўйнаяпти улар...
Нега ҳалигача топишолмади?"
Қўрқардим, дилдираб совуқда таним.
Охирги нафасда чақирдим зўрға...
Сўнгра
ҳўнграб-ҳўнграб қоришдим гўрга...
Асосим тупроқ эди.
Яширин, — дедилар, — югур, қопга кир,
Беркитгил, — дедилар, — кўзларинг гўзал.
Қуёш олгани чун юзимдан бўса
Тошбўрон остида чайқалиб боқдим,
(гўё)
Илма-тешик мешдан май каби оқдим...
Кайф-у сафосига қон томиб турган
Кўйлагим — байроқ эди.
Ўз уйи бўлмаган ҳеч вақт аёлнинг —
Отаси,
боласи,
эрининг уйи...
Аъвомнинг умрида энг олий ўйи —
Аёлдан қутилишдай
жирканч озодлик!
Бу эрк — чин қамоқ эди.
Одамзот ғажир ўз қовурғасини,
Ишлашга қўймайди,
Тишлашга қўймас,
Миннатга йўяр-у,
Суннатга йўймас,
Мен туққан оломон ҳуркди ўзимдан,
Нақадар қўрқоқ эди.
Томоғимдан ўтган ҳар томчи сувда,
Рақамлар акс этар ҳисобин жамлаб,
Сўнг қоришиб кетар оби дийдам-ла
Шунчаки,
Малолим келмасин ҳеч кимга дедим,
Уволим келмасин ҳеч кимга дедим,
Истагим топ-тоза авлод ўстириш,
Умидим буроқ эди.
Бироқ энди...
Жаннат оёғимнинг остидалиги
Бошидан сўроқ эди.
Нозима Ҳабибуллаева