Мавлонодан ҳикоялар
Ҳазрат Мусо ва чўпон
Султонимиз “Аллоҳни зикр қилинг”, дея ижозат берди. Бандаларини оташ ичида кўриб, нур эҳсон этди ва бундай марҳамат қилди: “Биз сизнинг эслашингизга муҳтож эмасмиз. Гарчи тасвирлар Бизга мос бўлмаса ҳам, шакл ва хаёлга берилган одамзот моҳиятимизни мисолсиз англай олмайди”. Жисмоний тавсиф Ҳаққа кўра зикри ноқис; У Зот ҳар қандай тасаввуру хаёллардан покдир.
Ҳазрат Мусо йўлда бир чўпоннинг бундай дуо қилаётганига гувоҳ бўлди: “Эй карамли Аллоҳим, қаердасан?! Хизматингни қилай, чориғингни тикай. Эй буюклар буюги, сенга сут армуғон этай.Қўл-оёқларингни уқалаб қўяй. Уйқунг келганида кўрпа-тўшагингни қоқиб берай. Бутун қўй-қўзиларим сеники бўлсин. жамики хиргойиларим, нағмаларим Сенинг зикрингдир, эй Роббим!”
Шу каби бемаъни сўзларни айтиб турганида ҳазрат Мусо: “Ким билан гаплашяпсан?” деб сўради. Чўпон жавоб берди: “Бизни, еру осмонни яратган Зот билан”. Ҳазрат Мусо дедики: “Э-воҳ, сен ақлдан озибсан! Ҳақоратларинг кофирнинг тутумига хос, мусулмон одобидан эмас. Бундай гапларни айтма, оғзингни юм. Жумлаи жаҳонни куфрингнинг бад бўйи тутиб кетди. Гумроҳона каломларинг билан дин матосининг оҳорини тўкдинг. Патаки пайтавалар сен кабиларга ярашади. Қандай қилиб Хуршиди Оламга раво кўрилсин? Башарият сенинг касрингга қолиб, Аллоҳ ғазабига гирифтор бўлмасидан тўхта. Ҳар қандай тамсилу тавсифлардан пок бўлган улуғ Зотга жисм ва суратни раво кўрасанми? Яқин қариндошингмидики, бу шаклда хитоб қиласан? Сутни ўсиб, ривожланишда бўлган ичади, чориқни эса оёққа муҳтож кияди. Ҳақнинг хос қулларига адабсизлик билан муомала қилиш қалбни кирлатиб, амаллар дафтарининг қорайишига сабаб бўлади”.
Қўйчивон бу сўзларни эшитгач, уст-бошини юлқилаб, парчалади. Чўлга бош олиб кетар экан, чуқур оҳ тортди ва бундай нидо қилди: “ЭйМусо! Дашномларинг билан тилимни шундай боғладингки, бундан бу ёғига ишим фақат надомат чекиш бўлади”.
Ҳазрат Мусога ваҳий келди: “Бизнинг қулимизни биздан айирдинг. Сен Бизни бандаларимизга яқинлаштирмоқ учун келдингми ёки узоқлаштирмоқ учун? Имкон қадар айрилиқ йўлига кирма. Биз учун энг ёқимсиз нарса ажрашишдир. Ҳаммани ўзига хос сифат ва хулқ-атвор билан яратдик. Бировга ёққан мақтов сенга маъқул келмаслиги, кимгадир суюмли бўлиб эшитилган калом сенга эриш туюлиши мумкин. Биз барча нопоклигу ноқисликдан, сусткашлигу чаққонликдан холимиз. Бизга нафи тегсин деб эмас, ўзларига хайр келтирсин, дея бандаларимизни ибодатга буюрдик. Аллоҳга ҳар ким ўз лафзида тасбеҳ айтади. Яратган ҳаммасининг тилини тушунади. Ҳиндлар ҳиндча, синдлилар синдча ҳамд келтиради Аллоҳга. Қулларимизнинг тасбеҳи билан азиз ва муқаддас бўлиб қолмагаймиз, аксинча, тасбеҳ айтиш билан ўзлари покланишади, тиллари маънавий инжулар сочади. Биз каломга эмас, қалбга қараймиз. Калималар фақир бўлса ҳам, муҳими кўнгил бойлиги. Зеро, қалб жавҳар, гуфтор эса араз (тобеълик) мақомига эгадир.
Қоғозга ўралиб, рамзлар билан ифодаланган чиройли сўзлар ўрнига ҳақиқий ишқ оловига маҳкум қалбни афзал биламиз. Бу оташда руҳинг шундай ёнсинки, бутун фикрлару сўзлар куйиб, кул бўлсин. Эй Мусо, одоб билганлар бошқа, ишқи илоҳийда қоврилган ошиқлар бошқа. Вайронага айланган қишлоқдан солиқ ундирилмайди. Ишқ аҳли хато сўзласа ҳам, юзига солма. Қонига беланиб шаҳид бўлган кишини ювишга уринма. Зеро, шаҳидлар учун қон сувдан кўра қийматлидир. Худди шундай У зот ҳақидаги бу янглиш сўзлар юзларча тўғрисидан устундир. Каъбанинг ичида қибладан асар йўқ. Ғаввоснинг оёғига пайпоқ керакми? Сархушдан йўл сўрама, жулдурвоқига ямоқдан гапирма. Ишқ шариати билган динларингдан бўлакча. Ошиқларнинг шариати эса Аллоҳдир. Лаълнинг лаъл эканглигини тасдиқловчи мухри бўлмаса, нима қилибди? Ишқ қайғу денгизида ғамга ботмайди-ку!”
Шундан сўнг Ҳақ таоло Мусо алайҳиссаломга тилда баёни имконсиз сирларни аён этди. Ҳазрат Мусонинг кўнглига сўзлар тўкилди-ю, тафсилот ва тасаввур бирлашди. Неча бор ўзидан кетиб, ўзига келди; азалдан абадга парвоз қилди.
Яратганнинг итобидан сўнг саҳрога қараб югурди. Ишқ шаробидан маст ошиқ ортидан шундай шитоб билан чопдики, ортидан чанг-тўзон кўтарилди.