ЎҚ
“Қатағон қурбонлари” музейида бир ўқ кўргазмага қўйилган
Шу ўқ атрофида айланиб қолдим:
Икки мисқол келар-келмас қўрғошин.
Тирноқдек шу маъдан юз йилча олдин
Мунавварқорининг егандир бошин...
Не дилбар зот эди Қодирий ҳазрат!
Отабеги ўққа учганми ё йўқ?
Ҳазрат юрагида орзулар қат-қат,
Шуларнинг ёнида қолгандир шу ўқ.
Қумри "ҳуғу"лаган салқин куз шоми
Қарсиллаган садо ойни титратди.
На "бисмилло"си бор ва на-да "омин"...
Шайтон шаҳид қилди домла Фитратни.
Ташқари чиқаман. Осмон тубидан
Мўлжал олиб учар юлдуз мисли чўғ.
Малъун оқшоммиди, мудҳиш субҳидам,
Чўлпон жигарини тешгандир шу ўқ.
Далилий ашё бу, рақамланган, рост,
Кўриб-кўрмай ўтар сиполар, шўхлар.
Оёқлар остида писмиқ, беовоз
Сизни кузатади зериккан ўқлар.
Шу ўқ атрофидан кетолмай қолдим...
Юз йилки, учишга шайланади Ер.
Лекин иложи йўқ, бошин эгиб жим
Шу ўқ атрофида айланади Ер.
✍️ Иқбол МИРЗО
2024
📱 Telegram | 🌐 Instagram | 🎞 YouTube
“Қатағон қурбонлари” музейида бир ўқ кўргазмага қўйилган
Шу ўқ атрофида айланиб қолдим:
Икки мисқол келар-келмас қўрғошин.
Тирноқдек шу маъдан юз йилча олдин
Мунавварқорининг егандир бошин...
Не дилбар зот эди Қодирий ҳазрат!
Отабеги ўққа учганми ё йўқ?
Ҳазрат юрагида орзулар қат-қат,
Шуларнинг ёнида қолгандир шу ўқ.
Қумри "ҳуғу"лаган салқин куз шоми
Қарсиллаган садо ойни титратди.
На "бисмилло"си бор ва на-да "омин"...
Шайтон шаҳид қилди домла Фитратни.
Ташқари чиқаман. Осмон тубидан
Мўлжал олиб учар юлдуз мисли чўғ.
Малъун оқшоммиди, мудҳиш субҳидам,
Чўлпон жигарини тешгандир шу ўқ.
Далилий ашё бу, рақамланган, рост,
Кўриб-кўрмай ўтар сиполар, шўхлар.
Оёқлар остида писмиқ, беовоз
Сизни кузатади зериккан ўқлар.
Шу ўқ атрофидан кетолмай қолдим...
Юз йилки, учишга шайланади Ер.
Лекин иложи йўқ, бошин эгиб жим
Шу ўқ атрофида айланади Ер.
✍️ Иқбол МИРЗО
2024
📱 Telegram | 🌐 Instagram | 🎞 YouTube