💐🕊АШЪОР БИТДИМ
Кўҳна олам яралгандан, айланади замонлар,
Келиб кетмиш не-не буюк аллома-и жаҳонлар,
Қанча тахтларни титратди, салобатли султонлар,
Лекин, замин Навоийдек булбулзабон кўрмади,
Сўз мулкида сиздан ўзган бирор султон кўрмади..
Сизни илк бор танигандан, сўзга тушди, ихлосим,
Ҳар байтингиз ўқир экан, ортар ҳайрат, ҳавасим.
Ғазалларингиз сеҳридан маст бўлганча нафасим,
Сайр этарга ошиқ кўнгил, ўзга бўстон кўрмади,
Андалиблар ғазал тинглар бир гулистон кўрмади..
Салкам олти асрдир-ки, ҳайратларда яшайсиз,
Шеъриятга ошно, қалблар, сийратларда яшайсиз,
Чексиз меҳр-у муҳаббатлар, ҳурматларда яшайсиз,
Сиздан ўтиб бирор шоир, назми ҳоқон бўлмади,
Битта сатрингизга лойиқ сўзга имкон бўлмади..
Бугун сизни ёд этамиз, таъзимлар бажо айлаб,
Улуғ номингиз Ҳазратим, юракларга жо айлаб,
Ғазалларингиз куйлаймиз, севимли наво айлаб,
Ашъор битдим, балки сизга лойиқ ашъор бўлмади,
Минг уриндим, лек муносиб шеъри дилдор бўлмади...
Муножот Каримжон қизи ✍