Ҳаётнинг турфа хил савдоларида,
Гоҳ ширин, гоҳ аччиқ рўёларида,
Бири кам, бири йўқ дунёларида,
Борлигинг учун ҳам яшагим келар!
Кўнглимнинг кўчаси шунчалар ажиб,
Aгар қўйиб берсанг келмайди нелар.
Чиройинг қалбимда куй чалар нафис,
Борлигинг учун ҳам яшагим келар!
Гуноҳим, савобим, сабоҳим менинг,
Сен бетакрор тилсим, топилмас тенгинг,
Хаёлим, ҳаётим, жаҳоним менинг,
Борлигинг учун ҳам яшагим келар!
Мен ўзим-ўзимни ишқингда эзиб,
Гоҳ чарчаб кетаман ҳаммадан безиб,
Ғамларга дош бериб, дардга дош бериб,
Борлигинг учун ҳам яшагим келар!
Энг гўзал, энг ёруғ кундузим менинг,
Кулгуларинг жон-у дилимни безар.
Самодаги зуҳал юлдузим менинг,
Борлигинг учун ҳам яшагим келар!
Энг буюк ошиғинг ўзимман сенинг,
Кимнинг ҳаваси бор, ким ҳасад қилар.
Бахтимга бор бўлгин, азизим менинг,
Борлигинг учун ҳам яшагим келар!
©Шаҳноза Жураева