Шундай тоифа борки, уларни Аллоҳ “одам кўпайсин учун” (Қосим шайтон ибораси) яратиб қўйган. Қаерда икки киши ғижиллашгудай бўлса, лаҳзадаёқ ўша жойда ҳозиру нозир бўладилар. Бир-бирини лой-тупроққа белаб, оғзи-бурни қонга бўялган жанжалкашлар ҳолидан яйраб-яйраб ҳузурланадиларки, асти қўяверасиз. Ва унутмангки, бу тоифага мансублар кучлининг ёнини олиб, кучсизга тош отишлари аниқ. “Томоша”ни яқиндан кўриш учун бир неча оёқларни ғарчча-ғарчча босиб, пастак елкаларни қаттиқ-қаттиқ туртганча, “ринг” сари интиладиган ҳам худди ўшалардир. Камқувват бечоранинг ноҳақ экани ҳақида оғзидан кўпик сочади, калтак еганни ёқласангиз, ёқангиздан тутмоғи тайин. Бундай зотларнинг қорни тўқ бўлса-да, кўнгли оч: бу ғайриоддий очликнинг сабаби шундаки, бахиллар ҳатто олий маълумот олган бўлиши мумкин, лекин маънавий эҳтиёжи қонмаган, яъни руҳий озуқага муҳтож. Хуллас, оч баччағардан қоч баччағар, деб ўшаларга айтадилар. Бунақа бахилларга яқин юрмаслик, аксинча, узоқ турган афзалдир.
Эътибор берган бўлсангиз, қуёш ботар маҳалда кишининг сояси бўйига қараганда неча ҳисса узайиб кетади. Бахил кимса сояси етган жойни ўз мулки ҳисоблайдики, бу “мулк”дан бирор қаричини боса кўрманг, балога қоласиз, ундан кўра, салқини беминнат бақатерак минг карра афзал. Ташна бўлсангиз, бахилнинг қудуғидан сув ича кўрманг: нўхатдай бир жуфт тошни тилингиз остига ташланг-да, шимиб юраверинг, фақат тошчаларни нариги кўчадан оласиз...
📖 «Қора лола»
© Рустамжон Умматов
(«Қотилларни қолдириб доғда» тетралогиясининг 2-китобидан.)
Telegram | Facebook | Wikipedia